“Бой ота” деган атамага кўп дуч келганмиз, аммо Сирдарёнинг Сайҳунобод туманидаги  “Синтоп” маҳалласида бир  “Бой она”  бор эканлар.

— Олти қизнинг каттаси, сингилга бой эдим. Икки укам ҳам бор эди, — дейдилар Иззатой она. — Олти ўғилли, олти қизли  оилага тўнғич келин бўлиб тушдиму олти овсиннинг каттаси, олти  қайнисингилнинг келинойиси бўлиб яна бойидим. Ўша 18 ёшимдаёқ ўзимнинг “бой она” бўлганимни сезганман. Мана, олтмиш йилдирки, “бой она”ман.

— 18 ёшдан бу сизга осон бўлмагандир?! — сўрайман онахондан.

— Рост гап, анча қийналганман. У пайтлар ҳозиргидай шароит қайда?!  Ахир, дастурхонимизга 15-16 коса овқат келади. Тонгда туриб нон ёпсак,  бир тандир нон бир кунга етади. Кир ювиш машинаси бормиди унда, қозонни ўчоққа осиб, сув иситардигу қўлда кир ювардик. Аммо қайнонам Сарагул она сабр билан ҳамма нарсани ўргатганлар. Қайинсингилларим кичик ёрдамчиларим бўлган. Муҳими, оиламизда бахт бор эди.

Оиладаги ўша бахт Иззатой она ва Сойибназар  отани  орадан 60 йил ўтса-да, ҳамон ташлаб кетмаган. Бу орада қўшни Тожикистоннинг Хўжанд  шаҳридаги мусиқа мактаби ўзбек чолғу созлари бўлимини тамомлаб, Нов туман театрида  бироз ишлаб қайтган  Сойибназар Сайҳунобод туманидаги “Малик” совхози мусиқа мактабида  ўзбек чолғулари бўлимини ташкил қилди. Ўзи яхши кўрган санъат йўлини умрбодликка танлади.

— Илк қўшиғимни  онам ўргатганлар. Ўшанда бор-йўғи  иккинчи синфда ўқиётган бола эканман, — дея эслайди отахон. — Санъат меҳри томирингда айланади, деганлари рост экан. Ғижжак чалганимда дунёни унутардим. Роҳат қилардим. Ансамбль тузгим келди, аммо ўша даврларда  бу соҳага элда унчаям хайриҳоҳлик бўлмагани боис, ўзимнинг уч синглим —  Фотима, Зуҳра, Зулайҳо, икки укам — Абдуназар ва Комилжонлар билан иш бошладим. Вилоят ё туман эмас, бор-йўғи колхозда ташкил қилинган  “Садбарг” ансамблимиз ҳеч қанча ўтмай, анча машхур бўлиб кетди. Ёш ҳаваскорлар дастаси сифатида республикамизнинг аксарият  вилоятларида, туман ва шаҳарларда концертлар бердик. Болгария ва Чехословакиядан  лауреатлик дипломларини олиб келдим.

Сойибназар Соҳибов ташкил қилган “Садбарг”нинг истеъдодли ёшлари кўпайиб, 1977 йилда Назира  Мамадалиева деган қиз “Куйланг, ёш хонандалар” республика танлови ғолиби ҳам бўлди. Кейинроқ Сойибназар Соҳибов ўз ташкилотчилиги билан  драматик асарларни ҳам саҳнага олиб чиқа бошади. “Заҳарли ҳаёт” спектакли намойиши учун “Ўзбек халқ театри” деган шарафли номга эга бўлди.

Оилада эса “бой она” — Иззатойхоним уларни қўллаб-қувватлаб турди. Сойибназар отанинг айтишича, Иззатой она унинг “юрагини тушунган аёл” бўла олди. Уч қизи, икки ўғлининг тарбиясида ҳамиша отасини ибрат қилиб кўрсатди. Уч қизига уй юмушларини қандай бажариш, пазандалик, тикувчиликдан бохабар бўлиш, икки  ўғлига эса илм ва ҳунарли бўлишни уқтирди.  “Сиз яхши фарзанд  бўлмасангиз, отангизнинг обрўсига путур етади”, деган гапни кўп  айтарди. Отанинг ишдан келиши уйда байрамдек кутиб олинарди. Бугун бу оиланинг беш фарзанди,  куёв-келинлари, невара- эваралари  “Юртнинг яхши фарзандлари”  деган номга сазовор бўлиб улгурган.

Сойибназар Соҳибов нафақага чиққандан бери ҳам уйда ўтиргани йўқ. Уч  йил маҳалла раиси бўлди, яхши ташкилотчи сифатида маҳалла аҳли икки сайловда ҳам ўзини сайлади.  Шу кунда эса  маҳалланинг энг фаол нуронийлар маслахатчиларидан бирига айланган.  Ёш оилаларни аҳилликка чорлаб, уларнинг муаммоларини ҳал этишда  тажрибали кўмакчи бўлиб  турибди. Бахт топиш ва бой яшашнинг сирлари тотувликда, сабру қаноатда, ҳалол меҳнатда,  деб кўп айтади отахон. Ёшларга бугунги фаровон кунлар қадрига етиш оилаларни асраб қолишдан бошланади деб уқтиради.

— Иззатой онангиздан  бир умр рози бўлиб яшаяпман, — дейди Сойибназар ота. — 6 нафар синглим, уч нафар қизимнинг ўз оиласида бахт топиши шу “бой она”нинг оқилалиги  шарофатидан.   Олти синглим  ҳозиргача келинойисидан миннатдор бўлади. Беш укамнинг аёллари — “бой она”нинг овсинлари ҳам унинг изидан кетишди. Қисқаси, бизда ҳамма бахтли, Худога шукр! Бу бахт осмондан тушгани йўқ, албатта. Уни, аввало, Яратганнинг марҳамати билан  ўз меҳр-муҳаббатимиз, ақл-идрокимиз эвазига бунёд этдик.

Шу кунда Сойибназар ота ва Иззатой оналар икки ўғли, икки келини,  уларга қўшимча яна икки набира, икки набира келин парвариши ила  бирга яшашади. Ўзларининг айтишича, 77 ёшга етган бу икки қўша қариган нуроний,  роҳат-фароғатда яшашмоқда. Эрта тонгдан ҳовлиларига сув сепилиб, супурилгач, кўрпачалар солиниб дастурхон  ёзилади, томорқадаги мева-чева узилиб, дастурхонга қўйилади. Келинчаклар ширин таомлар билан нонушта тайёрлайди ва уйнинг улуғларига салом беришади. Бундай манзарадан роҳатланган “Бой ота ва бой она” ўзларини қўша қариш саодатига етган чинакам бахтлилардан санайдилар.

Яқинда бу файзли ҳовлида  “Нуроний” жамғармаси Сайҳунобод тумани  бўлими раҳбари Бахтиёржон Маматқулов, “Синтоп” МФЙ раиси Аъзам Жўраев, фаол нуронийлар —  Рустам Раҳимов, Додахон  Азизовлар ташаббуси билан катта тадбир бўлиб ўтди. Меҳмон дегани ёғилиб кетди. Ахир, қариндошларнинг ўзи икки юз нафардан кўп бўлса,  яна унга дўсту ёронлар, ёшлар, қўшилса, тележурналистлар, мухбирлар ҳам келишса,  шундай бўлади-да.

Тадбирда ёши улуғларга ўзгача эҳтиром кўрсатилди.

Отахонни 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби бўлгани билан табрикладилар. Икки нуронийни тўрга ўтқазиб гуллар, совғалар бердилар. Сайҳунободлик ушбу пири бадавлатларнинг юз-кўзларига боқар эканмиз, уларда бахту саодат, шукроналик ва мамнуниятнинг ёрқин аксини кўрамиз. Илоҳим, барчага мана шундай бахт насиб этсин!

Замира РЎЗИЕВА,

“Нуроний”  мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan