Шаҳар ўзининг кўп йиллик тарихи, бой маданий мероси ва санъати билан дунё цивилизацияси ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшиб келаётган Шарқ гавҳаридир. Азалдан Буюк Ипак йўлининг энг муҳим ва гавжум нуқталаридан бири бўлиб келган, асрлар давомида карвонлар кесишган, савдо ва маданият гуллаб-яшнаган бу замин бугунги кунда ҳам дунё аҳлини ўзига оҳанрабодек тортишда давом этмоқда.

Қадимий Ичан-Қалъа кўчаларида тарихий улуғворлик ва бугунги куннинг шиддатли нафаси бир-бири билан уйғунлашиб, замонавий инфратузилма лойиҳалари ҳамда туризм ва хизматлар соҳасидаги изчил ислоҳотлар қадимий шаҳарнинг мутлақо янги қиёфасини яратди. Бу ўзгаришлар тарихий обидаларга шунчаки ўтмиш ёдгорлиги сифатида эмас, балки келажак авлодлар  учун хизмат қиладиган тирик манба сифатида қаралаётганидан далолат.

Хива жаҳон туризм саноатида ўзининг мутлақо инновацион лойиҳаси билан тарихга кирмоқда. Ичан-Қалъа дунёдаги биринчи ягона иммерсив “ақлли” шаҳар-музейга айлантирилмоқда. Сайёҳлар учун рақамли навигация, интерактив экскурсиялар ва замонавий ахборот хизматлари жорий этилиб, бутун Ичан-Қалъа том маънода жонли ва интерактив маданий муҳитга айланади.

Биз, нуронийлар, шаҳримиздаги ўзгаришларга йиллар давомида гувоҳ бўлиб келяпмиз. Айниқса, кейинги йилларда Хиванинг нафақат тарихий қиёфаси, балки замонавий инфратузилмаси ҳам тубдан янгиланаётганини кўриб турибмиз. Бу ўзгаришлар сайёҳлар учунгина эмас, аввало, Хива аҳолиси учун ҳам янги имкониятлар яратаётгани билан аҳамиятлидир.

Жорий йил 17 август куни Президентимиз Хивада йирик тадбирлар ўтказилиши учун қад ростлаган янги инфратузилмалар билан танишиб, 90 ёшга яқинлашган нуроний отахонларимиз Атаназар Пирназаров ва Шавкат Жуманиёзовлар билан дилдан сухбатлашди. Шунингдек, шаҳарда янги халқаро туристик шаҳарча барпо этиш лойиҳаси тақдим этилди. Сўнгги тўққиз йилда Хоразмда 280 та меҳмонхона ва меҳмон уйлари барпо этилди, меҳмонхона фонди тўрт баробар ошиб, ўн минг ўринга етказилди.

Менимча, бу жараённинг энг муҳим жиҳати — Хиванинг тарихий мероси замонавий имкониятлар билан уйғунлашаётганидадир. Туризм ривожланса, бу — ҳунармандчилик, савдо, хизмат кўрсатиш ва оилавий тадбиркорлик учун ҳам янги имконият дегани. Демак, бугунги бунёдкорлик ишларининг самараси эртанги авлод ҳаётида янада яққол намоён бўлади.

Туризм инфратузилмасини  ривожлантириш  мақсадида “Фаровон-Хива” 5 юлдузли замонавий меҳмонхона миллий меъморий услуб ва замонавий хизмат кўрсатиш стандартлари доирасида қуриб битказилиб, 106 та турли тоифадаги хоналар меҳмонлар учун барча зарур қулайликлар билан жиҳозланган. Меҳмонхонада 3 та ресторан ва бар, ёпиқ бассейн, фитнес маркази, банкет зали, конференция зали ва учрашув  хоналари фаолият кўрсатади.

Кейинги ўн йилда шаҳримизда ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида беқиёс янгиланишлар, ўзгаришлар, шунингдек, яратувчанлик ғояларининг амалга татбиқ этилаётгани юртдошларимизни бениҳоя қувонтирмоқда. Айниқса, 2025 йил хиваликлар учун улкан қувончларга бой йил бўлди. Чунки Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Хива шаҳрида туризм йўналишидаги энг йирик лойиҳа “Ғовук” кўли атрофида 1,2 триллион сўм инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига 26 гектар майдонда 200 дан ортиқ туризм объектларини ўз ичига олган, ўзида тарих ва замонавийликни мужассам этган “Арда Хива” йирик туристик мажмуаси барпо қилинди.

Мажмуада 17 та меҳмонхона ва меҳмон уйлари, 9 та ресторан, ҳар бири кунига 2 минг сайёҳга хизмат қиладиган очиқ ва ёпиқ аквапарклар, 3 минг ўринли амфитеатр, 5 та кино ва концерт зали, кўргазмалар павильони, 70 та дўкон, 300 та савдо растаси, 11 та ҳунармандлар уйи, шарқ бозори ва заргарлик маркази, мусиқали фавворалар, болалар ўйингоҳлари, соҳил бўйи йўлаклари,  бир қанча хордиқ чиқариш учун масканлар барпо этилди. “Арда Хива” Халқаро туризм марказининг тантанали очилиш маросимида Президентимиз сўзлаган нутқида “Бундай ишлар ҳисобидан вилоятга туристлар оқими қўшимча равишда 1 миллион нафарга ошади, хизматлар 1,2 триллион сўмга қўпаяди, камида 2 мингта иш ўрни яратилади. Ишончим комил,  “Арда Хива” Хоразмдаги туризм ривожида янги саҳифа очади, вилоятнинг иккинчи “ташриф қоғози”га айланади. Ушбу бетакрор маскан Хоразмга, бутун халқимизга муборак бўлсин”, дея  алоҳида қайд этдилар.

Кейинги йилларда Хива шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган халқчил ислоҳотлар ҳаётимизда ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Биз, нуронийлар, бу янгиланишларни нафақат кузатиб, балки уларни кенг жамоатчиликка етказишга ҳам ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз.

Хусусан, нуронийлар оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизда, жумладан, Хива ва Хоразмда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида муносабат билдирмоқда. Уларда халқимиз ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар, шаҳримизнинг ободонлашиб, замонавий қиёфа касб этаётгани, туризм, тадбиркорлик, транспорт ва ижтимоий соҳалардаги янгиланишлар ҳақида фикр-мулоҳазалар қайд этилмоқда.

Айниқса, маҳаллаларда ўтказилаётган “Уч авлод учрашуви”, “Қўша қариш саодати”, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” каби қатор тадбирларда бугунги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга, умуман, кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Энг муҳими, мазкур саъй-ҳаракатлар орқали авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқлик мустаҳкамланиб, ёшларда Ватан тақдирига дахлдорлик, юрт тараққиётига ишонч ва шукроналик туйғулари янада кучаймоқда.

Қурбонбой ХОЛИҚОВ,

“Нуроний” жамғармаси Хива шаҳар бўлими раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan