— дейди япониялик тиба мари хоним
Кунчиқар мамлакат халқининг интизоми, соғлом турмуш тарзи, шу жумладан, узоқ умр кўриш борасидаги пешқадамлиги дунё аҳлини ҳайратга солиб келади. Денгиз бўйи, қулай инфратузилма, яшаш ва фаолият билан боғлиқ ўзига хосликлар уларнинг кундалик ҳаёт тарзига сингиб кетган, таъбир жоиз бўлса. Маълумотларга кўра, Японияда 100 ёшдан ошган фуқаролар сони 90 мингдан ортиқни ташкил этади. Хўш, бу феноменнинг асл сири нимада? Бу шунчаки генга боғлиқми ёки давлат ва жамият яратиб берган муҳит натижасими? Биз бу борада япон тили ва маданияти мутахассиси Тиба Мари хоним билан эксклюзив интервью уюштирдик.
— Мари хоним, айтинг-чи, Японияда кекса авлод вакилларига муносабат ва давлат томонидан кўрсатиладиган ғамхўрлик қандай йўлга қўйилган?
— Бизда ёши улуғ инсонларга ҳурмат ва ғамхўрлик кўрсатиш халқимиз менталитети ва миллий қадриятларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Кексаларимизни жамият ва оила ҳаётига фаол жалб этиш, уларни руҳан ва жисмонан қўллаб-қувватлаш одатий ҳол. Бундан ташқари, давлатимиз томонидан нуронийлар учун кўплаб имтиёзлар ва ижтимоий дастурлар мавжуд. Масалан, Токио шаҳрида 70 ёшдан ошган фуқароларга жамоат транспортида текин ва имтиёзли юриш учун махсус карталар берилади.
Шаҳарлардаги ижтимоий муассасалар эса кексаларнинг доим янги билимларни эгаллашлари, тил ўрганишлари ёки ҳунар эгаллашлари учун арзон ва қулай шароитларни яратиб беради.
— Жамиятда ёлғизлик муаммоси кексалар учун жуда оғир таъсир қилади. Японияда нуронийларнинг ёлғизланиб қолмаслиги ва фаол ҳаёт кечириши учун қандай механизмлар ишлайди?
— Ҳар бир ҳудудда (маҳаллий провинцияларда) махсус ижтимоий марказлар фаолият юритади. У ерда ёши улуғ инсонлар мунтазам йиғилиб, енгил спорт турлари билан шуғулланишади, турли тўгаракларда қатнашади ва гуруҳ бўлиб вақт ўтказишади. Бундан ташқари, ижтимоий хизмат ходимлари ва волонтёрлар ёлғиз яшайдиган нуронийларнинг ҳолидан хабар олиб, улар билан мулоқотда бўлиб туришади.
Энг оммавий ва эътиборли анъаналаримиздан бири — эрталабки жамоавий гимнастикадир. Ҳар куни барвақт маҳаллий боғ ва майдонларда кексалар, ёшлар, ҳатто уй ҳайвонларини сайр қилдираётган аҳоли радио орқали бериладиган мусиқа остида тўпланиб, биргаликда бадантарбия машқларини бажаришади. Бу нафақат жисмоний соғломликни сақлайди, балки кишиларга кун бўйи кўтаринки кайфият бағишлайди, ижтимоий бирликни таъминлайди.
— Япониялик нуронийларнинг дунёни ҳайратга солаётган узоқ умр кўриш сирини нималарда кўрасиз?
— Менинг фикримча, энг муҳим руҳий омил — ҳаракатдан, изланишдан ва фойдали меҳнатдан тўхтамасликдир. Нафақага чиққандан сўнг ҳам волонтёрлик билан шуғулланиш, ёшларга ва жамиятга таълим бериш ёки муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш жуда муҳим. Инсон кимгадир нафи тегаётганини ва жамият учун кераклигини ҳис этса, бу унга руҳий қувват беради ҳамда умрини узайтиради. Иккинчи муҳим омил — кундалик овқатланиш маданияти ва таомлар таркиби. Овқат тайёрлашда деярли ёғ ишлатмаймиз. Рационимизда ферментланган (мисо, натто каби ачитқили) фойдали маҳсулотлар ва албатта, янги ушланган балиқ ҳамда денгиз маҳсулотлари асосий ўринни эгаллайди.
— Биламизки, шарқона ва айниқса, ўзбек оилаларида уч авлод бир уйда яшайдилар. Японияда эса ёшлар кўпинча алоҳида яшашни афзал кўришади. Бунинг сабаби нимада?
— Бу ерда бир нечта табиий ва маиший омиллар бор. Биринчидан, Японияда хонадонлар ва уй майдони кичик. Иккинчидан, иккала авлод — ёшлар ҳам, кексалар ҳам кундалик турмушда бир-бирлари билан ортиқча ҳурмат ва чекланган қоидаларни сақлаш заруратини исташмайди ва бир-бирларини безовта қилмасликни маъқул кўришади. Алоҳида яшаш меҳр-оқибат йўқлигини англатмайди — нуронийларимизнинг ўз дўстлари, қизиқишлари ва мулоқот доираси жуда кенг.
— Юртимиз — Ўзбекистонга қилган саёҳатингиз ва Тошкентдаги фаолиятингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Таассуротларингиз қандай?
— Ўзбекистон — жуда гўзал, хавфсиз мамлакат экан. Маҳаллий аҳоли жуда меҳмондўст, иссиқ чеҳрали ва оқибатли. Мен япон ва ўзбек халқларининг самимият ҳамда ўзаро ҳурмат борасидаги ўхшашликларини ҳис қилдим. Яқинда дугоналарим билан бирга Тошкентда миллий маданиятимизни намойиш этдик. Тадбир доирасида ўзбек томошабинларига икэбана (гул тузиш санъати), кимоно кийиш, фуросики (матодан тугунчалар тугиш) ва юдзэн — матога қўлда сурат солиш санъатларини кўрсатиб бердик. Бундай маданий ва маърифий мулоқотлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашига ишонаман.
— Японияга саёҳат қилишни ва ажойиб табиатингизни кўришни истаган юртдошларимизга қайси масканларни тавсия этасиз?
— Японияга келсангиз, албатта, Нати (Nachi) шаршарасини кўришингиз ва Токиодаги бетакрор музей ҳамда ибодатхоналарга саёҳат қилишингизни тавсия қиламан. Агар гўзал тоғлар ва денгиз қизиқтирса, тарихий Камакура ва хусусан, Окинава ороли айни муддао. Окинаванинг денгизи, мовий соҳиллари ва бетакрор табиати ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
— Суҳбат учун раҳмат. Сизни яна Ўзбекистонда кутиб қоламиз.
Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ
суҳбатлашди.