Бугунги кунда мамлакатимизнинг марказий нашрларида чоп этилаётган мақолалар шунчаки ўқилмайди. Улар инсонни ўтмиш билан юзлаштиради, кечаги ва бугунги кун орасидаги улкан фарқ ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилади. Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Халқ сўзи” газетасининг 2026 йил 21 май, 102-сонида чоп этилган “Миллат Шавкати” сарлавҳали мақоласини ўқир эканман, айни шу туйғуларни қалбан ҳис этдим. “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган ушбу мақолани ўқишни барча фахрийларимизга тавсия қилган бўлардим.

Муаллиф Самарқанд мисолида бир даврнинг оғир манзарасини тасвирлар экан, ўқувчи гап фақат битта ҳудуд ёки маълум йиллар ҳақида кетмаётганлигини англайди. Бу — бутун мамлакатнинг кечаги ҳаёти, одамларнинг кайфияти, давлат ва халқ муносабатларидаги узилишлар ҳақидаги аччиқ ҳақиқатлар эди. Энг муҳими, мақолада бу муаммолар қуруқ танқид билан эмас, амалий ечимлар ва қатъий ирода мисолида очиб берилгани эътиборни тортади.

Мазкур мақолада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятида ишлаган кезларидаги фаолияти ҳақида кўп гапирилган. Мақолани ўқир экансиз, бугунги “Янги Ўзбекистон” ислоҳотлари қаердан бошланганини яна бир бор теранроқ ҳис қиласиз. Айниқса, ҳудудга келган раҳбарнинг ишни кабинетдан эмас, кўча ва маҳаллаларни пиёда айланишдан бошлагани катта маъно англатади. Чунки халқнинг ҳақиқий дарди ҳеч қачон қоғозда тўлиқ кўринмайди. Уни одамлар орасига кирган, уларнинг турмушини ўз кўзи билан кўрган раҳбаргина англай олади.

Мақолада Самарқанддаги ўша даврлардаги оғир экологик ҳолат, чиқиндилар босиб кетган маҳаллалар, сув танқислиги, таълим муассасаларининг ачинарли аҳволи ҳақидаги лавҳалар инсонни бефарқ қолдирмайди. Бироқ менга энг кучли таъсир қилган жиҳат — ҳар бир муаммонинг ортида инсон тақдири турганига урғу берилганидир. Масалан, паспортсиз яшаган юртдошларимизга қонуний ҳуқуқ берилиши, чекка маҳаллалардаги болаларнинг мактабга жалб қилиниши, сувсиз қишлоқларга обиҳаёт етиб бориши — буларнинг барчаси оддий статистика эмас, балки одамлар ҳаётидаги бурилиш нуқталари эди.

Бугун бу каби ўзгаришларни Сурхондарё мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Кейинги йилларда вилоятда йўл, ичимлик суви, электр таъминоти, таълим ва тиббиёт соҳаларида амалга оширилган ишлар одамларнинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Илгари чекка ҳудуд сифатида қаралган қишлоқларда янги мактаблар, боғчалар, оилавий поликлиникалар барпо этилгани, тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратилаётгани аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаяпти.

“Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали аҳолининг муаммосини жойида ҳал қилиш амалиёти Сурхондарёда ҳам ўз самарасини бермоқда. Илгари одамлар ойлаб идорама-идора сарсон бўлган масалалар бугун маҳалланинг ўзида ҳал этилаётгани, эҳтиёжманд оилалар, ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш тизими кучайгани “Давлат — инсон учун” деган тамойил ҳаётда тобора чуқур қарор топаётганини кўрсатади.

Мақоладаги “Давлат — халқ учун” деган тамойил айнан ўша давр бошқарувининг асосий мезонига айлангани ҳақидаги мулоҳаза менга айниқса, қаттиқ таъсир қилди. Чунки бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳам шу ғоя билан чамбарчас боғлиқ. Ҳозир жойларда “маҳаллабай” ишлаш тизими, секторлар фаолияти, аҳоли мурожаатлари билан манзилли ишлаш усули самара бераётган бўлса, унинг илдизлари анча олдин шаклланганини кўриш мумкин.

Мен иқтисодий ислоҳотлар билан бевосита ишлайдиган инсон сифатида мақоладаги айрим иқтисодий таҳлилларга ҳам алоҳида эътибор қаратдим. Вилоят иқтисодиётидаги таназзул, тадбиркорликка ишонч пасайган муҳитни қисқа вақтда ўзгартириш осон эмас эди. Лекин муаллиф қайд этганидек, ерга муносабатни ўзгартириш, ҳудудларни ихтисослаштириш, деҳқон ва мутахассисларнинг фикрига таяниш орқали натижага эришилган. Бу тажриба ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Чунки ҳар қандай иқтисодий ўсишнинг ортида, аввало, инсоннинг меҳнатга ва эртанги кунга бўлган ишончи туради.

Сурхондарёда ҳам кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва инвестицияларни жалб қилиш борасида сезиларли натижалар кузатилмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, туризм салоҳиятини ишга солиш орқали ҳудуд иқтисодиётида янги ўсиш нуқталари шаклланяпти. Бу жараёнлар аҳолининг даромади ва турмуш фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатаётгани билан аҳамиятлидир.

Таълим соҳаси ҳақидаги лавҳаларни ўқиб эса, беихтиёр бир ҳақиқатни ўйлайсиз: миллат келажагини ўйлаган раҳбар, аввало, мактабга қарайди. Ўша даврда Пастдарғомдаги ачинарли аҳволдаги мактабни қисқа фурсатда замонавий таълим масканига айлантириш, янги мактаблар қуриш, спорт иншоотлари барпо этиш — буларнинг барчаси келажак учун қилинган сармоя эди. Бугун юртимизда таълимга қаратилаётган улкан эътиборнинг маънавий асослари ҳам ана шу қарашларда мужассам.

“Миллат Шавкати” мақоласи бир шахс фаолияти ҳақидаги хотиралар йиғиндиси эмас, балки унда бутун бир давр руҳияти, халқнинг оғриғи, жамиятнинг изланишлари ва энг муҳими, ўзгаришларга бўлган эҳтиёж акс этган. Муаллифнинг ютуғи шундаки, у бу ҳақда баландпарвоз шиорлар билан эмас, ҳаётий мисоллар ва самимий кузатишлар орқали гапиради. Шунинг учун мақола ўқувчини зериктирмайди, аксинча, уни ўйлашга, кеча ва бугунни қиёслашга ундайди.

Бугун биз Янги Ўзбекистон ҳақида катта ишонч билан гапиряпмиз. Ана шу ишончнинг замирида эса йиллар давомида тўпланган тажриба, ирода ва халқ дардини ҳис қилишдек катта фазилат мужассам. Қудратилла Рафиқовнинг мазкур мақоласи айни ҳақиқатни таъсирчан ва публицистик руҳда очиб бера олгани билан аҳамиятлидир.

Иброҳим ЁҚУБОВ,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan