Таниқли журналист Қаюм Раҳимов шахсига чизгилар

Бугун Қашқадарё журналистика мактабининг етук вакилларидан бири, юзлаб қаламкашларга устозлик қилган таниқли шоир, сермаҳсул публицист, меҳнат фахрийси ва «Шуҳрат» медали соҳиби Қаюм Раҳимов муборак 80 ёшни қарши олмоқда.

Қаюм Раҳимов меҳнат фаолиятини 1969 йилда Қарши педагогика билим юртида (техникумида) рус тили фани ўқитувчиси сифатида бошлади. Ёшларга билим бериш жараёнида унинг китобга, адабиётга ва сеҳрли сўз санъатига бўлган меҳри янада мустаҳкамланди.

Орадан уч йил ўтиб, у ҳаётини бутунлай журналистика билан боғлади. 1972 йили «Қашқадарё ҳақиқати» газетаси таҳририятига адабий ходим бўлиб келган ёш ижодкорнинг кейинги тақдири айнан шу қутлуғ даргоҳ билан чамбарчас боғланиб кетди.

Изланувчанлиги, меҳнатсеварлиги ва юксак таҳрирчилик қобилияти туфайли у қисқа фурсатда бўлим мудири, кейинчалик эса масъул котиб лавозимларига кўтарилди.

1996 йилдан 2006 йилгача «Қашқадарё» газетасида аввал масъул котиб, сўнгра бош муҳаррир ўринбосари сифатида фаолият юритиб, ўзининг бой тажрибасини ёш авлодга улашди.

Қаюм Раҳимов нафақат тажрибали журналист, балки элга манзур бўлган «Шаҳидлар фарёди тинган кун», «Мурувват илдизи» номли очерклар ҳамда «Довуллардан ўтиб келдим», «Сен ва мен: муҳаббатнома» шеърий тўпламларининг ҳам муаллифидир.

— Қаюм Раҳимов таҳририятга ёш, истеъдодли шоир сифатида кириб келган эди, — дея хотирлайди фахрий журналист Бўри Норқобилов. — Жуда чиройли шеърлар ёзарди. Таҳририят «қозони»да қайнаб, етук журналист бўлиб етишди. Айниқса, унинг қаламига мансуб мақола ва очерклар кўпчиликнинг эътиборини тортарди.

Мустақилликкача бўлган даврда Шаҳрисабз туманидаги машҳур колхозлардан бирини қаттиқ танқид остига олганди. Доимо мақтаниб юрадиган раис мақоладан ғазабланиб, юқори идораларга роса шикоят қилди.

Бироқ кўзбўямачиликлар фош этилган ҳар бир сатр шу қадар асосли эдики, вилоят партия комитетида бўлиб ўтган муҳокамадан ёруғ юз билан эсон-омон чиққанмиз.

Айниқса, Қаюм Раҳимовнинг «Ўзбек ўз юртида бек бўлсин» сарлавҳали суҳбати жуда катта шов-шувга сабаб бўлган. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Бекмуродов билан уюштирилган ушбу суҳбатда мустақиллик остонасидаги энг долзарб ва оғриқли масалалар очиқ-ойдин тилга олинганди.

Ўша пайтда ҳали мустақиллик ғояларини ҳазм қила олмаган айрим кимсалар суҳбат муаллифини миллатчиликда айблашган, бу тортишувлар ҳатто республика раҳбарияти даражасида муҳокама қилинишига сабаб бўлган эди.

Аслида эса, суҳбатдош юрт истиқлоли билан боғлиқ энг дадил фикрларни ўртага ташлаган, журналист эса унинг қалби тўридаги асрорини очишга, руҳлантиришга эришган эди. Бундай дадил мулоқотлар у пайтда нафақат вилоят, балки республика матбуотида ҳам камёб ҳодиса эди.

Мазкур шов-шувли мақола Қаюм Раҳимовни бутун мамлакатга танитди, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг эса республика миқёсидаги юқори лавозимга кўтарилишига хизмат қилди.

Қаюм ака ўша даврнинг қаҳрамонлари ҳақида бир қатор мазмунли очерклар ёзиб, ўзига хос туркум яратди. Унинг бадиий очерклари бугун ҳам севиб ўқиладиган ҳақиқий публицистика намунасидир.

Мен истеъдодли шоир ва журналист дўстимни бугунги кун қаҳрамонлари ҳақида ҳам худди шундай шижоат билан қалам тебратишга даъват этган бўлардим.
1986 йилда мен таҳририятга машинистка бўлиб ишга келганимда Қаюм Раҳимов масъул котиб эди.

Ҳозирги ёшлар тасаввур қилиши қийин, у пайтларда компьютер деган тушунча йўқ эди. Ҳар бир мақола аввал қўлёзма шаклида ёзилар, сўнгра биз уларни ёзув машинкаларида навбат билан териб чиқардик. Агар биттагина хато кетса, бутун варақни бошдан теришга тўғри келарди.

Ҳафтасига беш марта газета чиқариш ҳазилакам иш эмасди. Газета босмахонага кечикмаслиги учун баъзан тун яримигача ишлашга тўғри келарди. Кимдир мухбир тайёрлаган материални шошиб кўтариб келади, кимдир таҳрир қилади, биз эса тинимсиз машинка чиқиллатамиз.

Шу шиддатли ва масъулиятли муҳитда барча жараённи бир ипга тизиб, мувофиқлаштириб турадиган меҳвар Қаюм Раҳимов эди. Қаюм ака қўлида навбатдаги саҳифалар режаси (макети) билан хонама-хона юрарди.

Қайси мақола биринчи терилиши, қайси материал кечиктирилмаслиги, қайси саҳифа тайёр бўлиши кераклигини соат сонияларидек аниқ белгилаб берарди…

— Саксон ёш… Бу рақамни тилга олиш осон. Аммо унинг ортида қанча йўл, қанча одам, қанча изтироб ва қанча қувонч мужассам эканлигини фақат умр карвонини босиб ўтган инсонгина ҳис қилади, — дейди Қаюм Раҳимов. — Мен тақдиримдан миннатдорман. Чунки у мени бойлик ортидан эмас, қалам ортидан эргаштирди. Қалам эса мени халқимга яқин қилди, эл дардини эшитишга, инсон қалбини англашга ўргатди.

Шоҳиста БОЗОРОВА,
журналист.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan