Нью-Йорк метросида фаррош бўлиб ишлайдиган 52 ёшли Элевзина Баба 24 та тилда бемалол гаплашади.

Аввалига бу аёлга деярли ҳеч ким эътибор бермас эди. Кунларнинг бирида керакли йўналишни топа олмаётган бир гуруҳ сайёҳларга у польяк тилида йўл кўрсатади. Сайёҳлар ҳайратда қолади: фаррош аёл польяк тилида гапирадими? Кейин бир гуруҳ хитойликлар келади. У дарҳол хитой тилига ўтади. Сўнг французларга  француз, испанларга  испан тилида гапиради.

Кимдир буни видеога олиб, интернетга жойлайди.  20 йилдан бери метрода фаррош бўлиб ишлаётган камерунлик муҳожир Элевзина Баба машҳур бўлиб кетади.

У қандай қилиб 24 та тилда акцентсиз, эркин гапиришни ўрганган?

— Мен шунчаки тилларни яхши кўраман, — дейди у. — Метрода ишлаганингизда ҳар куни юзлаб тилларни эшитасиз. Мен тинглайман, ёдлаб оламан. Кейин уйга бориб, кутубхонадан олган дарсликлар орқали ўрганаман.

У фаррош бўлиб ишлаш билан бирга, 24 та тилни мустақил равишда  кутубхона китоблари ёрдамида ўрганган.

— Одамлар: “У фаррош экан, демак, ақлли эмас”, деб ўйлашади. Йўқ. Мен ишимни яхши кўраман. Лекин менинг ҳам миям бор ва ундан фойдаланаман.

Элевзина Камерунда мактабни тугатган. Ўқишни давом эттирмоқчи бўлган, аммо маблағи етмаган. 30 ёшида АҚШга кўчиб келган. Инглиз тилини деярли билмас эди. Фаррош бўлиб ишга кирган. Инглиз тилини олти ойда ўрганган. Кейин ҳамкасбларидан испан тилини эшитиб, уни ҳам ўрганган. Сўнг француз, хитой, араб ва бошқа тилларни…

— Инсон билан унинг она тилида гаплашсангиз, юзида нур пайдо бўлади. У ўзини тушунилган ҳис қилади. Бу жуда ёқимли, — дейди у.

Элевзина Бабага турли нуфузли ташкилотлардан иш таклифлари кела бошлайди. Ҳатто БМТда таржимон бўлиб ишлашни ҳам таклиф қилишади. Маоши метродаги ишидан беш баробар юқори эди.

Аммо у рад этади.

— БМТда ишласам, кабинада ўтириб, дипломатларнинг нутқларини таржима қиламан. Бу муҳим, албатта. Лекин зерикарли. Метрода эса  одамлар билан жонли мулоқот қиламан,  уларга бевосита ёрдам бераман. Менга шу ёқади.

Бу кўпчилик тушунмайдиган танлов. Аммо у бахтли. Ишлайди, тилларни ўрганади, сайёҳларга ёрдам беради. Кечқурун уйига қайтиб, навбатдаги тилнинг дарслигини очади.

Ҳозир у венгер тилини ўрганмоқда. Чунки яқинда бир венгер оиласи бекатда адашиб қолган ва у уларга ёрдам бера олмаган.

— Ёрдам бера олмаслик ёқимсиз. Шунинг учун венгер тилини ўрганаман.

Метрода уни ҳамма танийди. Уни “Тиллар хоними” деб аташади. Сайёҳлар ҳатто у билан суратга тушиш учун атайлаб излаб келишади.

Унинг билимини текширган университет лингвисти: “Бу фавқулодда қобилият. Унинг даражаси профессионал таржимонникига тенг. Ва бунинг учун у махсус таълим ҳам олмаган”, дея эътироф этади. Уни TED конференциясида нутқ сўзлашга таклиф қилишади. У саҳнага фаррош кийимида чиқади ва ўз ҳикоясини ҳар икки дақиқада тилни алмаштириб, беш тилда сўзлаб беради.

Зал тик турган ҳолда олқишлайди.

У шундай дейди:

— Таълим фақат университет эмас. Таълим, бу — қизиқувчанлик. Агар сизда қизиқиш бўлса, ҳамма жойда ўрганасиз: кутубхонада, метрода, кўчада. Билим — атрофимизда. Уни олиш керак, холос.

Элевзина Баба  “Пулим йўқ, ўқий олмадим, фаррош бўлиб ишлашга мажбурман”, деб шикоят қилиши ҳам мумкин эди. Аммо бунинг ўрнига 24 та тилни ўрганди. Шунчаки қизиққани учун. Ва бу уни бахтли қилди.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan