(Бу уйда Мукаррама Турғунбоева яшаган эди)
Ҳайрон бўлманг, азиз ўқувчим! Ҳа, кўз олдимда уй йиғлаяпти. Ўксиб-ўксиб, дилдан куйиб, овоз чиқармай йиғлаяпти. Ой эмас, ҳафта эмас, неча йиллар оша йиғлаяпти. Очиғини айтсам, ҳар сафар ёнидан ўтганимда дилим вайрон бўлади. Ўкинаман, эзиламан. Вужудимни надомат қоплайди. Чунки қарагудек бўлсам, ўша “Тановар”, “Роҳат”, “Ларзон”ни кўраман, гўё. Яқинлашсам, рақслар маликасининг йиғи товуши эшитилаётгандай бўлаверади. Кўз ёшлари ўта ачинарли аҳволдаги ташландиқ орасидан милт-милт нурланиб тургандек…
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани, Ниёзбек йўли, 7-тор кўчасидаги 18-уйда бир пайтлар “Баҳор” рақс ансамбли билан ўзбек санъатини дунёга танитган Мукаррама Турғунбоева истиқомат қилган. Мана, қарийб 40 йилдан буён бу хонадон ачинарли аҳволда.
…Мукаррама опа ҳар тарафлама эл-юртнинг меҳрини қозона олган эди. Шунча йиллар ўтган бўлса-да, Опа билан видолашув манзараси ҳамон кўз олдимда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри майдони ҳеч қачон бунчалик тумонатнинг шоҳиди бўлмаган. Севимли раққоса билан видолашгани келганлар кўчаю йўлларни тўлдирган эди. Кекса нуроний отахонлар, юзлари файзга тўла онахонлар кечаси билан йўл юриб, узоқ қишлоқлардан, вилоятлардан келишган. Одамларнинг чеҳраларида сўлғинлик, кўзларида ёш. Улар машҳур санъаткор ҳақида ўз туғишганларидек меҳр билан гапиришарди. Ўз яқинларидан ажралгандек (аслида ҳам шундай) қайғуришарди, санъаткорга, миллий рақсга бўлган меҳр-муҳаббат ифодаси эди бу.
Тўғри, ўша меҳр-муҳаббат ҳамон қалбларда мангу. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 февралдаги “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли ташкил этилгани ихлосмандлар қалбига қайта нур бағишлади.
Ахир, халқимиз маданий мероси, қадриятлари орасида миллий рақс санъатининг алоҳида ўрни бор. Уларда Шарқ аёлининг ҳаёси, ибоси, назокати (афсуски, ушбу хислатлар тобора йўқолиб бормоқда), қалб ҳарорати мужассам. Опа саҳнада ўзининг жозибали ҳаракатлари билан қалбидаги бор ҳароратини томошабинга кўчирар, самимий туйғу уйғотарди, юз ифодасида, ҳаракатларида нафислик бор эди. У яратган “Жонон”, “Роҳат”, “Ларзон”, “Пилла” каби бир қанча рақслар санъат тарихида ўз ўрнига эга.
Энди ўйлаб кўринг, ўзбек миллий рақс санъатини дунёга машҳур қилган рақс маликасининг уй-музейи йўқ, чунки ўша юқорида қайд этилган манзилдаги Опа яшаган уйни Бобур исмли “набира”лари (аслида, у опанинг уйида юмушларига қарашиб юрган ҳамда ансамблда “булбул” бўлиб сайрашни билган Абдулла аканинг ўғли. Асл набиралари — Тельман исмли ўғилларининг фарзандлари чет элга кетган) ўзбошимчалик билан бузиб, ўрнида бошқа икки қаватли уй қура бошлаган. Лекин иморат охирига етказилмай, чала ҳолатда тўхтатилган. Сабаби бизга номаълум.
Қарангки, 30-40 йилдан буён бу қаровсиз чала қурилиш билан туман ҳокимияти ҳам, маҳалла раҳбарлари ҳам, мутасадди ташкилотлар ҳам қизиқмайди. Наҳотки, бу жой рақс маликаси яшаган уй эканини билишмаса?! Наҳотки, “Баҳор” ансамбли ҳамда ўзининг бетакрор рақслари билан турли миллатлар эътирофига сазовор бўлган инсоннинг яшаш хонадони шу алпозда, чала қурилиш ҳолатида тураверса?!
Раққосанинг уй-музейини ташкил қилиш, музейга қўйилиши лозим бўлган буюмларни асраб-авайлаш, сақлаш, келажак авлодларга бус-бутунлигича етказиш керак. Ҳозирги ёш авлоднинг кўпчилиги Мукаррама Турғунбоева ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмас.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳам вақтни бой беряпти, десак хато бўлмас. Ахир, бинони бузиб, уйни асл ҳолатига келтириш қийин бўлса, қурилишни охирига етказиб, музей қилиш мумкин-ку.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўртага ташланган беш тамойил бошқа соҳалар қатори санъатда ҳам катта бурилиш ясади. Янги номлар, ансамбллар, фольклор дасталари ривож топди. Республикамизда ўтказилаётган мақом фестивалининг довруғи оламга ёйилди. Шу жумладан, рақс ансамбллари ҳам хорижга гастролларга бориб, олқишлар билан қайтмоқда.
Санъаткор, аслида, халқ учун яшайди, она халқи учун меҳнат қилади. У ўзини элига, юртига бахшида қилса, эл ҳам уни ардоқлайди. Мукаррама опа чинакам фидойи санъаткорлардан эди. Ҳали Сурхондарё, ҳали Қашқадарё, ҳали Бухорога бориб, одамлар орасида бўлардилар. Кўпроқ кекса отахон-онахонларнинг дуосини олардилар. Камина бир неча бор бунинг шоҳиди бўлганман. Қўқонга борганимда (турмуш ўртоғим қўқонлик эди. Тез-тез бориб турардик), Мукаррама опа тутинган сингиллари Маъсудахон опаникига келдилар. Бирпасда ҳовли шодликка тўлди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, ҳовлидаги сўрида қўни-қўшниларга жой етмай қолди. Ҳайратланганимни сезган Маъсуда опа: “Кўрдингизми, булар опани қанчалик соғинишган?” — дедилар. Опа эса эшикдан кириб келганларнинг ҳаммасини қучоқ очиб, эски қадрдонлардек кўришиб қарши олардилар. Ҳол-аҳвол сўрардилар. Санъат, ҳофизлар ҳақида суҳбат қизиди, йўл таассуротларидан гапиришди. Кейин мухлисларга тўла мўъжаз ҳовлида “Тановар” янгради. Уни қўшни онахон хониш қилдилар. Мукаррама опа эса тавозе билан хиром айладилар. Бундай давралар раққоса ҳаётида кўп ва хўб бўларди.
Шу ўринда ибратли фазилатларидан яна бирини эсламоқчиман. 1966 йил апрель ойининг охири. Хонадонимизда тўй. Турмушга чиқяпман. Келинлик либосида ўтириб, ён-атрофдагиларнинг шивир-шивирини эшитдим: “Мукаррама опа келдилар”. Ҳарир рўмол остидан кўришга уриндим. Рост экан. Дадахон Ҳасанов куйлаяпти, опа рақсга тушдилар. Бир зумда тўй таровати таралди. Бошқа рақс шайдолари ҳам опага эргашишди. Давра авжи қизиган пайтда ер қаттиқ силкинди. Айримлар талвасага тушишди чоғи, лекин опа шу пайт: “Чўчиманглар, менга қаранглар, рақс шодликдир, шодликдан қўрқув қочади!” деганларини аниқ эшитдим. Рўмол остидан яна разм солдим. Опа аввалгидек нафис ва гўзал ҳаракатлар билан ҳаммани ҳайратга соларди. Кейин билсам, Маъсуда опадан эшитиб келган эканлар. Муҳими, хонадонимиз қанақа ва ким эканимизга қизиқмабдилар. Хизмат ҳақини ҳам олмасдан, барчага завқ улашиб кетгандилар. Ўшанда маҳалламиздаги кекса-ю ёш опанинг камтарлигига қойил қолиб, узоқ вақтгача эслашганди. Мукаррама Турғунбоеванинг бу каби бетакрор ва ибратомуз фазилатларининг чек-чегараси йўқ. Қанийди, ўзи яшаган хонадонда санъатимиз маликасининг уй-музейи ташкил қилинса. Бу келажак авлод тарбиясида жуда муҳим ўрин эгаллар эди.
Бизнингча, бу ҳақда, “йиғлаётган уй” ҳақида мутасадди ташкилотлар, раҳбарлар ўйлаб кўришар, деган умиддамиз. Назаримда, эл-юрт ардоғида бўлган, ҳамон мухлислари қалбида ғойибона яшаётган фидойи раққосанинг руҳ-покларини шод этиш — инсонийлик бурчимиз.
Муқаддас АБДУСАМАТОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими,
I даражали Меҳнат фахрийси.