Мамлакатимиз бўйлаб  “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда. Ўзбекистон судьялари ассоциацияси ҳамда Суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази ҳамкорлигида суд тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, одил судловни таъминлаш ҳамда ёш судья кадрларни тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ соҳа фахрийлари “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан мукофотландилар.

Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси ҳамда Суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази тақдимномасига асосан, Судьялар олий кенгаши томонидан Мақсуд Асанов, Латифжон Ахмедов, Асатулла Ҳикматов, Хомиджон Жалилов, Айсара Мусаева ва Камол Убайдуллоевга мукофотлар топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси ва Суд тизими фахрийлари Марказининг ташаббуси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қўллаб-қувватлаши билан мамлакатимизнинг бой тарихи ва бебаҳо цивилизация дурдоналарини ўзида мужассам этган, халқимизнинг маданий меросини чуқур англашга хизмат қиладиган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига саёҳат ташкил этилди.

Мазкур саёҳатдан кўзланган асосий мақсад суд фахрийларини 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида юртимизда амалга оширилган энг йирик маърифий лойиҳалардан бири бўлган ушбу Марказ билан яқиндан таништириш ва уларга халқимизнинг узоқ ўтмиши, бой тарихи ҳамда маданий мероси ҳақида янада кенгроқ маълумот беришдан иборат бўлди.

Тўққиз йил давомида барпо этилган мазкур Марказ давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қурилган бўлиб, у халқимизнинг бой тарихи, маданий-маърифий мероси ва ислом цивилизациясининг инсонпарварлик моҳиятини янада кенг намоён этишга хизмат қилади. Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида жойлашган ушбу мажмуа қисқа вақт ичида нафақат юртимиз аҳолиси, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам тинчлик, эзгулик, илм ва маърифат маскани сифатида эътироф этилди.

Марказга ташриф буюрган суд тизими фахрийлари ҳар бир экспозицияни катта қизиқиш ва диққат билан кузатиб, юртимиз тарихи ва бой маданий мероси ҳақида янада мазмунли маълумотларга эга бўлдилар. Марказ ходимлари томонидан берилган маълумотлар — таркибида 2000 дан ортиқ экспонатга эга музей, кутубхона, нодир қўлёзмалар фонди ва интерактив болалар бўлими фахрийларда катта қизиқиш уйғотди ва улар айрим манбаларни ўз қўллари билан ушлаб кўриш имкониятига эга бўлишди.

Тошкент шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган, уч қаватдан иборат, баландлиги 65 метрли марказий гумбазга эга, ўн гектардан ортиқ ҳудудни эгаллаган ва Темурийлар даври меъморчилиги услубида барпо этилган ушбу мажмуага суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судларни адолат қўрғонига айлантириш йўлида шараф билан меҳнат қилган соҳа фахрийларининг ташриф буюриши уларга кўрсатилаётган юксак эҳтиромнинг ифодаси бўлди.

Фахрийларимиз сенсорли панеллар орқали тарихий объектлар ва манзараларнинг 3D панорамаларини, ҳаракатланувчи экспонатларнинг овозли ва видео намойишларини мароқ билан томоша қилишди. Мезолит даврининг қоятош расмларидан тортиб, бронза даври ёдгорликларигача бўлган ноёб экспонатлар билан танишишди.

У ердаги қадимий сопол ва тош буюмлари, тақинчоқлар, ибодат ашёлари, суғориш тизимлари, Хоразм ва Суғд маданиятлари, Зардуштийлик даври ва Буюк Ипак йўлига оид моддий манбалар фахрийларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, тахминан 800 йил муқаддам ишлатилган муқаддас Каъба эшигининг асл калити, эшик нусхаси ва кисва парчалари барчанинг эътиборини бирдек тортди.

Саёҳат якунида фахрийлар Қуръони карим залида бўлиб, зал марказида жойлашган VII асрга оид халифа Усмон даврида кўчирилган нодир Қуръони карим қўлёзмасини томоша қилиш имкониятига эга бўлишди. Мазкур қўлёзма Ислом маданиятининг энг ноёб ёдгорликларидан бири ҳисобланади.

Саёҳатдан сўнг суд фахрийлари учун маънавий мулоқотларга бой тадбир ташкил этилди. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган ушбу учрашувда фахрийлар бир дастурхон атрофида жам бўлиб, самимий суҳбат қурдилар.

Тадбир давомида Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши мардонавор курашган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган суд тизими вакиллари, шунингдек, соҳада узоқ йиллар самарали фаолият юритган марҳум устозлар хотираси чуқур эҳтиром билан ёдга олинди.

Учрашув давомида фахрийлар ўз хотиралари, ҳаёт йўллари ва касбий фаолиятларига оид ёдида қолган ҳикоялар билан ўртоқлашиб, бугунги авлод учун ибрат бўларли фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Самимий руҳда кечган тадбир барча иштирокчилар қалбида илиқ таассуротлар қолдирди.

Тадбирда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси У.Мингбоев сўзга чиқиб, уруш йилларида қурбон бўлган ота-боболаримизни, истиқлол даврида Ватанимиз мустақиллигини ҳимоя қилиш йўлида жон фидо этган юртдошларимизни хотирлаш, шунингдек, бугун орамизда соғ-саломат умр кечираётган уруш ва меҳнат фахрийларига, айниқса, суд тизимида фаолият юритган устозларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ҳар биримиз учун нафақат инсонийлик бурч, балки муқаддас вазифа эканини алоҳида таъкидлади.

Анжуман нафақат маърифий саёҳат, балки уч авлод учрашуви, устоз ва шогирдлар мулоқоти сифатида юксак баҳоланди. Шу муносабат билан тадбирни ташкил этишда ташаббус кўрсатган Олий суд раҳбарияти ва барча ташкилотчиларга суд фахрийлари самимий миннатдорчилик билдирдилар.

Шерзод ДАМИНОВ,

журналист.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan