Андижон вилояти Хўжаобод туманининг файзли хонадонларидан бири. хонадоннинг пиру бадавлатлари 98 ёшли Абдували бобо ва 88 ёшли мунаввар ая гурунглашиб ўтиришибди…
— Рўмолчага тугиб сақлайдиган пенсия пулингдан анча бор-а?! Ё бирор кам-кўстингга ишлатдингми? — дейди Абдували бобо.
— Нима камим бўларди-я, отаси. Етти фарзандимизнинг бари каму кўстимизни тўлдириб туришса. Ҳайит байрамида совғага келган кийим- кечагу махси-ковушларимни кийиб улгуролмаяпман.
— Яхши. Менинг пенсия пулларим ҳам йиғилиб турибди. Шу пулларимизни жамлаб, кўчамиздаги ариқ атрофини бетонлашни бошлаб берсак, нима дейсан? Ахир, сув нами уйимизга қараб уради. Бундан ташқари, ариқдаги сув тупроққа сингмай тўла оқса, томорқалар ҳам осон суғорилади. Сув исроф бўлмайди.
Хуллас, Абдували ота ва Мунаввар онанинг маслаҳати фарзандларга ҳам, қўни-қўшниларга ҳам маъқул келди. Ёши улуғлар бош маблағи ва оқ фотиҳасини бериб, ишни бошлашди. Абдували бобонинг уч ўғли — Адҳамжон, Ҳасанбой ва Улуғбекжонларга уйидан кетмон, белкурак кўтариб чиққан қўни-қўшнилар ҳам қўшилиб, иш чинакам ҳашарга айланди.
— Бу қишлоқ, бу маҳалланинг бегонаси йўқ, — дейди бобо. — Мен ўттизинчи йиллардаги колхозлаштириш даврида туғилганман. Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам бизнинг одамлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаган. Отам урушга кетган эди. Ундан қора хат келди. Лаънати уруш мени етим, онамни бева қилди. Фронт ортида ҳам ҳаёт енгил эмас эди. Ўлмай яшаш учун нималар қилмадик. Қишлоғимиз атрофидаги тоғ ён бағирларидан тенг-тўшларим билан ўтин териб келиб, анча олис шаҳарга пиёда олиб бориб сотардик. Ҳар ҳолда атала, қўғирмочга ярарди топганимиз. Кейин колхоз чорвасида ишладим. Йилнинг меҳнатсиз фасли йўқ эди бизда. Қахатчилигу қийинчликларнинг барини меҳнат билан енгганмиз.
— Мунаввар она-чи?
— Мунаввар онангиз амакимнинг қизи эди. Минг шукр, амаким урушдан қайтиб келиб, колхознинг қўй-молини боқадиган чўпон бўлди. Мунаввархон болалигини тоғу яйловда ўтказиб, мактабга ҳам боролмаган. Ўн беш ёшигача отасининг ёрдамчиси бўлган. Отамдан кейин оилани бошқариш менинг зиммамда бўлгани учун уйланиш вақтим ҳам кечиккан. Мунаввар онангиз билан оила қурдик. Шундан буён биргамиз.
— Келинлик даврингизда қийналмаганмисиз? — сўраймиз онахондан.
— Қайнонам раҳматли яхши инсон эдилар. Мен келин эмас, ўйин боласи бўлиб юраверганман. Эл қатори ипак қурти боқардик. Ғўза чопиқми, яганами, пахта теришми, кеч кузакда кўсак чувишми, барида қатнашардим. Онам ҳам, қайнонам ҳам ўта меҳнаткаш бўлгани учунми, бизда ҳам шу хислат бор эди. Ўнта фарзанд кўрдим, шундан еттовлон улғайиб, элга қўшилди. Уч нафарини тупроққа қўйиб, ёмон куйганман. Ўнта бўлса, ўрни бошқа дейишади-ку.
— Бугун нуроний ёшимизда элдан, давлатимиз ва ҳукуматимиздан иззат-ҳурмат кўряпмиз, — дейди Абдували бобо. — Байрамларда йўқлашади, учрашувларга чақириб, хотираларимизни сўрашади. “Нуроний” жамғармаси туман бўлими масъуллари саёҳатларга олиб боришади. Сиҳатгоҳларга йўлланма беришади. Шунга яраша биз ҳам куч-қувватимиз етганича, ақлу тажрибамизга суяниб, элга кўмак берай деймиз-да. Қишлоғимиз одамлари жуда аҳил. Ҳар йили экин-тикин олдидан “Дарвеш оши” деган тадбиримиз бор. Ҳалпана қилиб, масаллиқ тўпланади. Дошқозонда ош дамланиб, биргаликда баҳам кўрамиз. Бизга ҳамроҳ қирғиз қўшниларимиз ҳам ўз миллий таомларидан пишириб, даврага келишади. Еб-ичиб, чақчақлашиб, кўклам экинлари учун баракот тилаб, биз, кексалар дуо берамиз, ёшлар далаларда, боғларда иш бошлайдилар. Уруғ қадалади, кўчатлар экилади. Машойихлар яхшиликдан яхши хирмон пайдо бўлади, деб бежиз айтмаганлар, ахир.
Қишлоқда Абдували бобо Маматхалилов, у кишининг дўстлари Маллавой ота Исоқов, Тошбой ота Турдиев каби нуроний ошналари билан давралар ҳамиша файзли. Хўжаободда “Қорабулоқ” маҳалласи каби яна 39 та файзли маҳалла бор. “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Зокиржон Мамадалиев Абдувосит Холматов, Аҳмадулло Розиқов, Ғанижон Ҳасанов каби кенгашнинг фаол аъзолари билан аниқ дастурлар асосида иш олиб боришади. Туман кекса фахрийлари учун “Нуронийлар боғи”, обод гузарлар ва чойхоналар ташкил қилинган. Ўз навбатида, фаол нуронийлар ҳам “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури доирасида махсус реестрга тушган ночор оилаларни оталиққа олиб, уларга кўмак бериб келишмоқда.
Зокиржон Мамадалиев маҳаллаларда истиқомат қилувчи ўн минг нафардан ортиқ фахрий-нуронийнинг қадрдони бўлиб қолган. Улар билан маслаҳатлашиб, тадбирлар ўтказади. “Қўша қариш саодати” йиғинларини уюштиради. Саёҳатларга олиб чиқади. Абдували бобо ҳам ўтган йили қўшни Фарғона вилояти шаҳарларига қилинган саёҳатга дўстлари билан бирга борди. Бир дунё таассуротларини эса фарзанду набиралар, маҳалла ёшлари билан бўлишди.
Отахон “Уч авлод учрашуви” тадбирларига борганда, “Биз олиму алломаси, фозилу фузалоси кўп халқнинг авлодларимиз. Бугун осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч. Бу тинчлик, фаровон давр шукронаси учун ҳам ёшларимизнинг билимли, тарбияли бўлишлари шарт. Шунга ҳаракат қилмасак бўлмайди”, — дея бот-бот такрорлайди.
Отахоннинг тўрт қизи, уч ўғли ҳам ота насиҳати билан илмли, ҳунарли бўлиб етишдилар. Икки нафари ҳамшира, бири муаллим, яна бири зоотехник, икки нафари эса қўли енгил шифокор.
Абдували бобо ва Мунаввархон она энди 28 невара, 47 чеварага ҳам касб-ҳунарли бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш, элга асқотадиган инсон бўлиб улғайиш лозимлигини уқтириб, одамийлик сабоқларини бериб келмоқдалар.
72 йилдан буён бир-бирини тушуниб, иззат-ҳурмат билан қўша қариш саодатига эришган бу икки пиру бадавлат бобо ва буви зурриёдларининг ҳам ўзларидек оқил инсонлар бўлишига шак-шубҳа йўқ, албатта. Ахир, элимизнинг “Олма дарахтидан олма тўкилади” деган нақли бежиз эмас.
Замира РЎЗИЕВА,
“Нуроний” мухбири.