Ҳожи бобо
Отам, яъни Ҳожи бобонинг оталари Отамурод бобо камбағал ўтган экан. Ўғилларини уйли-жойли қилишга ҳам қурби етмаган. Онам — каттагина бой ҳисобланган Жаҳмат бобонинг ёлғиз қизлари. Онамнинг учта эналари бор. Данғиллама иморатлар, томорқа-ю токзорлари кўп экан.
Онам тойлоқдай сағирлари билан оталариникида яшарканлар. Отам ўртага одам қўйиб, мужаррад, яъни уйланмаган эсалар-да, бешик кўрган аёл билан турмуш қуришган экан. Онам ўшанда ўн саккиз ёшда бўлганлар. Замон нотинч. Ёв-ёв, қув-қув деган тало-тўплар вақти.
Онам биринчи турмушларидан қолган молу бисотни сотиб, сутма-сут туғилган болаларининг суягини қотириш учун сарфлаганлар.
Отам, десангиз, жуда ғайратли, жаҳллари тез, шўтқари — ҳазилкаш эканлар. Тўйларга борсалар, қўшиқ айтиб, ҳаммани сел қилиб юборар эканлар.
Отам доим оқ яктакда юрардилар. Этиклари қора амиркони. Ялтиллайди. Онам бетоб бўлиб қолсалар, у киши эркак боши билан ғарса-ғарса хамир қориб, тандир солади. Соқолларини оқ чорсида ўраб олиб, нон ёпади. Нонларки, ҳар бири сандални эгаллайди. Қип-қизил. Қисир-қисир. Бирам ширин. Нон ва сув! Гоҳ-гоҳ бозорчадан оқ лавлаги келтирар эдилар. Оҳ, маза! Лавлагини юпқа қилиб кесиб берадилар. Оғизда мойдай эриб кетади. Баъзан отам ўзлари ҳам бир қозон тўлдириб лавлаги димлайдилар. Қишлоқчани лавлаги ҳиди тутиб кетади. Бир ёнда томорқамиз бор. Буғдой, тариқ, шолғом, сабзи, пиёз ва тамаки экилади. Тамакидан нос қилиб, бозорга олиб чиқадилар. Унча-мунча пул тушаркан-да!
Айтгандай, опаларимни отам бечора қандай қилиб ўқитганларини айтмабман-ку! Бўстон қишлоғида ўрта мактаб очилган йили ўзлари каттакон чорбоққа қоровул бўлиб ишга кирганлар. Ҳар куни эрталаб йўрға эшакни миниб, хуржуннинг икки кўзига икки кап-катта қизларини солиб, Бўстонга борадилар. Нарзи опам ингичка, қораширин, сочлари узунлигидан камзулларининг киссасига солиб оларкан. Ражаб опам эса, ғайратли, шаддод, бироз тўпори экан. Кап-катта қиз бўлишларига қарамай, доимо физкультура формаси кийиб юрарканлар.
Қизлар бўйи етиб, кўзга кўриниб қолгач, эшакни иккита қилиб олишибди. Икки қизнинг бир эшакда Хомработ йўлида кунлари ўтаркан. Эшак ҳам қизиқ экан. Ражаб опам миниб, нўхтасини қўлга олган кун йўрғалаб қоларкан. Нарзи опам олдида ўтирганда эса гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ўзини ташлаб, ариқ бўйидаги кўкатларга интилар, бўлар-бўлмасга ҳанграр, тирхашлик қилиб мисиллагани-мисиллаган экан.
Қизлар мактабни битиргач, отам уларга Карманада очилган ҳисобчилар курсида ўқишга рухсат берибдилар. Отам бечора ҳар душанба ўша кезлари эрталаб поезд билан қизларини Карманага элтиб қўйиб, ўзлари яна уйга қайтаркан. Шанба кунлари яна оворайи жаҳон, уларни олиб келиш учун Карманага борарканлар.
Ҳали айтганимдай, отам Қизил чорбоғда боғбон ва қоровул экан. Боғ ичида райком биноси бор. Отам темир йўл станциясида ишлаб юрган кезлари унча-мунча ўрисчани ўрганган эканлар. Қизил аскарлар келганда, тилмоч ҳам бўлганлар.
Бир куни райком қоровулига топшириқ бўлади: Бухорога Ўзбекистон оқсоқоли Йўлдош Охунбобоев ўртоқ келганмиш! Қайтишда Қизилтепада фаоллар билан гурунг қилиб кетармиш! Малик чўлдан кийик тутиб, совға тайёрлаш керак, дейишибди. Отамга кийик тутиб олиб борасиз, деб тайинлашибди.
Темир йўлда тумонат одам. Оркестрлар гумбурлаган, шиорлар кўтарилган. Поезд пишқириб, оҳиста тўхтайди. Ҳамма Йўлдош Охунбобоев истиқболига ошиқади. Бир чой ичар вақт митинг бўлиб, маросим бажо келтиргач, райкўм бува совғани келтиринглар, дейди. Бир пайт қарашсаки, Ҳожи бобо ўзининг йўрға эшагига хала бериб, ғизиллаб, каттакон кигизни олдига олиб, оғзи қулоғида келяпти. Яна қулинг ўргилсин кигиз бўлди ўзи! Оқсоқолнинг етти пуштигача етади, дермишлар.
Бир пайт райкўм буванинг кўзлари ола-кула, мелиса дегани ҳайрон, йиғилганлар нима гаплигига тушунмай гаранг… Бирдан қаҳ-қаҳа кўтарилибди. Бўлибди ҳангома, бўлибди кулги! Йўлдош ота ҳам кулавериб, кўзидан ёш чиқиб кетибди! Ўша оқсоқолга кигиз кўтариб чиққан Ҳожи бобо, дейишаркан отамнинг номини тилга олишса…
Тақдир деганларидек, бизлар ўн бешта фарзанд эканмиз.
Акам Неъмат Низом 1939 йили япон урушига кетиб, 1941 йили ундан қорахат келган.
Ўғиллари суяги қотмай қизамиқ, чечак, терламадан нобуд бўлаверган. Бештагина қиз омон қолган. Отам бечора ўғиллари турмаганидан аламзада, дардлари ичида. Гоҳи қоп-қоп ун олиб келиб, атрофига бурга дорини сочиб қўярканлар. Ўғил туғилган куни юртга ош бераман дерканлар. Тўйларда оҳанг тортиб, аламангиз билан қўшиқ айтар, тонгда чопонининг барига ош олиб қайтарканлар.
Онам бечора отамнинг кўз ёшларини кўришдан қўрқиб, тандирхонами, шарбатхонами, бирор пана-пастқамда беркиниб турарканлар. Отам барларидан ошнинг ёғи чакиллаб томиб, Ҳў, кали Тош, мана сенга ош! Ҳў, кали Тош, мана сенга ош, деб ҳовлини гир айланарканлар.
Жуда чиройли лаъли чинни товоғимиз бор эди. Лола гуллари товланарди. Ўша товоққа ошни солиб, опаларимни атрофига тўплаб, отам бечора жужуқларининг ош ейишини томоша қиларканлар. Кўзларидан мўлдир-мўлдир ёш тўкиларкан.
Ерга берган ўн боласининг доғи кўкрагини ёндирган отанинг изтиробини ўсмир қизлари тушунганмиди, йўқми? Бу ёғи Яратганга аён.
Шариф бобо
Ҳовлимиз орқасидаги ариқча лимиллаб кўприкни кўтариб оқади. Бўтана сувларда коптокдай лопиллаб қовун косалари қалқиб келади. Қишлоқни хушбўй ҳид тутган: Шариф бобонинг полизида қовун ғарқ пишган. Эртами-индинми бобо қовун узадилар. Сўнг ҳар куни йўрға эшакни йўрттириб, бозор қатнайдилар. Қалами хуржуннинг икки кўзи тўла қовун: амири, бекзоти, анжири, гулоби. Шариф бобо жуда саховатли. Қовун узганда ўз тўпарларидаги қўни-қўшниларга иккитадан қовун чиқарадилар. Ҳар бўрикаллаки, хумдай-хумдай, ҳар амрики, нақ лўлаболишдай келади-ёв!
Қовун тўр боғлаб, дум бериб, амири беқасам йўлларидан кечалари тарсиллаб ёрилиб, димоқни ҳиди қитиқлаган.
Бизникига аслида арава-арава қовун келади, поччамнинг мухлислари кўп. Майдончада қиш бўйи қовунлар сомон устида анқиб ётади. Узумларни майдонча шипларига ипга тизиб илиб қўядилар поччам. Бир шингилини есангиз, ширинлиги томоғингизни қақратиб юборади! Лекин амири, бекзоти бошқа-да! Бир карчини туя қилиб беришса, карсиллатиб ейсиз. Ё бўлмаса икки “қулоғидан” ушлаб, карчнинг ширасини сўрасиз! Ана қовун, мана қовун! Ширасининг ўткирлигидан лабингизнинг икки чети “бичилади”.
Шариф бобомизнинг полизларига ишқибозлар кўп эди. Қовун полиз шундоққина пахта даласига туташ йўл бўйида. Четларида қўриқчилари — эски-туски кийинган “қўғирчоқ”лар. Полиз ўртасидда ёғоч карт. Ёғоч картда бобо ёз кечалари ёнбошлаб, хаёл суриб ухлаб қоладилар.
Қуш-қиё, итлар ҳам мудроққа кетган бир палла. Бир маҳал ғалати ҳуштак овози эшитилди. Бобожон дик этиб ўрнидан турди, оёқ учида юриб, дарвозадан чиқиб кетди. Уйқу элитган онам ҳам сезмади. Усмон, Иброҳим, Қодир ва Бобожон — Магалак тўпининг ботирлари нариги тўпарга қовун полизига жўнадилар.
Чирилдоқлар маст бўлиб сайрайдилар. Қурбақалар ҳовуз бўйларида овозини баралла қўйиб қурилайди. Ариқчада сув шилдирайди. Осмонда ой сутдай ёғду сочади. Тупроқ йўлда тўрт жўра пилдирашиб, полиз рошига етиб келишди. Учовлон палакдан пишган қовун танлайди. Бобожон — қоровул. Шарпа келгудай бўлса, ҳуштак чалади. Кеча сокин. Атрофда тўртовлондан бошқа зоғ йўқ. Палакнинг хуш иси димоқларни қитиқлайди. Сукунатни тирс-тирс этган товуш бузади. Шарбатга тўлган қовунлар ёрилади. Қаттиқ уйқуга кетган Шариф бобо маза қилиб хуррак отади. Шариф бобонинг хурраги тегирмонни юргизади, дердилар.
Тўрт қовунхўр кўйлакларини ечиб, ёқасини бўғиб, ўлжаларини солиб, кўтариб пусибгина қайтишади. Тўпар бошига етгач, бўлиб олишди. Қоровул — Бобожонга иккита амири қовун тегди…
Туш пайти майдончага кирган поччам иккита амири қовунга кўзи тушиб қолди. Суриштир-суриштир бошланиб, қовуннинг эгаси — мулло Бобожон эканлиги аён бўлди. Сўроқ бошланди. У қовоғини уйганча жим турар, сир бой бермасди. Сир очилди. Икки қовунни кўтаришиб, ота-бола Шариф бобоникига жўнашди.
— Хуш кўрдик, хуш кўрдик! Қандай шамол учирди, мулла Умарбой? — деди бобо шоду хандон.
— Қовуннинг шамоли, Шариф бобо! Кечаси икки қовунингиз бизникига сайрга борган экан, ота-бола қулоғидан чўзиб, қайтариб олиб келдик!
Шариф бобо ҳамма гапни тушуниб, шарақлаб кулиб юборди:
— Оббо шоввозлар-ей! Шунча меҳнат қилиб, юрак ютиб олган қовунларни, майли эди, сўйиб берсангиз, мулло Умар! Деҳқоннинг ризқини Худо беради! Овора бўлибсиз-да, ука!
Бобо меҳмонларни сийлаб, энг асил қовунларни сўйиб, яна кетар чоғи қўлларига иккитадан амири тутқазиб юборди.
Ўша-ўша Бобожон Шариф бобонинг уйлари ёнидан ўтмайдиган бўлди. Бобонинг қорасини узоқдан кўрса, ура қочарди. Умрида иккинчи бор бировнинг нарсасига кўз тикмайдиган бўлди. Ҳар қовун пишиғида Шариф бобо болаларнинг ризқи деб, бизникига ҳам иккита қовун ташлаб кетардилар.
Эҳ-ҳе, бу гапларга қанча замонлар бўлди. Шариф бобо аллақачон жаннати бўлиб кетдилар. Ҳеч ким у кишидек миришкор бўлиб қовун етиштиролмас, амири-ю бекзоти, бўрикалла қовунлари эса анқонинг уруғи бўлиб қолди.
Одамнинг беги, амири бўлганларгина бундай ҳиммат ва меҳнатга ёр бўларканлар, билсам! Кичкина қишлоқнинг шохи, Ҳотами тойи эканлар Шариф бобомиз! Уларнинг миқтигина қоматлари, қора тўридан келган табассум тўла юзлари, кўкиш матодан ўраб юрадиган саллалари доим гўдак тасаввуримда жонланади. Ҳақиқатан ҳам, у киши бобои шариф эканлар, дейман!
…Шариф бобо Қобиловнинг руҳлари шод бўлсин, илойим!
“Болалик байрамлари”
бадиасидан қисқартириб олинди.
