… Саидахонни эслаб кетаман. Йигирма етти йил тирикликнинг гоҳ нурли, гоҳ нурсиз йўлларида бирга ҳамроҳ бўлган, биргина қизини келинлик либосида кўролмай, ёр-ёрини эшитмай, етдим деганда йиқилган қадрдон кимса тушларимга киради. Жавонларни тўлдирган китоблари қатидан чиқиб, ўзи кўрмаган неваралари бошида ўтириб тонг оттиради.

… Саидахон уйим-жойим деган аёллардан эди. Қай юртга бормасин, бир кундаёқ уйини соғиниб қоларди.

1963 йили бир муддат хасталаниб қолди. Врачларнинг маслаҳати билан Трускавец деган  курортда даволаниши керак эди. Бу курортга йўлланма топиш жуда мушкул экан. У ёққа югуриб, бу ёққа югуриб, иложини қилолмадик. Охири собиқ Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари аралашиб, Украина Компартияси Марказий Комитети орқали путёвка олиб берди. Хуллас, кўпчилик бўлиб Саидахонни поездга чиқариб қўйдик. (Самолётда учишга унамади.) Кетар олдидан эндигина уч ёшга тўлган Нодирани бағрига босиб йиғлаб юборди.

“Боламга яхши қаранглар. Исссиқ-совуғига ҳушёр бўлинглар, — деб қайта-қайта тайинлади. — Ҳиди келиб турсин деб битта ювилмаган кўйлагини олиб кетяпман, қидириб юрманглар”.

Эртасига ишдан келиб дарвоза ёнбошидаги қўнғироқ тугмасини босдим. Эшикни Саидахон очди… Муни қарангки, поезд Саксовул деган станцияга етганда Саидахон вагондан тушиб қопти. Боласини соғиниб, кечаси билан мижжа қоқмапти. Қизининг кўйлагини ҳидлаган сари баттар соғиниб кетаверипти. Охири Львовгача олинган билетини проводникка бериб орқага қайтипти. Шунча пуллик путёвка ҳам, Тошкент — Москва, Москва — Киев, Киев — Львов поездининг билетлари ҳам куйиб қолаверди.

— Нега бундай қилдингиз, даволаниб келсангиз қандоқ яхши бўларди, — дедим.

— Қўйинг. Мен курортларда дам олишга, денгиз бўйларида сайру саёҳат қилишга ўрганмаганман. Ҳар қанча дардим бўлса, шу қизимни бир марта бағримга боссам, соғайиб кетаман.

Она-бола кечаси билан нималарнидир чуғурлашиб, гаплашиб ётишди. Тонг маҳал уйғониб кетдим. Қарасам, Саидахон тиззасига блокнот қўйиб, нималарнидир ёзяпти. Блокнотга қарадим. Шеър ёзаётган экан. Шеър шундай бошланар эди:

 

Қизгинам, ишларинг, ташвишларинг кўп,

Менинг бахтим бўлган жанжал, сўроқлар.

Менинг бахтим бўлган эркаликларинг,

Менинг бахтим бўлган хушбўй дудоқлар.

 

Бирон меҳмонгами, тўйгами боргудек бўлсак, Саидахоннинг томоғидан овқат ўтмасди. Бирон ширинликми, тансиқроқ бирон нарсаними дастурхондан олиб, салфетка қоғозга ўраб, сумкасига солиб қўйгандан кейин дастурхонга қўл узатарди. Баъзан унинг бу ишидан хижолат чекардим. “Битта-яримта кўрса, уят қилади-я”, — дердим қулоғига шивирлаб.

— Қизимга илиндим. Бўлмасам томоғимдан овқат ўтмайди, — деб кулиб қўярди.

… Олтмишинчи йилларда “Москвич” машинамиз бўларди. Нима бўлдию, шу машинада узоқроқ юртларга саёҳат қилгимиз келиб қолади. Июнь охирларида шу машинада Иссиқкўл томонга йўл олдик. Иссиқкўл Тошкентдан тўққиз юз километр нарида. Тонг саҳарда йўлга чиқиб, кунботар маҳали Фрунзега етиб келдик. Қирғиз ёзувчилари келишимиздан хабар топиб, меҳмонхонадан жой олиб қўйишган экан. Бир кеча дам олиб, яна йўлга тушдик.

Иссиқкўлнинг Рибачий соҳилидан бир уйни ижарага олдик. Йўл юриб чарчаганимизга қарамай, Иссиқкўлнинг ойдинда кумушдек товланишини томоша қилдик. Эрталаб сайёҳларга қўшилиб чўмилдик. Туш маҳали Саидахон Нодирахоннинг кўйлакларини ювиш учун ҳовлига чиқди. Уй эгаси ғоз боқар экан, элликтача ғоз ҳовлини тўлдириб ғағалайди. Уларнинг шовқинидан бошларингиз айланиб кетади. Саидахон кир юватуриб узугим бармоғимдан чиқиб кетса, мағзавага қўшиб тўквормай деб чиқазиб, табуретка устига олиб қўйди. У ювилган кирни сиқаётган эди, бир ғоз келиб, узукни лиқ этиб ютиб юборақолди. Мен узукни ютган ғозни қувлаб кетдим. У ўлгур ҳам ўзини ғозлар ўртасига урди. Ҳаммаси оппоқ. Қайси бири узукни ютганини билиб бўлмайди. Уй эгасига, ғозингиз узукни ютиб юборди, энди нима қиламиз, десак, у ҳам қўрсгина экан, мен нима қилай, элликта ғознинг ҳаммасини сўйиб, жиғилдонини титкилайми, ё ҳаммасини бир-бир рентгенга солайми, деди.

Бу узукни мен Саидахон туғилган куни совға қилган эдим. Жуда қиммат узук эди. Француз заргари баргнусха қилиб ишлаган, барг орасига учта бриллиант ўрнатилган эди. Саидахон жуда хафа бўлиб қолди. Иссиқкўл манзараси ҳам, ҳавоси ҳам татимай кетди. Кетгиси келиб қовоғини уйиб олди.

— Нима қилайлик, кетақолайликми, — дедим.

У шу гапни кутиб турган экан, дарров рози бўлақолди.

… Негадир мен танқидни унчалик хуш кўрмайман. Танқид эшитган куним қўлим ишга бормайди. Бирон ҳикоямми, китобимми танқидга учраса, ойлаб ёзмай қўяман. Мақтов эшитсам, ёзгим келаверади. Шу феълимни билган Саидахон кўчадан гап топиб келади. Ростми, ёлғонми, менга ёқадиган гап бўлади.

Тўққиз юз километр йўл босиб борган йўлимиздан яна шунча йўл босиб Олой тизма тоғлари оралиғидаги Туяошув довони орқали Андижонга қайтиб келдик.

… Бу орада қанча воқеалар бўлиб ўтди. Қанча китоблар ёздик. Нодирани биринчи марта мактабга кузатиб бордик. Саидахон адабиётдаги хизматлари учун иккинчи марта орден билан мукофотланди. Мен эллик ёшга кирганимда юбилей қилдик. Саидахон юздан ортиқ меҳмонга дастурхон ёзиб мезбонлик қилди. Шу шодликлар орасида бирдан ўша ғоз ютиб юборган узук эсига тушиб қолиб, менга пичинг қиларди: “Сиз ўша узукни оғриниб совға қилган экансиз, шунинг учун ғоз ютиб юборди”. Хуллас, ўша узукдан ҳам яхшисини совға қилиб тинчидим.

Андижонда Қорадарё билан Фарғона канали оралиғидаги оролга ёзда яшаш учун чорбоғ тиклаган эдик. Бир ёнида дарё, бир ёнида канал оқади. Шийпонимиз тўғрисида Катта Фарғона каналининг Куйганёр тўғони кўриниб туради. Тўғондан қуйилаётган сув тўзонлари шамол эсган пайтларида айвонимизгача етиб келади. Канал бўйида ўсган бир туп заранг дарахти тагига сўри қургандик. Заранг шохлари сўрига тангадек офтоб туширмасди. Саратон қиздирган кунлари кечгача шу ерда дам олардик.

Катта Фарғона канали ҳақидаги “Қирқ беш кун” деган романимни шу ерда ёзаётган эдим. Роман охирги бобларга келиб юришмай тўхтаб қолган эди.

Дарёдан тутган балиқларни тозалаб бердим. Саидахон яхшилаб қовурди. Балиқни еб бўлгач, Саидахон қўлларининг ёғини қоғозга артаётганда ўша мен иккинчи марта совға қилган узук бармоғидан чиқиб чўлп этиб сувга тушиб кетди. Бу жойда сув буралиб-буралиб, қирғоққа сапчиб ўтади. Узукни сувдан қидириб топиш амримаҳол эди. Бу узук ҳам Саидахонга буюрмади.

— Узукни яна оғриниб совға қилган экансиз. Бундан кейин ҳеч нарса совға қилманг. Керак бўлса ўз пулимга оламан, — деб яна зарда қилди.

Тавба, менда нима гуноҳ.

Саидахон бир нарсани аҳд қилса, охирига етказмай қўймасди. Бошқа ҳамма ишни йиғиштириб қўйиб, аҳд қилган ишига ёпишиб оларди. Узук каналга тушиб кетган куни шундай деган эди: “Бир достон ёзайки, сиз совға қилган иккала узукдан ҳам қимматли бўлсин”. Ўша кундан бошлаб камгап, хаёлчан бўлиб қолди. Гапирсам чала-чулпа жавоб қилади. Нодиранинг нонуштасига сут қайнатса тошириб юборади, пиширган овқати гоҳ шўр, гоҳ тузсиз бўлади.

Мен боғда экин-текинни суғориш билан овораман. Саидахон заранг дарахти тагидаги сўрига ўтирволиб, нималарнидир тўхтамай ёзади. Шу зайлда ўн беш кунлар ўтиб, қалин бир дафтарни қўлимга берди.

— Ўқинг. Достон ёздим.

Дафтарни очдим. “Лирик нутқ” деган достон экан. Кўзойнакни тақиб, ўқишга тушиб кетдим. Шоира бу достонда ўз таржимаи ҳолини дарёга қиёслаб, Андижон манзараларига омухта килиб ёзганди. Достон боблари турли вазнларда ёзилган. Ўқиганда бир хил вазнда зерикарли бўлмасин, деб, атайлаб шундай қилганди. Яхши кўрган узугини ютган канал шаънига ҳам анча қайноқ сатрлар бағишлаган эди.

Тошкентга қайтиб келганимиздан кейин орадан бирон ойларча вақт ўтиб Куйганёрдаги қўшнимиз Ҳакимбой аканинг хотинидан хат олдик. Канални ремонт қилиш учун суви беркитилган экан. Лойқа аралаш қумлар орасидан узукни топишибди.

— Мана, — дедим хатни унга кўрсатиб. — Бу узук ҳалол пулга келган. Канал экан-ку, денгизга тушиб кетса ҳам йўқолмайди…

Биз шvундай яшадик…

Саидахоннинг иш столида ўтириб бирон нарса ёзганини эслаёлмайман. Ошхонада қозон кавлаб туриб, бир қўлида шеър ёзарди. Боласининг беланчагини тебратиб ўтириб тиззасига дафтар қўйиб ёзган пайтлари кўп бўлган. Уйда сақланаётган қўлёзмаларининг кўпчилигида ёғ сачраганда, сут томганда қолган доғлар бор.

Қаерда илҳоми келиб қолса, ўша ерда ёзаверарди. Журнал саҳифаларининг четидаги оқ жойларига жуда майда ҳарфлар билан қора қаламда ёзган шеърларининг қўлёзмалари ҳозир ҳам уйимизда бир ёдгорлик бўлиб сақланади.

Сафарларда юрган пайтларимизда чиройли-чиройли блокнотлар олиб келардим. Ўша блокнотларнинг дастлабки саҳифаларига шеър битилардию, кейинроқ бориб уларнинг саҳифалари бозорда қилинган харажатлар ҳисоб-китоби билан тўлиб кетарди.

— Нега унақа қиласиз, атайлаб шеър ёзишингиз учун олиб келгандим, — дейман.

— Бозорга бир чангал пул билан кетиб у-бу оламану, шунча пул қаёққа кетганини билмай ҳисоблаб ўтираман.

Биламан. Саидахон менинг пулимни харжлагандан xижолат бўлиб шунақа қилади. Ўз пулини харжлаганда ҳисоблаб ҳам ўтирмайди.

— Сиз унақа қилманг. Қачон мен топиб келган пулимга ҳисоб сўрабман?

— Шунақа дейсиз-у, — дейди у xижолат аралаш илжайиб, — умримда бировнинг пулини ишлатмаганман.

Чиндан ҳам, Саидахон отадан етим қолган бир этак укаларини боқиш ташвиши билан ёшлигининг ҳузур-ҳаловатини кўрмаган. Онаси Сабохон ая кўҳликкина меҳнаткаш аёл эди. Ўқишдан қайтган қизларини ёнига олиб чорси, дўппи тикишарди. Шу арзимаган даромад орқасидан рўзғор тебратишарди. Саидахон Андижон ўқитувчилар институтини тугатгандан кейин Избоскан районининг Тўрткўл қишлоғидаги мактабда ўқитувчилик қила бошлайди. Ҳар ҳафтада топганини уйга ташлаб йигирма километр йўл юриб орқасига қайтиб кетарди. Шу ташвишлар орасида тинмай китоб мутолааси билан яшаган Саидахон турмушга чиққандан кейин ҳам эрининг пулини сарф қилишга сира кўниколмасди.

Китобимга каттароқ пул олган пайтларимда ҳаммасини унинг қўлига бериб қўярдим. Шу пул то тамом бўлмагунича ҳар куни ишдан келишим билан блокнот очиб бугунги харжларни ўқиб берарди. Мен бундан хижолат чекардим. Баъзан жаҳлим чиқиб қўлидаги блокнотни олиб ҳовлига отиб юборардим.

— Э, пулингиз ҳам қурсин. Магазинга кирсам ҳам, бозордан бирон нарса харид қилсам ҳам, худди орқамдан нима қиляпсан, деб қараб турганга ўхшайсиз. Қўйинг, энди менга пул берманг. Рўзғорга керагини ўзингиз олиб келаверинг.

Саидахон ўзи гонорар олганда биратўла ҳаммасини харжлаб ўзига кийим-кечак олиб келарди.

— Ҳой, инсофингиз борми? — дейман ҳазиллашиб. — Участка бошлаб қўйганмиз-а. Томини ёпишга тунука олишимиз керак, шувоғига пул керак.

Шунда Саидахон хандон отиб куларди.

— Эркаклар хотинига тилла узуклар олиб беради. Хотинини қўғирчоқдек ясатиб қўяди. Ўз кийим-бошини ўзи эплайдиган хотинингиз борлигидан сўйинсангиз-чи.

Бу хил гаплар ҳазил-мутойиба йўли билан ўтиб кетарди.

… Негадир мен танқидни унчалик хуш кўрмайман. Танқид эшитган куним қўлим ишга бормайди. Бирон ҳикоямми, китобимми, танқидга учраса, ойлаб ёзмай қўяман. Мақтов эшитсам, ёзгим келаверади. Шу феълимни билган Саидахон кўчадан гап топиб келади. Ростми, ёлғонми, менга ёқадиган гап бўлади.

— Ойбек акани кўргандим. Ҳикояларингизни жуда яхши кўрар экан. Нега ёзмаяпти деб сўрадилар.

Бу гап ёлғон бўлишини билсам ҳам, бари бир ёқарди. Балки ростдир, Ойбек ака ўқиса ҳафсаласи пир бўлмасин, деб яхшироқ ёзишга ҳаракат қилардим.

Саидахон, Ғафур акани кўрдим, ундоқ деди, бир куни Абдулла акани кўрдим, сизни бундоқ деди, деб мени қизиқтириб қўярди.

Олтмиш бешинчи йилда “Шарқ юлдузи” журналида “Уфқ” романимнинг биринчи китобини қаттиқ танқид қилган мақола босилипти. Почтачи журнал олиб келганда Саидахон варақлаб кўрса, шунақа мақола бор. Ўзи ўқиб, ўша саҳифаларни йиртиб олиб қўйибди. Ўша кезларда романнинг иккинчи китобини жуда ҳафсала билан берилиб ёзаётган пайтим эди. Ўқиса қўли ишга бормай, янги китоби бир-икки ой тўхтаб қолади, деб атайин шундай қилган. Мақолани бошқалардан эшитиб, бирон ойлардан кейин ўқидим.

Биз мана шундай бир-биримизни аярдик. Ёзишга бир-биримизни рағбатлантириб турардик.

…Албатта, жанжалсиз уй йўқ, деганларидек орамизда ғиди-биди гаплар ҳам бўлиб турарди. Кўпинча бунақа воқеаларга мен сабабчи бўлардим.

Уй қуриб, машина олиб, юбилей қилиб анча чиқимдор бўлиб қолдик. Менинг қўлим очиқлиги, бўлар-бўлмасга пул сарф қилиб юборишимни билган Саидахон рўзғор бошқаришни ўз қўлига олди. Топганимизни расамади билан билиб-билиб сарфларди. Албатта, бу менга ёқмасди. Эркак одамнинг кўчада озми-кўпми, харжи бўлади. Саидахон худди қулоққа ўлчаб бергандек жуда оз пул берарди. Мен ҳам бўш келмай, олган гонорарларимдан ўмариб қолардим. Саидахон буни билмасди.

Миртемир домла менга ўхшаган серсарф одам эдилар. У киши билан бир маҳаллада турардик. Домланинг Туркманистондан, Қозоғистон, Қирғизистондан келадиган шоир ўртоқлари кўп бўларди. Уларнинг ҳаммасини Тошкент ресторанларида яхшилаб меҳмон қилиб кузатардилар. Баъзи-баъзида кечаси таксида келиб деразамни чертардилар. Форточкани очиб саломлашардим.

— Қорақалпоқдан ўртоқларим келиб қолди. Омонат касса ҳозир берк. Эрталабгача юз сўм бериб тур, аммо Саида билмасин, — деб тайинлардилар.

Шунда мен беркитиб қўйган “ўғрилик” пулидан юз сўм узатардим. Домла пулни олиб, эртага албатта, ўз қўлингга бераман, дердилар. Эртасига айтган гаплари эсларидан чиқиб, пулни Саидахонга бериб кетардилар. Саидахон, бу пулни қаердан олгандингиз, деб мени қийин-қистовга оларди. Шундай қилиб мен ҳам пулдан ажралардим, ҳам пул “ўғриси” бўлиб қолардим.

Нодира қизимиз тўрт ёшга кирган пайт эди. Машинада далаларга чиқардик. Нодира сут ичиб уни қаердан пайдо бўлишини билмасди. Анор еб, заводдан чиққан, деб ўйларди. Далаларда юрганимизда сигир соғаётган хотинларни, анор гулини, ҳосилини кўриб, қовуннинг марзада палак орасида дўмпайиб туришини, маккажўхорининг попугини кўриб ҳайрон бўларди.

Саидахон унинг бу ҳолатларини кузатиб юрган экан. Эндигина оламни таниётган гўдак тўғрисида “Ойдан тушган қиз” деган жуда нурли, беғубор ҳикоя ёзди. Ўқиб жуда таъсирланиб кетдим. Ўша ҳикоя “Гулистон” журналида босилди. Редакция ходимларидан бири сарлавҳасини “Осмондан тушган қиз” деб ўзгартирибди. Саидахон жуда-жуда хафа бўлиб кетди.

— Ахир, нега сўрамасдан ўзгартиришади. Осмондан тушган сўз салбий маъно англатади-ку. Ғўдайган одамга осмондан тушган бўлсанг ҳам менга хўжайинлик қилма, деган гап бор. Ойдан тушган, деганда қандайдир нурли бир нарсани тасаввур қиламиз.

Саидахон ҳамма вақт ўз асарларидаги ҳар бир сўз учун курашарди. Чунки у ҳеч қачон сўзларни нотўғри ишлатмасди.

Ғафур Ғулом вафот этганда унинг мотамига атаб “Шоирни эслаб” деган бир шеър ёзганди. Сарлавҳа тагига “Ғафур Ғулом вафоти кунлари ёзилган” деб қўйилган эди. Шеър босилиб чиққандан кейин афсусланиб қолди.

— Муни қаранг, Ғафур аканинг ўлимидан қаттиқ куйган эканман. Бир сўзни хато ёзганимни сезмай қолибман. “Вафоти кунида” дейиш ўрнига “Вафоти кунларида” деб ёзворибман. Жуда уятли иш бўлди-да.

Саидахон эллик бир йил умр кўриб бировга бош эгмади. Имонини маҳкам ушлади. Ўзига гард юқтирмади. Оламдан ҳалол-покиза яшаб ўтди. Лаганбардорлик, бировга мутелик, ҳасадгўйлик унга бегона эди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони

Саид Аҳмаднинг “Йўқотганларим ва топганларим” хотиралар китобидан қисқартириб олинди.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan