Турсинбай Абдижаббаров,
“Нуроний” жамғармаси
Қорақалпоғистон Республикаси
бўлими раиси.
— Марказий Осиё асрлар давомида илм-фан, маърифат ва маънавиятнинг бебаҳо хазинаси сифатида жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшиб келган. Ана шу бой меросни теран ўрганиш, асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш йўлида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази — бу нафақат йирик меъморий мажмуа, балки илмий-тадқиқот инфратузилмаси, илғор музей технологиялари, замонавий кутубхона, миллий ва халқаро архив тизими ҳамда рақамли гуманитар платформаларни ўзида мужассам этган ноёб бунёдкорлик обидасидир.
Бугун ушбу Марказ жаҳон жамоатчилиги диққат марказида бўлган ўзига хос масканга айланди.
Бир гуруҳ нуронийларимиз билан Ислом цивилизацияси марказида бўлганимизда унинг ҳайбатидан ҳайратга тушдик. Бу маскан нафақат ислом тарихидан маълумот беради, балки илмий-тадқиқот ва ўрганиш ишларини олиб бориш учун мутахассисларга қулай илмий, маънавий-маърифий муҳит, имконият ҳам яратади. Бу жойларга биз, нуронийлар билан бирга, ёш авлод вакиллари ҳам кўп-кўп келиши, она юртимиз тарихи билан яқиндан танишиши, аждодларимизнинг буюк хизматларини юрак-юракларидан ҳис қилиши керак. Бунга эса касбимиз ва ёшимиздан қатъи назар, барчамиз масъулмиз.
Икромхон Нажмиддинов,
“Нуроний” жамғармаси
Наманган вилояти бўлими раиси, сенатор.
— Бу мажмуа, аслида, оламшумул лойиҳа. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2018 йили Рамазон ҳайити куни пойдеворига тамал тоши қўйилган ушбу мажмуа бугун ҳамюртларимиз ва бутун дунёдан келаётган сайёҳларни ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий-маърифий ва диний-маънавий инфратузилманинг янги инновацион шаклини ўзида мужассам этган халқаро платформа бўлиб, унинг асосий вазифаси — буюк аждодлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” ғоясини оммалаштириш ҳамда халқимизнинг ўтган давр ва Янги Ренессанс замонидаги ютуқларини чуқур тадқиқ қилишдан иборат.
Ҳозирги кунда Марказга дунёнинг турли нуқталаридан олий мартабали меҳмонлар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, дипломатлар ташриф буюриб, цивилизациялар, тарихий шахслар ва илмий кашфиётларга бағишланган ноёб илмий лойиҳалар билан яқиндан танишмоқда. Жаҳоннинг таниқли сиёсатчилари ва жамоат арбоблари ушбу ҳақиқатни очиқ эътироф этмоқда.
Биз ҳам бу ердан олган таассуротларимизни ҳар лаҳзада ўз вилоятимиз, ўз ҳудудимизда тарғиб-ташвиқ қилишимиз, кенг аҳоли, айниқса, ёшларимизга етказишимиз лозим.