Баҳор элимизга Зулфиянинг туғилган куни
билан кириб келади…
Устозимиз Миртемир Зулфияхонимни “Тонг куйчиси” деб атаган эдилар. дарҳақиқат, Зулфияхоним номи, шахсияти, шеърияти, шон-шуҳрати табиатнинг яшариш фасли — баҳорга ва умрнинг мунаввар тонгига бир ҳовуч нурдай туташаверади…
Зулфия опа андак ғамгин, нохуш кўринсалар, биз дарров Ҳамид Олимжондан сўз очардик. Унинг шеърларини ёд айта бошласак, Зулфия опа Ҳамид Олимжон шеърларидан ёд айтиб, суҳбатимизни қизитардилар. Кайфиятлари кўтарилиб, Ҳамид Олимжон ҳақида яйраб-яшнаб сўз очардилар:
— Биз Ойдин опа (Ойдин Собирова) ва Ҳамид Олимжон билан бирга театрга ёки учрашувларга борсак, у кишига эшиттириб: “Ҳозир Ҳамид Олимжон эшикни очиб, бизни ичкарига ўтказиб юборадилар… Ҳозир Ҳамид Олимжон пальтоларимизни кийдириб қўядилар…”, — дер эдик. Ҳамид Олимжон ёш боладай қувониб, оппоқ тишлари чарақлаб куларди-да, бизни олдинга ўтказиб юборар, пальтоларимизни кийдириб қўярди. Одамлар Ҳамид Олимжондай мағрур йигит шунчалар мулойим тортиб, гапга кирадиган бўлиб қолганига ҳайрон бўлишарди…
Қиш кунлари яхмалак отишга чиқиб турардик. Ўшанда Ҳулкар туғилишига озгина қолган. Яхмалак учай десам, учолмайман. Шунда Ҳамид Олимжон, қани, хоним, ўтиринг, менинг пальтомдан ушланг, мен сизни чана тортгандай яхмалак учираман, дер эди. Қийқириб, шодон бўлиб яхмалак учар эдик. Ҳамид Олимжон жуда меҳрли, сезгир ва ниҳоятда топқир инсон эди. Бир куни зиёфатга бордик. Баланд пошнали туфли кийиб олганман. Юришга қийналаман. Қайтаётганимизда юриш яна ҳам машаққат бўлиб кетди. Шунда Ҳамид Олимжон, қани, хоним, туфлингизни ечиб менга беринг, мана буни кийиб олинг деб, туфлисини ечиб оёғимга кийдириб қўйди. Мен Ҳамид Олимжоннинг катта туфлисини кийиб, у эса ялангоёқ уйга қайтганмиз…
Ҳаётининг бу қувончли, завқли лаҳзаларини опа кўзлари ёниб, юзлари ёришиб, худди ўша ҳолатни қайта бошидан кечираётгандек ҳузурланиб сўзлардилар. Балки, мана шу лаҳзаларнинг сўнмас ёди Зулфияга то сўнгги нафасигача куч-қувват, мадор, сабр-тоқат бергандир…
Шамга парвона
…1943 йил. Ҳаёт-мамот жанглари дунёни ларзага солиб турган суронли давр. Халқ қурол ясар, завод-фабрикаларда уйқусиз дастгоҳ юргизар, бир тишлам нонини ҳам, ташвишини ҳам фронт билан баҳам кўрарди. Госпиталларда ҳамширалар малҳами билан бир қаторда санъаткорлар қўшиқ билан ярадорларни даволар эдилар. Юрт ёзувчи ва шоирларнинг сўзига илҳақ эди. Тошкентда адабий ҳаёт қайнар, бу ерда яшаётган таниқли рус, украин, беларус шоирларининг асарлари ўзбек тилида чоп этилар, ўзбек жангчиларининг кўкрак чўнтагида Ҳ.Олимжоннинг “Қўлингга қурол ол”, Ғ.Ғуломнинг “Сен етим эмассан” шеърлари билан бирга К. Симоновнинг “Мени кутгил”и каби ноёб шеърларнинг ўзбекча таржимаси ҳам юрарди.
Беларус шоири Якуб Коласнинг юбилейи бўлиши керак. Адибнинг китобини зудлик билан ўзбек тилида чиқариш даркор эди. Хонадоннинг энг катта хонаси икки шоирнинг ижодхонасига айланди. Ўртада икки юракни бирлаштириб шам ёнади. Бир шам ёруғида икки дил, икки сафдош шоир ярим тунгача Я.Колас билан ғойибона суҳбатда. Китобга сўзбошини Ҳамид Олимжон ёзар, шеърларини Зулфия ўзбек тилига ўгирарди. Уч кунда сўзбоши ҳам, Зулфияга тегишли таржима ҳам тайёр бўлди. Шамнинг хира ёруғида бир хона кенг жаҳондай бўлиб, битта столнинг икки қаноти илҳом ва меҳнатда эди. Улар битта нафасга айланиб бахтиёр яшар, ишлар эдилар. Қийин шароитни пайқамас эдилар, ҳамма шундай яшарди.
Ўша машаққатли кезларда нозикниҳол Зулфиянинг қудратли таянчи — Ҳамид Олимжон ёнида ёниқ сўзларни излаш ва топиш осондек эди.
Туш
— Ҳамид Олимжон ҳалок бўлганда (1944 йил) кўру кар эдим. Ҳеч нарсани билмасдим. Ўшанда уни кутиб, театрга борамиз деб чиройли кийиниб олгандим. Халқ уни елкасида олиб борарди. Ўша мудҳиш кун унинг бошида турибману, хиноли бармоқларимни қаёққа қўйишни билмайман. Кесиб ташланглар, дейман… Қайнонам Комила ая иродали эдилар. Мен ва Саҳобат йиғлаб-йиғлаб икки ёқда чўзилишиб қолардик. Шакарли чойга нон ивитиб, оғзимизга солардилар. Орадан кўп ўтмай, лағмон пишириб, устига кўклар солиб, дастурхонга тортдилар. “Олинг, болам, енг. Абдулҳамид яхши кўрарди буни. Авваллари икковингизга пишириб берардим”, — дердилар. — Мотам ақлсизни — жинни, ақллини — доно қилади.
Оҳ она, она! Сенинг борлиғинг сабр-тоқат ва мадад эди!
Ўша кунлари тушимга Ҳамид Олимжон кирибди. Шундай зинадан тушиб кетаётса, йиғлаб орқасидан эргашибман, югурибман. “Қаёққа борасиз, ана, онамдан ўрнак олсангиз-чи! Йиғламанг, болаларга қаранг, менинг дунёйим бошқа. Бўлди, қолинг, йиғламанг!” — Шундай деб чиқиб кетиб қолдилар, — дея сўзлаб берардилар устоз…
Бу башорат — мунис йўлдошини тирик ҳаёт бағрига, катта шеърият, элга хизмат йўлига ундаган эди. Ўша бедод айрилиқнинг тоғдай юкига қаламга таяниб, одамларга суянибгина, шоира тоб берди. Ҳижроннинг оловли чиғириғидан порлаб, жароҳатли жайрон дардига эм топиб, ёниб шеър ёзди…
Олтмиш йиллик вулқон
Зулфия 80 ёшида “Хотирам синиқлари” достонини ёзди. Асар адабий жамоатчилик орасида шов-шув бўлиб кетди. Бу достонда шоиранинг армонлари, акасининг умрига завол бўлган қатағон йилларининг даҳшати, мушфиқ, мунис онаси Хадича аянинг дунёни ўртовчи изтироблари аланга олиб ётади.
Бу достон Ҳурриятнинг пойқадамига битилган севинч шукронаси, қирчинида қийилган акаси Нормат Исроиловга 50 йил қайтиб ёзилган марсия қўшиғи. Исроил ота номидан қаттол замонга айбловномадир. 17 ёшида нобуд бўлган ўспирин ўғлининг дарди она кўксидаги доғ эди. Исмоил, Қодир деган ўғиллари эр етиб, оёққа турди, ўзидан кўпайди. Уларнинг фарзанд, невара, эваралари улкан чинор шажарасига айланди.
Зулфия опа айтишларича, янгаларига эш бўлиб, палак тикиб ўсганлар. Доно она ўз келинларини сийлар, кўркам, зебо бўлиб эшикдан кирган барваста ўғилларини кутиб олишни ўргатаркан. Боғ ҳовли гулзор. Ҳовли этагида бир лаби учган қозон тагида қишин-ёзин ўсма кўм-кўк гуркираб тураркан.
Шундай ораста, файзли, хосиятли хонадонда ўсган Зулфиянинг яна бир бахти — бахшифеъл, мулойим, дарёдил Комила аяга келин бўлди, Ҳамид Олимжоннинг гавжум хонадони меҳрини қозонди…
Ёзувчи Сарвар Азимов, Ҳамид Олимжоннинг сингиллари Асолатхон, таниқли хирург Роҳатой, муаллима Саҳобатой, тарихчи олима Муҳаббатойлар Зулфияхонимни бағоят ҳурмат қилар, туғишган опаларидай азиз билишарди… Зулфия опанинг қувончли кунларида, ҳижрон дамларида ҳамдам, ҳамдард, таянч бўлишган улар…
Сўнгги дийдор
1996 йил. Баҳорда Зулфияхоним бетобланиб, стационарга ётдилар. Ўзим билан овора бўлиб бора олмадим. Ёз ойлари эса боришимга Ҳулкар опа рухсат бермадилар. Тинимсиз туш кўраман: “Композиторлар” кўчасининг икки тарафида оппоқ столлар, стуллар терилган, оппоқ дастурхонлар ёзилган… Яна қўнғироқ қилдим. Бу гал Омон ака (ўғиллари) ижозат бермадилар. Зулфия опа бемор ҳолатда шогирдларига, мухлисларига кўринишни истамасдилар.
Августнинг биринчи куни. Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, шоиралар “Темурий маликалар” илмий анжуманига йиғилишган. Шу тадбирга бориш учун шайланиб турсам, Бобожонов кўчасидаги ҳовлимизга ишхонадан қўнғироқ бўлди:
— Зулфия опа ўтибдилар…
…Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним яшаган ҳовлига жўнадим. “Композиторлар” кўчасига қайрилишимиз билан, кўчанинг икки четида қатор терилган оппоқ елим курсилар кўзга ташланди…
…Ҳовли, зиналар, кўча одамларга тўлиб кетди, узоқ-яқиндан шоиранинг дўстлари, мухлислари, шогирдлари уни сўнгги йўлга кузатиш учун оқиб келарди. Гуллар, гулчамбарлар еру кўкка сиғмас, бу кўчага баҳор ташриф буюргандай кўзлар қамашарди.
…Баҳорнинг биринчи куни дунёга келиб, августнинг биринчи кунида ардоқли шоира Зулфия Исроилова халқи билан хайр-хўшлашиб, бу фоний дунёдан ўтди…
Абадият лаҳзалари
2008 йил, 1 мартда шоира Зулфиянинг ҳайкали очилди.
… Соат 11 да ҳайкал юзидан оқ парда туширилди. Салобат тўкиб, илҳом оғушида хаёлга чўмган Зулфияхонимнинг сиймоси офтобдай чарақлаб кетди…
…Ўшандан бери Зулфияхоним ҳайкали пойидан қадам узилмайди. Ҳамиша гуллар яшнаб туради. 1 март — унинг туғилган куни шеърият байрамига айланади, шогирдлар, мухлислар, ёру биродарлар бу мунаввар масканга жамланадилар, уни гулларга буркайдилар, шеърлар янграйди, хотиралар қайта-қайта жонланади.
Ўзбекистон халқ шоири
Ойдин Ҳожиеванинг
“Тўрт танҳо” китобидан
қисқартириб олинди.