Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Ёрқишлоқда умргузаронлик қилаётган Муҳаммадкарим ота Бўтаев 65 ёшда бўлишига қарамай, ҳалигача турникда қийинчиликсиз тортилади, отжимания, боксни ҳам эплайди. Бир сўз билан айтганда, чапдаст, чаққонлиги билан унча-мунча ёш-ялангни ортда қолдирадиганлардан. Эрталаблари саҳармардондан туриб, 4-5 километр масофага югуриб келади.
Кун давомида спорт билан ҳамоҳанг уй юмушлари: чорва боқиш, томорқага қараш, иссиқхонада мева-сабзавотларни етиштириш билан банд бўлади. Бир неча қутида асалари боқиб, ундан асал олади. Шунинг учун бўлса керак, отахон ҳамон бардам-бақувват. Сўзлари аниқ, ўткир. “Касал бўлиб озгина ётиб қолсам, дардга ён бермаслик керак, деб ўзимда куч топаман. Аслини олсангиз, ҳадеганда касал бўлиб қолмайман. Ҳали 70 ёшда ҳам қирчиллама йигитдек бўлиб юраман”, — дейди нуронийнинг ўзи.
Муҳаммадкарим отанинг 5 нафар қизи бор. “Ўғлим йўқ бўлса ҳам, қизларим унча-мунча ўғилнинг ўрнини босади, — дейди отахон. — Невараларим билан келиб, ҳол-аҳволимиздан хабар олиб туришади, ишларимизга кўмаклашишади, умрлари узоқ бўлгурлар”.
Отахоннинг айтишича, у ёшлигидан серҳаракат бўлган. У дарахтдан-бу дарахтга тирмашиб, чиқиб юрган. Ҳозир ҳам дарахтга 8 метргача баландликка чиқа олади.
Муҳаммадкарим ота аёли Робияхон ая билан деҳқончилик, чорвачилик ортидан рўзғорини бут қилиб, хонадон томорқасидан йилига икки марта ҳосил олади. Аксар озиқ-овқат маҳсулотларини ўзлари етиштиргани сабаб, тез-тез бозор-ўчарга тушишга ҳам тўғри келмайди. Ҳатто оила эҳтиёжидан ортган маҳсулотларни бозорга чиқаришади. Қишлоқ аҳли кекса нуронийнинг шу ёшида ҳам тиниб-тинчимаслиги, ишлаб чарчамаслиги, ҳамма ишга улгуришига қойил қолади. Отахонга кўра, буларнинг барчаси спорт билан шуғулланиши сабабидан.
— Аёлим баъзида “Эҳтиёт бўлинг, ҳадеб турникка осилаверманг, белингизни ўсал қилиб қўйманг тағин”, деб койиб беради. Аммо, аксинча, спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳам танани, ҳам руҳни кучли қилади, — дейди отахон хушчақчақлик билан.