— дейди таниқли ижодкор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Облоқул Усмонқулов

Самарқанд журналистика мактабида ўзига хос ўринга эга бўлган, бутун умрини оммавий ахборот воситалари ривожига бағишлаган Облоқул Усмонқулов 90 ёшида ҳам   ҳануз қўлидан қалами тушгани йўқ, устоз ҳамон ижод завқи билан банд.

Облоқул Усмонқулов 1938 йил 20 май куни Пайариқ туманида таваллуд топган. Устознинг журналистик фаолияти анча эрта, 1954 йилда ҳали қишлоқ мактабининг 9-синфида ўқиб юрган кезларида бошланган. Туман газетасида техник ходим сифатида иш бошлаган Облоқул Усмонқулов кейинчалик Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олади.

Меҳнат фаолияти давомида вилоятнинг ҳозирги “Зарафшон” (“Ленин йўли”) газетасида адабий ходимликдан масъул котиб лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. 1967 йилдан бошлаб радио ва телевидение тизимида фаолият юритиб, қарийб ўттиз йил давомида Ўзбекистон радиосининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири, мухбирлар пункти раҳбари сифатида халқ орасида катта обрў-эътибор қозонди.

Нафақага чиққанидан кейин ҳам ижоддан узоқлашмади. “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими ҳузурида ташкил этилган “Нуроний” студиясида муаллиф ва бошловчи сифатида фаолият олиб бориб, кекса авлод ҳаётига бағишланган 150 га яқин кўрсатув тайёрлади. Бу кўрсатувлар ҳужжатли фильмлар каби халқ маънавий меросининг бир қисмига айланди.

2013 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган устоз ижодкор кейинги йилларда ҳам жамоатчилик ишларида фаол иштирок этди. Унинг ташаббуси билан Кибриё Қаҳҳорова номи билан “Китобсеварлар” кўнгилли жамияти ташкил этилди. Нуроний ижодкорлар иштирокида “Имом Бухорий чироқлари”, “Самарқанд қасидаси” ва “Боқий Самарқанд” китоблари нашрга тайёрланди. Айни пайтда чоп этилиши режалаштирилган Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Боқий Самарқанд” китоби азим Самарқанд ва унинг фидойи инсонлари ҳақида ҳикоя қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга.

— Болалигим ҳаёт синовлари билан ўтганлиги боис, унинг завқини мехнатда, ҳаракатда эканлигини анча эрта англаб етдим, — дейди устоз. – Шу боис, кексаликда ҳам ижоддан тўхтаганим йўқ. Бу ҳаётимнинг мазмунига айланган. Ижоддан завқ оламан. Хоҳлайсизми, йўқми, кеча ва бугун ҳар доим таққосланади. Нимага эришдик, қаерда хато қилдик. Энг қийини ҳам шунда. Кексалик, бу — ҳаётинг хулосаси. Унинг ҳар бир дақиқаси бирма-бир кўз олдингдан ўтади. Ҳаётий хулосаларни қоғозга тушириб, шогирдларга тўғри йўл кўрсатиш хато-камчиликларнинг ўрнини тўлдиришга ёрдам беради. Ижод — кўнгилга таскин.

Облоқул Усмонқулов нафақат моҳир журналист, балки кўплаб шогирдлар тарбиялаган устоз сифатида ҳам эъзозланади. Бугун республика оммавий ахборот воситалари тизимларида устознинг кўплаб шогирдлари меҳнат қилмоқда.

Муборак 90 ёш қаршисида турган Облоқул Усмонқуловнинг ҳаёт йўли фидойилик, садоқат ва ижодга муҳаббат намунасидир.

Алишер ИСРОИЛОВ.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan