Ёшларда миллий қадриятларга ҳурмат ва Ватанга садоқат туйғуларини шакллантириш бугунги тараққиётнинг муҳим шартидир. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари мунтазам ташкил этиб келинаётгани бежиз эмас. Термиз шаҳридаги Ёшлар маданият марказида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” тадбири ҳам шу жиҳатдан самарали бўлди.
Унда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев, шунингдек, термизлик фаол ёшлар, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашиб, авлодлар ўртасидаги маънавий ворислик, миллий қадриятлар, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ вазифалар юзасидан фикр алмашдилар.
Маълумки, дунё саҳнасида вазият анчайин мураккаб. Бу даврда мамлакатлар миллий ғоя, тарихий қадриятлар ва анъаналарга жиддий эътибор қаратиши, миллий бирлик, дахлдорлик туйғуси, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириши ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Тадбирда шу каби фикрлар илгари сурилиб, кучли жамиятни бунёд этиш ва давлат ривожини жадаллаштириш йўлида кексанинг ҳам, ёшнинг ҳам ўз ўрни, вазифаси, масъулияти, жавобгарлиги борлиги қўшимча қилинди.
Шунингдек, учрашув давомида ҳаётий тажриба ва билимларни ёш авлодга етказиш, уларни эзгу мақсадлар сари руҳлантириш, жамиятда кекса авлоднинг ўрни ва нуфузини янада оширишга қаратилган мулоҳазалар билдирилди.
Сир эмаски, ҳозирги рақамли технологиялар оилавий қадриятлар, авлодлараро муносабатларни мутлақо ўзгартириб юборди. Бунда аксар ёшлар кекса донишмандларнинг ўгитларидан бебаҳра ўсмоқда. Аммо жойларда “Уч авлод учрашуви” каби маънавий-маърифий тадбирларнинг изчил ўтказилиши катта ва ёш авлод ўртасида муносиб кўприк бўлмоқда. Зеро, бундай учрашувларнинг аҳамияти ҳам, мазмун-моҳияти ҳам айнан шунда.
Шаҳризода САИДОВА.