Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени, “Маданият ва санъат фидокори”, III даражали “Меҳнат фахрийси”, Ўзбекистон мустақиллигининг 20-25-30 йиллиги нишонлари соҳиби Авезов Ражаб Шодиевични нафақат Бухоро вилояти, балки республикамизда ҳам яхши танишади.
Ражаб Авезов 1950 йил 5 май куни Ғиждувон туманида туғилган. Бухоро давлат педагогика институти, ҳозирги БухДУнинг рус тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. Узоқ йиллар маориф соҳасида фаолият юритган ҳамюртимиз туман болалар ва ўсмирлар ижодиёти маркази директорлигидан пенсияга чиққан.
У киши истиқомат қилаётган “Бобур” маҳалласи 1979 йили ташкил этилган бўлиб, одамлар кўчиб келмасидан аввал бу ерлар ташландиқ, шўрхок ҳудуд бўлган. На бир иморат, на бир дарахт бўлмаган. Ҳозирда эса таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган. Кўчалар обод, йўллар асфальтланган, ишлаб чиқариш шохобчалари, мактаб ва болалар боғчалари маҳалланинг файзига файз қўшиб турибди.
Ражаб ака пенсияга чиққач, яъни 2014 йилда “Бобур” маҳалласи фуқаролар йиғинига раис этиб сайланди. Маҳаллада иш бошлаган илк кунлариданоқ одамларнинг дарди билан қизиқди. Уларнинг хонадонига бориб, яшаш шароитларини обдон ўрганди. У иш бошлаган пайтда маҳалла таркибида 1100 хонадонда 2500 га яқин оила истиқомат қилган. Хулоса аниқки, ўша вақтларда ҳар бир хонадонда, айримларида эса учталаб оила яшаган. Ражаб ака эътиборини айни муаммога қаратиб, эҳтиёжманд оилаларга янги уй-жой олиб беришда кўмаклашди.
Маҳаллада у пайтлари ичимлик суви, зангори олов масалалари биринчи галдаги муаммолардан эди. Ражаб ака мазкур муаммоларни ҳал қилиш йўлларини излаб топди ва ижобий ҳал этди. МФЙга раислик қилган даврида маҳалла биноси таъмирланиб, қайта жиҳозланди, замонавий кўринишга келтирилди. Бу ишларда маҳаллада истиқомат қилаётган тадбиркор ҳомийларнинг ҳиссаси катта, албатта.
Бугун Ражаб Авезов номини эшитганлар борки, у инсонга ўз ҳурмат-эҳтиромини намоён қилади. Табаррук 76 ёшида ҳам Ражаб Авезов тиниб-тинчимайди. “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ташкил этилгандан буён унинг ишига кўмаклашиб келади. Зарур маслаҳатлари билан жамғарма фаолиятини яхшилашга ҳисса қўшади. Турли йиғинлар, кўрик-танловлар унинг иштирокисиз ўтмайди. “Кексалар маслаҳати” гуруҳи кенгаши раиси сифатидаги фаолияти ҳам эътирофга лойиқ.
— Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган машҳур ибора бор, — дейди Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ғиждувон тумани бўлими ходими Шаҳло Маъмурова. — Ота фарзандини осмондан ерга туширишга қодир инсон бўлса, устоз ана шу фарзандни осмонга кўтарувчи буюк инсондир. Ана шундай буюк инсон менинг илк устозим, ҳаётда ўз ўрнимни топа олишимда оталарча ғамхўрлик қилган Ражаб Авезовдир. То ҳаёт эканман, ҳеч бир муболағасиз, бу инсонни бошда тутаман. У кишининг ҳар бир ўгити, панд-насиҳатини ён дафтарчамга доимий равишда қайд этиб борганман, уларни кундалик шиоримга айлантирганман. У кишининг: “Сенинг ҳар кунги режанг нималарнидир дафтарга қайд этиш эмас, балки ана шу режа деб белгилаган вазифаларингни амалга ошириш бўлсин! Сен шундай яшагинки, вақти келиб, ўтиб кетганингдан кейин ҳам сенинг хайрли амалларингни бировлар яхшилик билан ёдга олсин! Инсонлар қалбида эзгулик, яхши хотира қолдиришга интил”, деган сўзлари мана, йигирма тўрт йилдирки, йўлимни ёритиб келмоқда…
Ражаб Авезов — ажойиб шоир. “Мутрибо, созингни чал, танбур-дуторинг яйрасин!” — дея бошланувчи қўшиқнинг матни айнан шу инсон қаламига мансублигини билармидингиз?! Бу шеър унутилмас қўшиқ бўлиб, қарийб ўттиз йилдан буён қирққа яқин қўшиқчи томонидан куйлаб келинмоқда. Шоиримизнинг бу каби ижод маҳсуллари қатор китобларга жо бўлгани ҳам бор гап.
Ражаб ака муаллим, санъаткор, шоир, бастакор, режиссёр. Том маънода, юксак маънавиятли инсон. У кишининг чин ватанпарварлиги мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ намоён бўлган. Ҳали ўсмир ёшида, тўғрироғи, 14 яшарлигида ўзи ўқийдиган мактаб директори Сайфиддин Ражабов уни ёнига чақириб:
— Рубобни яхши чалар экансан, биз билан ишламайсанми? — дейди.
Бола Ражаб бундан шошиб қолади:
— Мен ҳали ёшман-ку! Қолаверса, буни отамдан сўрашим керак.
— Кимнинг боласисан?
— Шоди Авезовнинг…
— Э-э, ҳа-а! Шоди аканинг ўғлиман де? Сен хўп, деявер, отанг билан ўзим гаплашаман…
Шу қисқа суҳбатдан кейин бола Ражаб ўқитувчига айланди. У мактабдаги бошланғич синф ўқувчиларига мусиқа фанидан сабоқ бера бошлади. Бу унинг учун ҳаётда ўз ўрнини топа олиши, юксалиши ва элга танилишида илк қадам эди. Шу тариқа ўқиди, ўрганди, фидокорона меҳнат қилди, танилди, юксалди, эл ичида ўз ўрнига эга бўлди.
Самат ДАМИНОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.