Касбим тақозоси билан юртимизнинг турли манзилларида яшаётган нуронийлар билан суҳбатлашар эканман, аксар ҳолларда саволларимга улардан олаётган жавобларимда ўзаро уйғунлик касб этарди. Аммо Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги “Навбаҳор” маҳалласида истиқомат қилаётган 90 ёшли Бердимурод бобо Каримов билан суҳбатимиз одатдагидан фарқли кечди.
— Иккинчи жаҳон уруши даврида 7-8 ёшли болакай бўлган экансиз. Халқимиз бошига тушган оғир, синовли кунларни эслай оласизми?
— Оғирликлар қанақа бўлганлигини эслолмайман. Аммо ўша вақтларда ҳам яхши одамларнинг кўплиги ёдимда қолган. Отам вафот этганида беш ёшда эканман. Кейин тўнғич акам Бобомурод канал қазиш ишига кетиб, вафот этган. Онам вояга етмаган уч ўғли билан бева қолган. Волидам доим “Оқил бўлинг, олим бўлинг!” деган алласини айтиб ухлатардилар бизни. Боймурод акам иккимиз узоқ қариндошимизникига, мол-ҳолига қараб, уй ишларига кўмаклашгани борардик. Отаси чўпон бўлиб ўтган биздек қишлоқ болаларига молларнинг тагини тозалаб, ўт-емини вақтида бериш иш бўптими?!
Улар ҳам бунга жавобан ўзида борини қизғанмай, чорсига кийим-кечак, нон-ош тугиб беришарди. Акам билан уйга хурсанд ҳолда қайтиб келардик. Онам “полвон болаларим” деб алқардилар. Қорнимиз тўйгач, яна “Оқил бўлинг, олим бўлинг, илоё” деган аллани эшитганча, қотиб ухлардик. Акам ҳам, онам ҳам, бизга ёрдам бераётган қишлоқдошлар ҳам жуда яхши одамлар эди. Шундан бўлса керак, оғирлигу дард-аламлар эмас, яхшилар ва яхшиликлар ёдимда қолган.
Бердимурод бобо ҳар воқеанинг яхши тарафини кўрадиган, яхшилик излайдиган ноёб инсон эканидан рухланиб кетдим.
— Тақдир тилакка яраша бўлади деганларидек, онангизнинг орзулари рўёбга чиқдими?
— Ҳа, рўёбга чиқди. Уруш тугаб, тинчлик кунлари бошланди. Боймурод акам ҳам, Баротбек укам ҳам ўқимишли архитектор бўлишди. Мен эса физика-математика фани муаллими бўлиб, 40 йил давомида мактабда болаларга таълим-тарбия бердим. Оқиллигим шу бўлдики, Бувинор онангизга уйландим. Бувинор олий маълумотли эмас, аммо онамнинг яхши кўрган келини, етти фарзандимнинг оқила онаси бўлди. Қишлоқда қўли гул чевар бўлиб, ҳурмат-эътибор топди.
— Ошириб юборадилар-да, бу бобо, — самимий табассум билан суҳбатга қўшилади Бувинор она. — Менинг бахтим — оқила қайнонага келин бўлганим. Қайнонам Шаҳризода момо нимани тиласалар, сўраганлари рўёб бўлаверарди. Еттинчи боламга ҳомиладорлигимда қаттиқ бетоб бўлдилар. Қўлимиздан келганча оқ ювиб-оқ тарадик. “Ой-кунинг яқин, Бувинор. Сен туққани “раддом”га кетгунингча Раббим чақирсин мени, ўлигимни ўзинг кузат, болам”, — дедилар бир куни. Қарангки, эртасига қўлимда ўз омонатларини топширдилар. Жанозанинг эртаси куни кенжа ўғлим Ҳамрозбек туғилди.
Бу қадар осмонқалб, бу қадар яхшиликпарвар одамлар билан суҳбатим давомида уларнинг авлиёсифат инсонлар эканликларига гувоҳ бўлдим. Уларнинг 60 йилдан буён аҳил-тотув яшашлари, етти фарзанднинг икки нафари архитектор, икки нафари таниқли шифокор, бири ота касбини олган математика фани муаллимаси, яна бири она ҳунарини давом эттираётган қўли гул тикувчи бўлиб, элга танилгани уларнинг ота-она ибратини олиб улғайганидан далолатдир.
— Кейинги пайтларда Бердимурод бобони учрашувларга камроқ олиб боряпмиз, — дейди “Нуроний” жамғармаси Навбаҳор тумани бўлими раиси Тошқул Абдиев. — Сабаби шуки, қишлоғимизнинг ҳар бир хонадонида бободан илм олиб, тарбия ўрганадиган ўқувчилар бор. Ахир, 40 йил битта мактабда муаллим бўлиш ҳазилакам гапми?! Отахоннинг бир қишлоқ шогирдидан ташқари, олисларда ҳам илм-фан билан шуғулланаётган олим издошлари кўп. Улар ҳам отани тез-тез йўқлаб туришади.
Уч ўғил, уч келин, тўрт қиз ва тўрт куёв, 21 нафар невара, 17 нафар эвара кунда-кунора оиланинг пири бадавлатларини соғиниб, зиёратга келишади. Каттагина ҳовлидаги мевали дарахтлар парвариши ҳалиям бобо назоратида. Ҳар ҳолда баҳордан то кеч кузгача дастурхондан мева аримайди. Келинларнинг ошхонаси учун помидор, бодринг, сабзи, картошка… хуллас, бари неъматлар шу томорқадан чиқади.
Ҳа, Шаҳризода онанинг “Оқил бўлинг, аллаё, олим бўлинг, алла!” деган тилаклари ижобат бўлди. Орзулари рўёбга чиқди. Дўст қидириб, дўст топган, бахтни орзулаб, астойдил меҳнат қилган ва унга эришиб, қўша қариб яшаётган икки беғубор нуронийга умрингиз зиёда бўлсин, сизлар ҳамиша ёшларимиз учун ибрат ва ўрнаксиз, дегимиз келади.
Замира РЎЗИЕВА,
“Нуроний” мухбири.