Неки ривожланган давлатларнинг ҳаётига қарамайлик, уларда китобга, илм-фан, касб-ҳунар ўрганишга иштиёқнинг устувор эканлигини англаймиз. Шунинг учун ҳам бугун юртимизда китобхонлик маданиятига эътибор кучайиб бормоқда. Жойларда кутубхоналар фаолиятини юксалтириш, уларга китобхонларни фаол жалб қилиш орқали мамлакатимиз фуқаролари, энг биринчи галда, ёш авлодни китобхон этиб тарбиялаш асосий диққат марказида турибди.
Ушбу ташаббус доирасида Наманган вилоятининг Поп туманида илк бор ташкил этилган капсула кутубхонаси фойдаланишга топширилди. Бу нафақат янги лойиҳа, балки ёшларнинг билим олишга нисбатан интилишини қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
“POP CITY MALL” мутасаддилари ташаббуси билан барпо этилган ушбу замонавий кутубхонанинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этиб, лойиҳа аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Минглаб сара китоблар билан бойитилган капсула кутубхонасининг айнан туман марказидаги “Ёшлар боғи”да жойлаштирилгани бежиз эмас. Бу маскан ёшлар учун нафақат истироҳат, балки билим олиш, мутолаа ва ўз устида ишлаш марказига айланади.
М. Назарова.