Умар Хайёмнинг “Наврўзнома” асари унинг тарихни, этнографияни, халқ урф-одатларини жуда мукаммал билганлигидан далолат беради. Биз бу асарда Наврўз байрами билан боғлиқ бўлган жуда кўп одатлар, ҳодисалар, афсоналарга дуч келамиз.

Хожаи ҳаким, давр файласуфи, маликул ҳукамо Умар ибн Иброҳим ул-Хайём бундай дейди: “Мен ақл баркамоллиги нуқтаи назаридан қараганимда сўздан мўътабарроқ ва каломдан буюкроқ ҳеч нарсани топмадим, чунки ундан афзалроқ бирор нарса бўлганда эди, ҳақ таоло пайғамбарга — саллоллоҳу алайҳи васалламга ўша нарса билан мурожаат қилган бўларди. Араб тилида: “ҳаётда энг яхши суҳбатдош — китоб”— дейилган. Ўз сўзига вафодор бир яхши дўстим мендан Наврўзнинг жорий этилганлигининг сабабини тушунтириб беришни ва қайси подшоҳ тайин қилганини сўради. Мен илтимосни қабул қилдим ва унга буюклиги буюк ёрдамида ушбуни иншо этдим”. Албатта, ҳозирги замонда ўтаётган Наврўз байрами билан Умар Хайём тасвирлаган даврдаги Наврўз байрами орасида катта фарқлар мавжуд.

Умар Хайём бу рисолада нафақат этнограф, тарихчи, балки билимдон табиб сифатида ҳам кўринади. У инсон организмининг фаслдан фаслга ўтганда ўзгаришини ҳисобга олиб, энг керакли тиббий маслаҳатларни беради.

“Наврўзнома” жуда кўп фойдали томонлари билан бугунги кунимиз учун ҳам аҳамиятли асардир. Бу китобда Наврўз ҳақидаги ҳақиқат, Ажам подшоҳлари даврида у қайси кунда бўлгани, қайси подшоҳ жорий қилгани ва нега уни нишонлашлари ҳамда подшоҳларнинг бошқа одатлари, шунингдек, уларнинг барча ишларда тутган йўллари кўрсатилади.

Шунингдек, китобда Наврўз байрамининг ташкил қилинишига сабабчи бўлган омиллар қуйидагича ифодаланади. Асарда Умар Хайём сабабларини қуйдагида келтиради: 1. Наврўзнинг жорий қилиниши сабабини айтсак, у шундан иборатки, Офтобнинг икки айланиши мавжуд, улардан бири қуйидагича: Офтоб ҳар уч юз олтмиш беш куну кеча-кундузнинг тўртдан бирида Ҳамал буржининг биринчи дақиқасига чиқиб кетган пайтининг ўзида яна қайтиб келади ва ҳар йили бу давр камая боради. Жамшид бу кунни тушунгандан кейин Наврўз деб атади ва байрам қилишни одатга айлантирди. Подшоҳлар ва бошқа одамлар ҳам уни қабул қилдилар.

Айтишларича, биринчи Ажам подшоси Каюмарс подшоҳ бўлгандан кейин йилнинг кунлари ва ойларига ном беришга ҳамда одамлар билсин деб йилнома жорий қилишга қарор қилган. У тонгда Офтоб Ҳамал буржининг аввалги дақиқасига кирган кунни аниқлаб, ажам мубадларини йиғди ва йил ҳисобини шу пайтдан бошлашни буюрди. Мубадлар йиғилдилар ва йил ҳисобини шу пайтдан бошлашни жорий қилдилар.

Рисолада ёзилишича, ўша замоннинг олимлари бўлган ажам мубадиларнинг айтишича, буюк ва муборак Изид ўн икки фаришта яратди, улардан тўрттасини аҳраманлардан қўриқлаш учун осмонга юборди, тўрттасини аҳраманларни Қоф тоғидан ўтказмаслик учун жаҳоннинг тўрт бурчагига юборди, тўртта фариштага эса осмон ва ерда юриб одамлардан аҳраманларни ҳайдаб туришни буюрди. Уларнинг айтишича, бу дунё ўзга бир дунёнинг ичида худди эски қасрдаги янги уй каби жойлашган ва Изид нурдан офтобни яратиб, у билан осмону ерни парвариш қилган.

…Дейдиларки, буюк ва муборак Изид офтобнинг нурлари ва келтирадиган фойдаси ҳамма нарсага тегсин деб офтобга ўз жойидан қўзғалишни буюрганда, у Ҳамалнинг бошидан чиқиб, зулмат нурдан айрилди, кеча ва кундуз пайдо бўлди.

… Ажам подшоҳлари шу пайтда Офтобни улуғлаш учун, шунингдек, ҳар ким бу кунни топа олмаслигини ҳисобга олиб, уни белгилаб қўйдилар, байрам жорий этдилар ва ҳамма бу санага риоя қилсин деган мақсадда барчага маълум қилдилар. Дейдиларки, Каюмарс йил ҳисобининг бошланиши сифатида бу кунни жорий этганда, уч юз олтмиш беш кун ичида офтобнинг бир айланиб чиқиши рўй берадиган қуёш йилини ҳар бири ўттиз кундан иборат ўн икки ойга бўлди ва уларни буюк ва муборак Изид дунёга юборган ўн икки фаришта номи билан атади. Сўнгра, у уч юз олтмиш беш куну кеча-кундузнинг чорагидан иборат улуғ даврни “улуғ йил” деб атади ва уни тўрт бўлакка бўлди.

Катта йилнинг тўрт бўлаги ўтганда катта Наврўз бўлади ва дунёнинг ҳолати янгиланади. Подшоҳларнинг бир одати бор: йил бошида улар яхшиликка фатво бериш ва саналарни белгилаш ҳамда маишат учун маълум маросимлар ўтказишлари зарур. Кимки Наврўз куни байрам қилиб қувонса, кейинги Наврўзгача хуррам бўлади ва фароғатда яшайди. Подшоҳлар учун бу одатни олимлар белгилаб беришган.

Туркистонни Жайхун дарёсидан то Чин ва Мочингача Турга, Рум ерини Салмга, Ажам ва ўз тахтини — Эражга берди. Шундай қилиб Туркистон, Рум ва Ажамнинг барча подшоҳларининг келиб чиқиши битта, бир-бирлари билан қариндошдирлар, чунки уларнинг ҳаммаси Афридун авлодидир. Шунинг учун барча инсонлар подшоҳлар шарафига маросимларни ўтказишлари зарур, зеро, улар Афридун уруғидандирлар. Унинг замонаси ва Гуштаспгача бўлган бошқа барча подшоҳларнинг замонаси тугагандан сўнг, Гуштасп подшоҳлигининг ўттизинчи йили ўтганда Зардўшт пайдо бўлди ва габр динини олиб келди. Гуштасп унинг динини ва ичимлик майини қабул қилди. Афридун байрамидан ўша пайтгача тўққиз юз қирқ йил ўтди. Офтоб Ақраб буржига кирганда, Гуштасп кабиса қилишга буюрди ва бунинг натижасида фарвардинни Офтобнинг Саратон буржига киргандан бошлаб байрам қилина бошланди. Гуштасп Наврўзни ана шу куни байрам қилиш керак, чунки Саратон — меҳнат учун саодатманд бурж, деҳқон ва қорандаларга шу вақтда ўлпон тўлашга имкон бериш зарур, шунда уларга енгиллик бўлади, дея байрамни шу кунга белгилади. Сўнгра, у, йиллар ҳам аниқ бўлсин ва одамлар ўз вақтларини совуқда ҳам, иссиқда ҳам била олсинлар деб, ҳар юз йигирма йилда кабиса қилишга буюрди. Бу одат то Зулқарнайн деб аталувчи Искандар Румий замонасигача давом этди. Шу пайтдан бошлаб одамлар кабисани нишонламай қўйдилар ва мазкур одат қарор топгунча нима иш қилган бўлсалар, ўшандай ишни қилавердилар. Бу Ардашер Бобакон замонасигача давом этди, у яна кабисани қарор топтирди ва катта байрам уюштирди.  Бу ҳақда аҳднома тузди ва шу кунни Наврўз деб атади.

Одамлар бу байрамни то Нўширавони Одил замонасигача нишонладилар. Мадойин айвони битганда Нўширавон Наврўз байрамини ўша замон одатлари бўйича ўтказди. Аммо у кабисани қарор топтирмади. У Офтоб айланиш даврининг охирида Саратоннинг биринчи кунига етмагунча одамлар бу ишни қилмасинлар, токи Каюмарс ва Жамшидларнинг кўрсатмалари орадан кўтарилсин, деди. Шундай дегандан сўнг кабиса қилмадилар. Бу Офтобни кузатиб туриш ва ҳар йили Офтоб Ҳамал буржига кирганда Наврўзни байрам қилишни буюрган Маъмун замонасигача давом этди. Шундай қилиб “Зич-и Маъмуний” тузилди ва шу пайтгача йил ҳисобини шу зич ёрдамида бажарадилар. Бу то Мутаваккил замонасигача давом этди. Мутаваккилнинг Муҳаммад ибн Абдал-Малик деган вазири бор эди, у Мутаваккилга ўрим солиғи шундай вақтга тўғри келяптики, уни амалга ошириш ғалла вақтидан узоқ бўлаяпти ва бу одамларни қийнаяпти, Ажам подшоҳларининг одатича, одамлар ҳосил йиғилгандан кейин солиқ тўлаш пайтида қийналмаслик учун йилни ўз ўрнига қайтармоқ мақсадида кабиса қиладилар, деб айтди. Мутаваккил розилик билдириб, кабиса қилишга буюрди ва Офтобни Саратондан фарвардинга қайтардилар. Шундан кейин одамлар тинчланиб яна ўша одатга риоя қила бошладилар.

Шундан кейин Сеистон амири Ҳалаф ибн Аҳмад бошқа кабисани жорий қилди. Ўша даврдан бизнинг замонгача ўн олти кун фарқлана бошлади. Саодатманд ва дин таянчи Султон Маликшоҳ бундан хабар топиб эски кабисани жорий этиш ва йилни ўз жойига қайтаришга буюрди. Бунинг учун ўша замондаги Хуросон олимларини чақиртирди. Улар кузатиш учун барча ишларни бажардилар — деворлар кўтаришди, устурлаб ўрнатдилар ва шунга ўхшаш ишларни амалга ошириб, Наврўзни фарвардинга кўчирдилар.

Умар Хайёмнинг “Наврўзнома” асари билан танишиш асносида  йил ойларининг ўша даврдаги номлари ҳақида маълумотлар олиш мумкин. Масалан, “Фарвардин ойи — “фарвардин” — паҳлавийча сўз ва унинг маъноси айнан жаннатлар бўлиб, бу ой ўсимликлар ўсишининг бошланишидир. Бу ой Ҳамал буржига оид. Бинобарин, ойнинг бошидан то охиригача офтоб шу буржда бўлади.

Урдбиҳишт ойи —  бу ойни урд биҳишт деб атадилар, бу ойда ўзининг кўкариши ила жаннатмонанддир, урд паҳлавий тилида “монанд” дегани. Офтоб бу ойда ҳақиқий айланиши бўйича Савр буржида бўлади. Бу ой баҳорнинг ўртасидир.

Хурдад ойи  — одамларни буғдой, арпа ва мевалар билан боқади. Офтоб бу ойда жавзо буржида бўлади.

Тир ойи — бу ойни “тир” атадилар, чунки бу ойда буғдой, арпа ва бошқа нарсаларни тақсим қиладилар. Офтобнинг авжи пасая бошлайди. Саратон буржида бўлади. Бу ой ёз ойининг биринчисидир.

Мурдод ойи — тупроқ берди, яъни унда етилган мева ва сабзавотларни берди. Яна бу ойда ҳаво тупроқ тўзонига ўхшайди. Бу ой ёз ўртасидир. Офтоб Асад буржида бўлади.

Шаҳривар ойи — бу ойни шаҳривар дейдилар, чунки бу даромад ойидир, яъни подшоҳларнинг даромадлари шу ойга тўғри келади. Бу ойда деҳқонга ўлпон тўлаш осон. Офтоб Азро (Сунбула)да бўлади. Бу ёзнинг охирги ойи.

Меҳр ойи  — бу ойни меҳр дейишади, чунки у инсонлар ўртасидаги дўстлик ойидир ва пишган барча мева ва бошқа нарсалар ҳамда ўзларининг улушларига текканини бирга баҳам кўрадилар. Офтоб бу ойда Мезонда бўлади, яъни кузнинг бошланишидир.

Обон ойи, яъни бу ойда бошланган ёмғирлардан сув кўпаяди ва одамлар экинларини суғорадилар. Офтоб бу ойда Ақрабда бўлади.

Озар ойи — паҳлавий тилида озар “олов” деганидир. Бу ойда об-ҳаво совий бошлайди ва оловга муҳтожлик пайдо бўлади, яъни бу олов ойидир. Офтоб бу ойда Қавс буржида бўлади.

Дай ойи — паҳлавий тилида “дай” девни англатади. Бу ойни “дай” дейишларига сабаб, у қаҳрли ва бу ойда ер кўкаришдан йироқдир. Офтоб Жадида бўлади. Бу қишнинг биринчи ойи.

Баҳман ойи — ўшанга ўхшаган, дегани. Чунки бу ой ўша дай ойига ўхшаб совуқ ва қуруқдир. Офтоб бу ойда Зуҳал хонасида, далвнинг жади билан туташ ерида бўлади.

Исфандармуз ойи — бу ойни “исфандармуз” дейдилар, “исфанд” паҳлавий тилида мевани англатади, бу ойда мевали дарахт ва ўсимликлар кўкара бошлайди. Офтоб бу ойда охирги Ҳут  буржига етиб келади.

… Умар Хайём ўзининг “Наврўзнома” асарини қуйидагича содда, равон тилда якунлайди: Наврўзнинг келиб чиқиш тарихи мана шу. Буларнинг ҳаммасини биз аждодларимизнинг китобларидан топдик ва олимлардан эшитдик.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan