Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ёзувчи, драматург, журналист Тўлқин Муҳиддин таваллудининг 85 йиллигига бағишланган ижодий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирни уюшма раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо олиб борди ва адибга уюшманинг эсдалик совғаларини топширди.
Учрашувда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг 1-ўринбосари Шароф Убайдуллаев, “Ишонч” ва “Ишонч — Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар — Шуҳрат Жабборов, Ашурали Жўраев ва бошқалар сўзга чиқди.
Ёзувчи ва журналист Тўлқин Муҳиддин бугунгача 50 га яқин драматик асар, ўнлаб ҳикоя ва қатралар ёзган. Уларнинг кўпи газета ва журналларда нашр этилган. Радиолавҳалар, теленовеллалар тайёрланган. Театрларда саҳналаштирилган ҳамда китоб ҳолида чоп этилган. Хусусан, “Саодатнинг жасорати”, “Ўчмас битиклар”, “Қалби қалбига монанд дўстлар давраси”, “Турмуш маданияти”, “Қалбим кўзи билан кўраман сизни”, “Ўғил бола гап”, “Театр санъати заргари”, “Меҳрибонларим” каби бадиий китоблари нашр қилинган.
Тўлқин Муҳиддин “Гулхан” журнали, “Тошкент оқшоми”, “Ишонч” ва “Ишонч—Доверие”, “Кўзгу”, “Кўзгу ХХІ”, “Нуроний”, “Абу Али ибн Сино”, “Қалдирғоч” каби қатор газеталарда меҳнат фаолиятини олиб борган.
“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг 1-ўринбосари Шароф Убайдуллаев Тўлқин Муҳиддин ижодий фаолияти, унинг бугунги журналистика ва адабиётимизга қўшиб келаётган ўзига хос ҳиссасини алоҳида қайд этиб ўтди. Ўз навбатида, адибга мустаҳкам саломатлик, оилавий хотиржамлик ва жўшқин ижодий куч тилади.
— Тўлқин ака хато ва камчиликларимизни, ютуқларимизни очиқ айтадиган меҳрибон устозимиздир. Ҳар келганида ўзларидан меҳр таратиб кетадилар. Энг аввало, “Ишонч” газетасини ташкил қилганлар ва таҳририятда шундай из қолдирганки, бугун биз, издошлар ана шу йўлни давом эттирмоқдамиз.
Тўлқин Муҳиддин нафақат ёзувчи ва журналист, балки илмий соҳада ҳам эътибор қозонган. У йигирмадан зиёд олий таълим муассасаларида ишлади. Узоқ йиллар Санъат ва маданият институтида дарс берди. Республикада биринчи бўлиб, “Журналистика асослари” ўқув қўлланмасини нашр қилди. Кейинчалик профессор Мухтор Худойқулов билан ҳамкорликда “Журналистикага кириш” дарслиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Муҳаббат Тўлахўжаева билан ҳамкорликда “Драма назарияси” ўқув қўлланмасини ёзди.
— Фаолиятим давомида муҳаррирнинг талаш бўлганини биринчи кўришим, — деди Ашурали Жўраев. — Тўлқин акани, ҳар бир газета бизнинг муҳаррир, дейди. Устознинг илк муҳаррирлик қадами “Гулхан” журналидан бошланган. Янглишмасам, Тўлқин ака 10 та таҳририятда бош муҳаррир бўлганлар. Бу инсон касбига, ҳамкасбларига бўлган меҳр-муҳаббати билан матбуотда ўз изларини қолдира олган.
Тўлқин Муҳиддиннинг таржимон сифатидаги хизматлари ҳам эътирофга лойиқ. Осиё ва Африка ёзувчиларининг эртак ва ҳикоялари ўрин олган “Дастлабки учқун”, Святослав Сахарновнинг “Қиссалар”, Юрий Дмитриевнинг “Табиат мўъжизалари”, Миёко Матсутанининг “Таронинг тоғлар ўлкасидаги саргузаштлари” каби қатор таржима китоблари шулар жумласидан.
Учрашувда бир қатор газета таҳририятлари, ҳамкасблари ва шогирдлари адибга эсдалик совғаларини топширди.
Майсара Назарова,
“Нуроний” мухбири.