Бугун юртимизда кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибалари, улкан билим-малакасидан ёш авлод таълим-тарбияси, аҳоли фаровонлигини таъминлашда самарали фойдаланишга давлатимиз раҳбарияти томонидан устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлисга ва кўп миллатли Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида нуронийлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик зиммасига ёшлар тарбиясида янада масъулиятли бўлишдек вазифалар юкланди. Айни ташаббусларнинг тўлақонли амалга оширилишида, ислоҳотларнинг самарадорлигига эришишда “Нуроний” жамғармасининг жойлардаги бўлимлари томонидан ташкиллаштириб келинаётган тадбирларнинг аҳамияти катта, албатта. Қорақалпоғистонлик нуронийлар ҳам бугун ўзларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан баҳраманд бўлиб, ёшлар тарбияси, оилалар тотувлигини таъминлашда кекса, ўрта ва ёш авлод ўртасида олтин кўприк бунёд этиш ва уни янада мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб келмоқдалар.
Қорақалпоғистон Республикасида айни пайтда 228210 нафар пенсионерлар умргузаронлик қилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши даврида мамлакат ичкарисидаги меҳнат фронти фахрийлари 75 нафар (шундан 57 нафари аёллар), 100 ва ундан юқори ёшдагилар 15 нафарни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Камбағалликдан — фаровонлик сари”дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2024 йил 25 ноябрдаги 405-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, маҳаллалардаги катта ҳаётий тажрибага эга бўлган обрў-эътиборли уч нафардан фаол нуронийлар бештадан камбағал оилаларга бириктирилди. Биринчи босқичнинг ўзида 1236 нафар фаол нуроний жалб этилиб, улар 5939 нафар камбағал оилага масъул сифатида тайинландилар. Оилаларни камбағалликдан чиқариш йўналишида хонадонлар томорқаларидан самарали фойдаланиш, юқори даромадли экин турлари экилишини ташкил этиш учун жами 12304 гектар ер майдони ажратилган. Етиштирилган маҳсулотларни реализация қилиш, оилани даромад топишга ўргатиш учун 5 та кўчма дўкон, 22 та кичик ишлаб чиқариш ускуналари, 36 та бошқа зарур техника воситаларини бўлиб тўлаш шарти билан ижарага олишга, 264 та камбағал оилага кредитлар ажратилишига эришилди. 65 та камбағал оилаларда иссиқхоналар ташкил этишга кўмаклашилди. Шу билан бир қаторда, камбағал оилаларга 3485 дона парранда тарқатилди. 312 тасига қорамол ва қўйлар берилди. Бу каби амалий саъй-ҳаракатлар натижасида 2632 нафар оила камбағалликдан чиқарилди. Жумладан, 632 нафари ишга жойлаштирилди, 86 нафари ўзини-ўзи банд қилди, 987 нафари касбга йўналтирилди. 366 нафари қизиқишларидан келиб чиқиб, ҳунарманд ва усталарга шогирдликка берилди.
2025 йил 2-ярим йиллигида эса 452 та маҳалладан танлаб олинган 1236 нафар фаол нуронийга 6050 та камбағал оила бириктирилди ва олиб борилган ташаббусларнинг самараси ўлароқ, 3709 нафар камбағал оила аъзоларининг бандлиги таъминланиб, камбағалликдан чиқарилди. Шундан 709 нафари ишга жойлаштирилди, 1658 нафари ўзини ўзи банд қилди. 1342 нафари касбга йўналтирилди.
Ўтган йили бир қатор спорт турлари бўйича ташкил этилган мусобақалар қорақалпоғистонлик нуронийларнинг ҳам умрига умр қўшди десак, муболаға эмас. Шахмат тури бўйича ўтказилган беллашувларда 2350 нафар кекса авлод вакиллари иштирок этган бўлса, шашка мусобақаларида 2920 нафар, мини-футбол бўйича ташкил қилинган беллашувларда 2955 нафар, миллий кураш тури бўйича ўтказилган баҳсларда 2260 нафар нуроний спортчилар фаол иштирок этдилар.
Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида, республика, туман ва шаҳарлар, маҳаллалар даражасида фаолият юритадиган “Нуронийлар ва ота-оналар кенгашлари” ташкил этилди. Ҳозирда ушбу кенгашлар фаоллари ёшларни ватанпарварлик руҳида, касб-ҳунарли қилиб тарбиялашда фаол иштирок этиб, янги ташаббусларни илгари суришмоқда.
Нуронийлар, ёзувчи, шоир, олим ва санъаткорлар, спортчилар, фермер ва ҳунармандлар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, давлат мукофоти соҳиблари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтаётган “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ёшлар учун чин маънода ибрат мактабига айланмоқда.
“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва туман бўлимларидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 118 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексаларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, улар белгиланган тартибда моддий рағбатлантирилди. “Кексалар учун туризм” лойиҳаси ҳам изчил ташкиллаштирилиб, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига 108 нафардан, жами 324 нафар нуронийларнинг, Хива шаҳрига эса 8000 нафар нуронийларнинг саёҳати уюштирилди.
“Бир нуроний — ўн ёшга масъул” лойиҳаси доирасидаги кўрик-танловнинг туман, шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси миқёсидаги босқичлари уюшқоқлик билан ташкил қилинди. Танловнинг Ўзбекистон Республикаси босқичида иштирок этган қорақалпоғистонлик фаол нуроний Сарибийке Қаллашова “Энг жонкуяр нуроний” номинацияси ғолиби бўлди ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Нуронийлар жамоатчилик кенгаши ва маҳаллалардаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари томонидан 7202 марта жамоатчилик назорати тадбирлари амалга оширилди. Бунда асосий эътибор аҳолининг ижтимоий соҳадаги муаммолари, жумладан, озиқ-овқат ва дори-дармон нархларининг сунъий оширилиши, тадбиркорлик фаолияти, бандлик, томорқадан ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, “Яшил макон” тадбирларининг ҳолатига қаратилди.
Бу жараёнда нуронийлар билан бир сафда “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши фаолларининг ҳам ўзига хос ташаббус кўрсатаётганликларини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Маълумки, Қорақалпоғистон Республикасининг 452 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида 9-11 нафардан, жами 5075 нафар, жамғарма шаҳар ва туман бўлимларининг ҳар бирида 15 нафардан, жами 270 нафар аъзолардан иборат “Бувижонлар мактаби” ташкил этилган бўлиб, уларга ҳудудлардаги нуроний онахонлар, фаол хотин-қизлар, жонкуяр аёллар қамраб олинган.
Ўтган 2025 йил давомида барча туманларда “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди. “Нуроний ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси, 2025 йил сентябрь ойи — “Оилаларни мустаҳкамлаш ва ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш ойлиги” доирасида “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Адлия вазирлиги, Фуқаролик суди судьялари, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари ҳамкорлигида 452 та маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари, қайноналар ва келинлар иштирокида “Қайнонам — онам менинг, келиним — болам менинг” мавзусида семинарлар ўтказилди.
Ажрим ёқасига келиб қолган оилалар туманлардаги тарғибот гуруҳлари ҳамда бириктирилган отинойилар, “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши аъзолари, маҳалла раислари иштирокида ўрганилиб, оилани сақлаш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Шунингдек, тадбирлар давомида эрта турмуш қуришнинг олдини олиш, кийиниш маданиятига амал қилиш, миллий урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлашга бағишланган давра суҳбатлари ташкил қилинди. Айни амалий саъй-ҳаракатлар натижасида Қўнғирот туманида 28 та, Хўжайли туманида 12 та, Нукус туманида 10 та, Республика бўйича жами 70 та оилани сақлаб қолишга эришилди.
“Бувижонлар мактаби” аъзолари “Маърифат орқали камбағалликни қисқартириш” дастури доирасида туманлардаги маҳаллалар аҳолиси билан учрашиб, ота-оналарга камбағалликдан қутулишнинг биринчи йўли —болаларни илмли, касб-ҳунарли қилиш, меҳнатга ўргатиш эканлигини таъкидладилар.
Умумтаълим мактабларида ҳар ойнинг пайшанба куни “Нуронийлар тарбиявий соатлари”ни ўтказиш белгиланган бўлиб, фаол нуронийлар томонидан ўқувчиларнинг мактабга келиб-кетиши, ўқитувчилар томонидан берилаётган таълим-тарбия жараёни, ёшларнинг машғулотлардаги иштироки ўрганилиб, назоратга олинмоқда. Ўз навбатида, нуроний отахону онахонлар ўқувчиларга кийиниш маданияти, тартиб-интизом қоидаларига амал қилиш, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлиш, яратилган шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, пухта билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш зарурлигини уқтирмоқдалар.
Албатта, юқоридаги каби кўрсаткичлар тизимли равишда олиб борилган тадбирлар натижасидир. Бироқ шуниси ҳам борки, олдинда ҳали ютуқларимиздан кўра, ҳал этилиши лозим бўлган қатор вазифалар турибди. Шу маънода, айтиш керакки, 2026 йил — Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили барчамиз учун матонат ва шижоат йили бўлиши зарур. Олдиндаги вазифаларни тўлақонли адо этиш барчамиздан ғайрат-шижоат, юқори масъулият ҳамда ишчанликни талаб қилади.
Зеро, мамлакатимизда нуронийларнинг фаоллигини таъминлаш жамиятимизда фаровонлик, тинчлик-хотиржамликка эришиш демакдир. Негаки, улуғлари қадрланган, уларга юксак ишонч-эътибор билдирилган юртда, шубҳасизки, ислоҳотлар бардавом, тараққиёт эса муқаррар бўлади.
