Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти соҳиби, академик Азизхон Қаюмов ҳаёт бўлганида бу йил 100 ёшга тўларди.

 Азизхон Қаюмов  1926 йил Қўқон шаҳрида дунёга келган.1949 йил Ўрта Осиё давлат университетининг Шарқ факультетини тугатган. 1949 йилдан бошлаб Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш институтида кичик илмий ходим, Шарқшунослик институтида илмий котиб, Тил ва адабиёт институтида директор лавозимларида ишлаган.

Азиз Қаюмов раҳбарлигида кўплаб фан номзодлари ва фан докторлари етишиб чиққан бўлиб, улар ҳозирги кунда республикамиз илм-фанини юксалтириш йўлида муносиб хизмат қилмоқдалар.

Азиз Қаюмовнинг хизматлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, “Эл-юрт ҳурмати” (2003), “Ўзбекистон белгиси” (1995), “Шуҳрат” медали (1995), “Буюк хизматлари учун” ордени (2014) билан тақдирланган.

Қуйида эътиборингизга ҳавола қилинаётган суҳбат 2008 йилда эълон қилинган бўлиб, унда Азиз Қаюмовнинг хотиралари жамланган. 

Дор остидан қайтиш…

Мен 1926 йилнинг 19 январида Қўқон шаҳрида бор бойлиги китобу қўлёзмалардан иборат бўлган зиёли оилада дунёга келдим. Отамнинг бобоси Абдураҳим Мирзо Қўқон хони саройида мирзабоши бўлган. ХIХ асрнинг иккинчи ярмида хонлар тез-тез алмашиб турган. Янги тахтга ўтирган хонлардан бири Абдураҳим Мирзони ҳам аввалги ҳукмдорнинг одами деб ўлимга ҳукм қилган. Катта бобомизни дорга олиб кетишаётганда, шаҳар аҳли норозилик билдириб, хондан ҳукмни бекор қилишни талаб этган. Хон чопар юбориб, катта бобомни дор остидан қайтарган… У киши ҳақида Қўқон хонлиги тарихига оид “Ансоб ус-салотин” китобида ҳам маълумот бор. Абдураҳим Мирзонинг ўғиллари, яъни менинг бобом Абдуқаюм Мирзо хаттотлик билан шуғулланган. Тошкентда тошбосма усулида китоб чоп этиш эндигина йўлга қўйилган даврлар. Бобомиз Ҳофиз, Навоий, Фузулий, Бедил девонларини ҳуснихат билан кўчириб берган ва ана шу қўлёзмалар литография усулида кўпайтирилган. Бобомиз кўчирган китоб нусхалари ҳозир ҳам Шарқшунослик институтида сақланади.

 Академикларни тарбиялаган муаллим

Дадам — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Пўлатжон домла Қаюмов бир умр муаллимлик қилиб ўтганлар. Шоир Ҳамза билан яқин қадрдон бўлган дадам Қўқонда усули жадид — янги усулдаги мактаб очганлар. Бу мактабдан кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси президентлари, икки забардаст олим — Убай Орифов ва Теша Зоҳидов етишиб чиқди.

Дадам уч китобдан иборат “Тазкирайи Қаюмий”, “Қўқон тарихи ва унинг адабиёти” асарларини ёзганлар. Форсийзабон ижодкорлар ҳақида ўзбек тилида икки жилдлик “Тазкират уш-шуаро” қомусини тузганлар, учта йирик тазкирани форсчадан ўзбек тилига ўгирганлар.

Онам Адолатхон Қаюмова ҳам хат-саводли, адабиётдан яхши хабардор зиёли аёл эдилар.

Болаликдан уйимизда шеърхонлик мажлислари кўп бўларди. Дадам Навоий, Фузулий, Машраб ғазалларини худди Қуръон тиловат қилгандек чиройли оҳанг билан ўқирдилар. Ғазал оҳанглари ҳали ҳам қулоғим остида жаранглайди. Дарвоқе, марҳум укам — филология фанлари доктори, профессор Лазиз Қаюмов ҳам дадамизнинг таълим-тарбияларини олиб илмда юқори поғоналарга кўтарилди.

 Чархийнинг суюкли шогирди

Кўнглимда ижод ва адабиётга муҳаббат жуда эрта уйғонди. Мактабда ўқиб юрган пайтимданоқ унча-мунча шеърлар машқ қилиб турардим. Мактабда қўлимга қалам тутқазиб, хат-саводимни чиқарган инсон — Қўқонда донғи кетган тил ва адабиёт муаллими Ҳамзахон Аббосов эди (Ўзбекнинг машҳур режиссёри бўлиб етишган Шуҳрат Аббосов шу кишининг жияни бўлади).

Ёдимда, мактаб даврида Қаюм Пўлат исмли адабиёт муаллими Алишер Навоий ҳақида икки соат дарс ўтди. Ана шу икки соатгина сабоқ бутун умрга татиди дейиш мумкин. Ўзим учун Навоийнинг янги қирраларини кашф этдим. Кўнглимга Навоий ижодини чуқур ўрганишни тугдим.

Кунларнинг бирида аруз вазнида ёзган шеъримни юрак ютиб Чархий домлага олиб бордим. Чархий Қўқон адабий муҳитининг етакчиси, жуда обрўли шоир эди. Шеърим у кишига маъқул тушди. Эртага келинг, у ёқ-бу ёғига қалам уриб таҳрир қилиб қўяман, дедилар. Домла кўриб берган шеърим Қўқон шаҳри ва Фарғона вилояти газетасида чоп этилди.

Чархий домла билан у кишининг вафотига қадар устоз — шогирд бўлиб қолдик. Мумтоз адабиётимиз қомуси бўлган бу инсондан кўп сабоқлар олдим.

  “Ғазал муаллифини топиб келинглар!”

Ёшлигим очарчилик, қаҳатчилик даврига тўғри келди. Ҳар кўча, ҳар хонадонда мудҳиш уруш кўланкасини кўриш мумкин эди. Ана шундай оғир пайтда ўнинчини “аъло”га битирдим. У маҳаллар “аъло” аттестат билан собиқ Иттифоқдаги барча олий ўқув юртларига имтиҳонсиз кириш мумкин эди. Аммо қўлимда ҳужжат бору, Қўқонда университет йўқ! Тошкентга борай десам, замон оғир. Шундан кейин Қўқон нефть техникумига ўқишга кирдим.

Техникумда ўқиб юрган пайтимда ҳаётимни ўзгартириб юборган ҳодиса рўй берди. Ўша пайтда Ўзбекистон раҳбари бўлган Усмон Юсупов Чархий домла билан жуда қадрдон эди, Қўқонга йўли тушса, албатта йўқлаб ўтарди. Бундай учрашувлар эса қўшиқ ва шеърхонликсиз ўтмасди. Ана шундай ташрифлардан бирида Фазлиддин қори деган ҳофиз менинг ғазалим билан қўшиқ куйлайди. Қўшиқ Усмон Юсуповга маъқул тушади, ғазал муаллифини топиб келинглар, у билан гаплашмоқчиман, дейди. Усмон Юсупов мен билан суҳбатлашгач, Тошкентга бориб ўқишни маслаҳат берди.

Қибрайдан университетгача пиёда қатнардим

Усмон Юсуповнинг чорлови билан Тошкентга келдим. У киши мени ўз фарзандидек оиласига қабул қилди. Мен Қибрайда Усмон Юсуповнинг ёзлик боғида яшай бошладим, Ўрта Осиё давлат университетининг шарқ факультетига ўқишга кирдим.

Факультетимиз ҳозирги Тошкент юридик институти биносида жойлашганди, жой етишмаслигидан иккинчи сменада ўқирдик. Дастлаб ўқишга пиёда қатнашга тўғри келди. Қибрайдан яёв йўлга тушиб, икки ярим соат деганда, Салордаги трамвай бекатига — ҳозирги Пушкин майдонига келардим. У ердан трамвайга ўтириб, факультетга амаллаб етиб олардим. Йўл кўп вақт оларди. Шу сабаб, икки жуфт дарсдан кейин учинчисига кирмасдан яна орқага қайтардим…

Кейинроқ Усмон Юсуповнинг Тошкент марказидаги уйига (у ерда ҳозир Индонезия элчихонаси жойлашган) кўчиб ўтдим. Беш йиллик талаба ҳаётим шу ерда кечди.

Ўша маҳаллар мен ёзган бир нечта мухаммас ва ғазални халқ ҳофизлари — Жўрахон Султонов ва Маъмуржон Узоқов қўшиқ қилиб айтди. Бу эндигина адабиёт остонасида турган талаба учун катта ютуқ эди.

 Харобадан топилган хазина

Университетни 1949 йили қизил диплом билан тугатдим. “Исмат Бухорийнинг ижодий мероси” мавзусида битирув иши ёздим. Мени Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтига ишга юборишди. Шу ерда яна бир устозим, академик Воҳид Зоҳидов билан танишдим…

Шоир Махмур ҳаёти ва ижоди бўйича жуда кам маълумотга эга эдик, фанга унинг “Ҳапалак” шеъригина маълум эди. Махмур ижодига қизиқиб юрган пайтларим Қўқонда янги девон топилгани дарагини эшитиб, зудлик билан етиб бордим. Бир киши хароба уйдан қўлёзма топиб олибди. У кимга қарашли эканию, нималар ёзилганини билмайди, арабий хатни ўқиёлмайди ҳам. Яхшики, ўз вақида бундан хабардор бўлдик. Акс ҳолда, нодир девон йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин эди-да. Бу адабиёт аҳли учун янгилик бўлди. 1954 йили Махмур ижоди бўйича номзодлик ишини ҳимоя қилдим.

Бу орада Нодира, Увайсий тўпламларини чоп эттирдим, Ғозий, Ҳозиқ каби қўқонлик шоирлар ҳаёти ва ижодини тадқиқ қилдим.

Бир неча йиллик изланишлардан кейин 1961 йили “Қўқон адабий муҳити” мавзусида докторлик диссертациясини ёқладим. Диссертацияга ҳакамлик учун Озарбайжондан таниқли олим Ҳамид Ораслини таклиф этдик. У киши диссертацияни ижобий баҳолади.

Докторлик ишим танқидга учрагани ҳам бор гап. Айрим сиёсий ҳушёр кишилар “сарой шоирлари” ҳақидаги ёзганим учун мени айблаб чиқишди. У маҳаллар мумтоз адабиёт вакилларининг аксариятига “сарой шоири” тамғаси қўйилган ва улар ҳақида ижобий фикр айтиш имконсиз эди. Ана шу мафкура таъсирида Бобур, Амирий, Убайдий, Феруз каби шоирлар эътибордан четда қолганди…

 Қадимият обидалари

1960 йилларда олий ўқув юртлари учун қадимги даврдан то ҳозиргача адабиёт тарихи дарсликларини яратдик. Бу орада адабиётимизнинг энг қадимги даврларига қизиқиб қолдим. Жаҳонга машҳур Ўрхун-Энасой битиклари, “Девону луғотит турк” асарини ўрганиб чиқдим. Шу асосда 1972 йили “Қадимият обидалари” китобим нашрдан чиқди. Ўша йиллари Беруний, Ибн Сино каби алломалар асарини ўрганишга киришдик. Ибн Синонинг Европада ўрта асрларда дарслик сифатида ўқитилган кўп жилдлик “Тиб қонунлари” таржимасида қатнашдим.

Алишер Навоий асарлари хусусида китоб ёзиш болалик орзум эди. Аммо жиддий ҳозирликсиз бу мавзуда қалам тебратиш амри маҳол эканини яхши билардим. Узоқ тайёргарликдан кейин — 1975 йили “Хамса”нинг бешинчи достони “Садди Искандарий” хусусида монография ёздим. Илк муваффақият мени руҳлантириб юборди. Шундан кейин асосий диққат-эътиборни Навоий ижодини ўрганишга қаратдим. Ўтган йиллар мобайнида “Хамса” беш достонига бағишланган бешта монографиям чоп этилди. Кейинроқ Навоийнинг кам ўрганилган асарлари устида ишладим. Ана шу изланишлар асосида “Нодир саҳифалар” китобим дунё юзини кўрди. Алишер Навоий ижодини, асарларини ўрганиб, кўпдан қидирганимни топгандек бўлдим.

Сабр ва шукр — ҳаётий қоидам

1970 йилларда маданият институтида дарс бераётган пайтимда талабалардан бири: “Cиз Алишер Навоий ҳақида шундай тўлқинланиб гапиряпсизки, бу билан уни идеаллаштиришга уринаётгандексиз”, деб эътироз билдириб қолди. Мен жавобни қисқа қилиб, талабага машҳур шарқшунос олим Бертельс фикрини эслатдим: “Навоий шундай даҳоки, уни идеаллаштирмасликнинг имкони йўқ!”

Чиндан ҳам, ҳаётда нимаики муаммо бўлса, унга Навоий ҳикматларидан жавоб топиш мумкин. Улуғ шоир “Ҳайрат ул-аброр”нинг иккинчи мақолотида имоннинг асоси сабр ва шукрдан иборат эканини ёзади. Ҳаётда нима рўй берса, сабрдан чекинма, яхшиликдан хурсанд бўлиб кетма, мусибатдан эзилиб ўзингни йўқотма, дея насиҳат қилади шоир. Ўзим ҳам ҳар қандай оғир ҳолат, турли ташвиш ёхуд мусибатларга рўбарў бўлганда сабр ва шукрга суянаман.

Яна бир ҳаётий қоидам — душманлик, ҳасад, адоватдан йироқ бўлиш. Бу борада Навоийнинг:

“Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлинг бир-бирингизга, ки эрур ёрлиғ иш”

ҳикматини доим такрорлаб юраман.

Ушалмас ва ушалган орзулар

Шукрки, маърифатли ота-она қўлида тарбия кўрдик. Ўз вақтида уларнинг ҳурматларини жойига қўйдик. Аммо ёш бир жойга бориб ўйлаб кўрсам, барибир ота-онага кўрсатиладиган ҳурматнинг мингдан бирини ҳам қилмаган эканмиз. Энг бахтиёр инсонлар — ота-онаси барҳаёт инсонлар. Ёшларга ота-онани ғанимат билиб, уларга хизмат қилиб қолиш ва дуоларини олиш кераклигини эслатиб ўтмоқчиман. Қани энди ота-онам тирик бўлсалару, уларга яна яхшиликлар қилсам, дейман…

Яна бир орзум, асарларимни жамлаб чиқариш эди. 2008 йилдан бери Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида “Асарлар”им чиқа бошлади. Ҳозирча беш жилди чоп қилинди, мўлжал бўйича “Асарлар” ўн беш жилдга етади. Ўқувчилар Навоий, Бобур, Ҳувайдо, Фурқат, Огаҳий каби шоирлар, Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек сингари олимлар ҳақидаги китобларим, мумтоз адабиётга оид мақола ва таржима асарларимнинг тўлдирилган, қайта ишланган варианти билан танишадилар.

Талабаликдан қолган одатим — ҳар куни эрта тонгда беш саҳифа ёзаман. Ҳатто чет эл сафарларига чиққанимда ҳам ана шу одатни канда қилмаганман. Негаки, ёзиш мен учун — кўнгил амри, қалб эҳтиёжи…

Абдул Собир суҳбатлашди. 

2008 йил.

kh-davron.uz сайтидан олинди.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan