…Ойбек 1943 йил 7 апрелда Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги “Қуёш қораймас” романини ёза бошлади. Газеталардан кўп материаллар йиғди. Юқорида айтиб ўтганимдек, уч ойдан ортиқ фронтни оралаб, уруш сўқмоқларида кезиб, Маскав бўсағаларида жон олиб, жон бераётган ўзбек, қозоқ, рус, украин жангчилари ила суҳбатлашиб, уларнинг кайфиятлари, феъл-атворлари, каҳрамонликларини мушоҳада этди. Уруш тўхташи ила Сталинградга бирга бордик; емирилган, куйган, хароба қишлоқ ва шаҳарларни, ағдарилган, яраланган далаларни кўрдик. Сафардан қайтгач, соғ-саломат даврида романнинг дастлабки 302 саҳифасини ўз қўли ила ёзди. Лекин турли сабабларга кўра, асарни ўша даврда тугата олмади. Секин-аста соғая бошлагач, у романнинг қолган қисмини менга айтиб турди, мен ёздим.
Ойбек ўша кезларда менинг ишдан келишимни ошиқиб кутарди. “Овқатлан, чой ич, ёзамиз. Миямда ҳаммаси тайёр, тахтланган, тезроқ айтиб берсам”, — дер эди у шошиб.
Мен икки-уч соат давомида ёзаман. Кейин: “Бас, Ойбек, чарчадингиз!” — дейман. “Йўқ, чарчамадим, яна жиндай сабр қил”, — дейди у. “Сизга кўп ишламоқ мумкин эмас”,— десам, қулоқ солмайди.
Хуллас, роман 1957 йили тамомланди, 1959 йилда эса нашр этилди. Кечикмай рус тилига ҳам таржима этилди. Ойбек орада шеърлар, майда илмий мақолалар, “Бобом” достони, “Болалик” қиссаси, ҳатто Покистон халқи ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Нур қидириб” қиссасини ҳам ёзиб тугатди.
Ойбек “Болалик” (“Болалик хотираларим”) қиссасини 1943 йил июнида бошлаб қўйган ва 12 саҳифасинигина ёзган экан. Хасталик даврида яна шу асар устида ишлаб, уни 1963 йили китоб шаклида нашр этди. Қисса рус ва украин тилларига ҳам таржима этилди, Ҳамза номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди.
“Нур қидириб” киссаси устидаги иш 1950 йил 9 февралда бошланган. Ойбек дастлаб асарнинг 143 саҳифасини ёзди, кейин уни хасталик даврида тамомлади. Асар 1958 йили ўзбек тилида, 1959 йилда эса русча таржимада босилиб чикди.
“Алишернинг ёшлиги” (“Бола Алишер”) қиссаси ҳам нақ шундай бошланиб, 50-йиллар охирида тамомланди. Вафотидан сўнг, 1976 йилда нашрдан чиқди.
Юқорида тилга олинган асарларнинг барчаси Ойбекнинг соғ вақтида режаланган ва бошланган эди. Аммо унинг бутун вақти ва кучи академия ҳамда Ёзувчилар уюшмасида сарф бўлганлиги сабабли улар ўз вақтида тамомланмай қолган. Ойбек буларни хасталик пайтида сўл қўли билан ёзишга уринди ё менга айтиб турди.
Ойбекнинг хасталик йилларида ёзган асарларининг ўзи бир талай. Буни кўриб, унинг дўстлари, айниқса, ҳайратланар ва: “Ойбек соғ ёзувчилардан кўра ҳам самарали ишламоқда”, деб суюнар эдилар.
Ойбек эса қачон тузаламан, деб жуда хафа бўларди. Мен: “Сабр қилинг, соғлиғингизнинг шунчалик тузалиб қолганига шукр қилинг”, деб уни овутишга тиришар эдим.
… Ойбек 17 йил давомида оғир хасталик ила мардона курашди. Мен унинг кундалик кайфиятини, тилагини, умидини кўриб бордим; бирга ҳис қилдим, бирга қадам босдим.
Ўғиллар катта бўлиб қолишди. Уй торлик қила бошлагани учун ҳовлининг тўрига пишиқ ғиштдан икки қаватли уй қурдик. Энди пулимиз ҳам етарли, дўконларда қурилиш материаллари ҳам сероб, қийналмадик. Шипларни ганчлаб, шарафалар билан кўркамгина уй қуриб олдик. Табиблар ҳам Ойбек офтобрўй уйда яшасин, деб маслаҳат берган эдилар. Бу ҳам янги уй қуришимизнинг сабабларидан бири бўлди. Ойбек, мен ва кичик ўғлимиз Суюнбек 1958 йилда шу янги уйга кўчиб ўтдик.
Шу йили Тошкентда Осиё ва Африка ёзувчиларининг биринчи конференцияси ўтиши мўлжалланганлиги сабабли, биз уйни шошилинч равишда қуриб тугатган эдик.
Конференцияга келган меҳмонлар орасида Н.С.Тихоновга ўхшаш Ойбекнинг яқин дўстлари, покистонлик Файз Аҳмад Файз, шоир Ҳофиз, Ироқ ва Жазойирдан, Непал ва бошқа мамлакатлардан келган ёзувчилар бор эдилар. Ойбек ҳали тузалиб кетмаган бўлса-да, конференция ишида иштирок этди, сўнг Тошкентга келган меҳмонлар шарафига катта зиёфат берди. Зиёфатда қамоқхонадан эндигина бўшаган Файз Аҳмад Файз ҳам иштирок этди. Мен унга Ойбекнинг “Нур қидириб” қиссасини ҳадя этар эканман, асардаги Муҳаммад Жамол образи унинг жанговар ҳаёти асосида яратилганини айтдим. У хурсанд бўлиб, асарни пушту тилига таржима қилажакларини айтди.
1958 йил декабрида Ойбек Маскавга, Олий Совет сессиясига борадиган бўлди. Мен бу сафар уни Омонбек билан жўнатдим.
31 декабрь куни Омонбек тўсатдан телефон қилиб қолди:
— Ойи, зинҳор кўрқманг! Дадам операция бўлди… Кўр ичак. …Операция яхши ўтди… Кайфияти, аҳволи яхши… Келишингизни кутаман, — деди у.
Мен ўша замони аэропортга чиқдим. Самолёт кеч соат 10 ларда Маскавга келиб кўнди. Эрта билан Омонбек мени Кремль касалхонасига бошлаб борди. Юрагим хаприқишини босолмайман — тезроқ Ойбекни кўришга шошаман. У бўлса, мендан аразлабди; гўё бирга келмаганим, Омонбек билан жўнатганим учун кўр ичаги оғриган, операция бўлган ва қийналган эмиш.
Маълум бўлишича, Ойбек депутат дўст-ёрлари билан сессия тамом бўлмасидан поездга билет олганлар. Обид Содиқов билан Ҳабиб Абдуллаев эса билетларни топшириб, икки кундан кейин поездда кетишни маслаҳат килибдилар. “Бирга кетамиз, поездда кўпчилик бўлиб кетсак, зерикмаймиз”, — дебдилар. Ўша куннинг эртаси Ойбекнинг тоби қочиб қолибди. Докторлар ошиқич равишда операция қилиш лозимлигини айтиб, касалхонага олиб кетибдилар. Операция икки соату 15 дақиқа давом этибди. Ойбекнинг кўр ичаги йиринглаб, ёрилиб кетган экан. Агар Ойбек икки кун илгари поездга чиққанида, йўлда бирор врач унинг ҳаётини сақлаб қололмаган бўларди.
Мен Ойбекка тушунтирдим: “Яхшики, мен келмаганман. Агар мен бўлганимда, ўртоқларингизнинг гапига қараб, билетларни топшириб ўтирмасдим. “Янги йилга болалар олдига борайлик”, деб қути-қути конфет, печеньеларни кўтариб, йўлга судраган бўлардим сизни. Кўр ичак хасталиги ҳазил гап эмас. Поездда оғриқ бошланар экан, худо кўрсатмасин, вагонда ёмон бўлардингиз. Қутқариш қийин бўларди. Бахтимиз бор экан, Маскавда бўлибди, бу воқеа”, дедим.
Ойбекнинг қулоқ ҳам солгиси келмади. Юзини ўгириб олди. Мен унинг юзини, пешонасини силаб, қайта-қайта гапирдим, тушунтирдим:
— Хафа бўлманг! Хурсанд бўлиб ётинг! Шунда тезроқ соғаясиз. Бир фалокатдан қутулибсиз, — дедим.
Унинг чеҳраси секин-секин очилиб, кайфияти тузук бўла борди.
…Ойбек касалхонада икки ой ётгач, уни Маскав атрофидаги “Боровихи” санаторийсига ўтказдилар. Биз Омонбек икковимиз Тошкентга жўнадик. Ойбек бир ойдан сўнг соғайиб, уйга қайтди.
1959 йилнинг май ойида Омонбекнинг тўйини ўтказдик. У Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг қизи Ҳулкарга уйланди. Тўй катта бўлди: қариндош-уруғлар, ошна-оғайнилар кўп эмасми, улар бир неча кун давомида келиб, келин-куёвни, бизни қутлаб кетдилар.
…Ўша пайтларда Марказқўмнинг биринчи котиби Шароф Рашидов бўлиб, у баъзан-баъзан Ойбекнинг соғлиғидан, аҳволидан хабар олгани келиб турар эди. Бир куни суҳбатлашиб ўтирганимизда, Шароф ака Ойбекка Хитойга боришни тавсия қилди. “Хитойда игна билан даволаш йўли мавжуд, балки у Сизга ёрдам бериб қолар”, — деди. Шароф аканинг бу фикри бизга жуда маъқул бўлди. Саркотибнинг ўзи тез орада йўл қоғозларини ҳам тўғрилаб берди. Бу 1960 йил эди. Биз тўғри Пекинга қараб йўл олдик. Тўққиз кун давомида поездда юрар эканмиз, айниқса, Бойкўл атрофидаги гўзал манзараларни кўриб, қалбимиз сурурга тўлди. Пекинга етиб келишимиз билан Совет ваколатхонасига бориб, бош вакил билан танишиб, сўзлашдик. Ваколатхонанинг янги қурилган биноси катта, кенг ва кўркам эди.
Хитойда мўътабар ёшдаги чолларни “лов” дер эканлар. Пекинда тўрт нафар лов табиб бор экан. Булар Мао Цзедунни ҳам даволашар экан. Шулардан бири — Ён лов Ойбекни игна билан даволади. У ҳар куни олтин игналарни Ойбекнинг қўлларига, умуртқасига, бўйнига қадайди.
Мен бу манзарага ҳатто қарагани ҳам қўрқаман, Ойбек эса чидаб, кулиб ўтиради, ихлос ила даволанади.
Бизга Пекин шифохоналарининг биридан палата ажратган эдилар. Ойбек шу палатада ётиб даволанади. Мен ҳар куни Пекин кўчаларини айланиб келаман. Шаҳардаги марказий кўчалардан бири Ванфузи бўлиб, унда жойлашган кичкинагина бир дўконда Совет Иттифоқида чиқадиган газета ва журналлар сотилар экан. Мен ҳар куни шаҳар айланиб, бир даста газета ва журналлар келтираман ва Ойбекка ўқиб бераман. Зериккан пайтларимизда шу нашрлар жонимизга оро киради.
— Гапир, Зарифа, — дейди Ойбек караватда ўтириб. Мен ўтган-кетган, қачондир ўқиган ёки бувимдан эшитганларимни, Туркистонга руслар келганида, бир лашкарбоши бутун Иқон қишлоғи аҳлини бир кечада Тошкентга кўчириб юборганини, бу қувғиндилар карвонида олти яшар бувимнинг ҳам бўлганини, уларнинг Тошкентда кечган ҳаётини сўзлаб бераман. Тошкент ҳам таслим бўлганида, Иқон аҳолисининг яна ўз юртига қайтиб кетганини гапираман.
Қўқон хонлиги руслар томонидан забт этилганидан сўнг Худоёрхонни Петербургга олиб кетишган, унинг оиласи эса Туркистонда қолган. Шунда бувим хон ойим ҳузурига бориб, у билан танишган. Орадан неча ойми, йилми ўтгач, хон ойим Худоёрхоннинг ҳарамини тарқатиб, канизакларни эрга берган, ўзи эса оиласини Тошкентга кўчириб кетган. Мен бекорчиликдан Ойбекка шу ҳақда эшитганларимни ҳикоя қиламан. Навоий, Фузулий ғазалларини ёддан ўқиб бераман.
…Хитой халқи ниҳоят камбағал эди; еган-ичганининг тайини йўқ; ўтин йўқлигидан ҳатто уйларида чой ҳам қайната олмасдилар. Эрталаб кўраман: ишга кетаётган ҳар бир кишининг қўлтиғида, албатта, биттадан термоси бўлади. Кечқурун ишдан қайтишида сув келтиради; егани карам билан гуруч, холос.
Аммо жуда сабрли, заҳматкаш халқ. Кўчалардаги йўлкаларни бузиб, сабзи-пиёз экишади. Шифохонадаги барча ходимлар, ҳамширалар, докторлар шифохона ҳовлисида экин қилиб, иш вақтидан сўнг ер чопишади, ўтоқ қилишади, хасталар овқати учун сабзи-пиёз тайёрлашади. Барининг оёғида, ҳатто профессорларида ҳам латтадан кавуш. “Таажжуб қилмангиз, — дейдилар бизга, — Хитойда 750 миллион аҳоли яшайди. Агар бир йилда икки жуфтдан пойафзал кийсак, 1,5 миллиард пойафзалга чарм етказиб бўладими?” Балки уларнинг бу мулоҳазалари тўғридир…
…Ўша 1960 йилда Хитой зоҳиран тинч кўринар эди. Биз олти ой давомида Пекинда бўлишимиз мумкин эди, лекин жуда зерикдик ва уч ойни базўр ўтказгач, кетмоққа қарор қилдик.
… Маскавда бизни Бекжон хотини Ойниса билан кутиб олди.
Омонбек 1955 йили Маскав давлат дорилфунунининг тарих факультетини битиргач, Тошкент давлат дорилфунунининг аспирантурасида ўқиб, номзодлик диссертациясини ёклади. Ҳозир у шу дорилфунунда кафедра мудири, доцент. Уч қизи, бир ўғли бор. Омоннинг хотини Ҳулкар — катта келиним эса филология фанлари номзоди, адабиётшунос.
Бекжон Маскав давлат дорилфунуни биология факультетида таҳсил кўриб, аспирантурани ҳам шунда ўтди, фан номзоди илмий даражасини ҳам шунда олди. Докторлик диссертациясини ҳам Маскавда ёқлади. Ҳозир у академик, Давлат мукофотининг лауреати.
Гулранг Тошкент давлат дорилфунуни Шарқ факультетининг форс бўлимида ўқиб, 1959 йили уни тугатди. У араб тили ва адабиёти ила машғул бўлди. Бағдод дорилфу- нунида ҳам олти ой таҳсил кўрди. У ҳам фан номзоди, доцент; Шарқ факультетида араб тилидан дарс беради. Икки ўғли ва бир қизи бор. Қизи асал жуда чиройли шеърлар ёзади. Шеърлари кўнглидан шалоладай қуйилади, суюнаман. Ўғли Нозим эса кинорежиссёр.
Кичик ўғлимиз Суюнбек кимёгар, полимер кимёси бўйича мутахассис эди. 1962 йили таҳсилни тамомлаб, аспирантурани ўтди. Дорилфунуннинг физик-кимё кафедрасида номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқлади. Хотини Дилбар — синглим Шарофатнинг кизи. Унинг илмий келажаги янада умидли эди. Афсус, умри қисқа экан. Аммо ундан бир ўғил ва икки қиз хотира бўлиб қолган. Ойноз ўйин тушишни жуда яхши кўради, билмадим, балерина бўладими у? Ўзи ниҳоят менга ўхшайди, ҳамма таажжубланади.
Биз Хитойдан қайтганимизда, ойим хаста эди: у қаттиқ шамоллаган, оғир йўталади. Касалхонага ётқизишдан бошқа илож йўқ эди. Бир ой даволанганидан сўнг уни уйга олдик. Бойқиш икки ҳафта ётиб, 76 ёшида вафот этди. У ҳаётдан кўз юмар экан:
— Беш қизимни ташлаб кетяпман, — деди.
Биласиз, биз — бешала киз — ҳаммамиз отасиз ўсдик. Ойим ҳам она, ҳам ота меҳрини берди бизга. Энди биз бутунлай етим колган эдик.
Мана, ҳозир онадан айрилганимизга ҳам кўп йил бўлди. Аммо юракдаги дард, яра ҳануз ўчмайди. Онамнинг сиймоси, хотираси, сўзлари ҳамиша ёдимда, кўз ўнгимда туради.
“Донолар ўтдилар…”
Ойбекнинг боши тўла фикр… хаёл… Унинг бутун борлиғи, улуғ бир уммон сингари, кўпиради, қайнайди, тошади.
У шеърлар, достонлар, романлар ёзишда давом этди. “Алишернинг ёшлиги” (“Бола Алишер”) қиссаси, “Улуғ йўл” романи устида ишлади.
У бутун умри бўйи Навоий ҳақида ўйлади. Навоий ҳақида ёзди. Унинг бу сатрлари бежиз битилмаган:
Тарих сўқмоқлари изимдан чўтир,
Ҳар бир хок шивирлар: “Бир лаҳза ўтир…”
“Қушлар тили” пири — юракда тилак”,
Излаймен марварид — қўлимда элак.
Ойбек бутун умри давомида ана шу элак билан Навоий оламидан марваридлар терди.
…Орадан неча йиллар ўтди, Ойбек “Навоий” романи учун давлат мукофотини олди, академик бўлди, депутат бўлди… Замон тинчиди, бошимиздан ваҳимали булутлар кўтарилди… Биз ташвишлардан қутулдик, кўнгилларга тинчлик ва ором тўлди… Фақат ёлғиз қайғумиз Ойбекнинг хасталиги эди. У хафа бўлса, “Қайғурманг, тупроқ устида юрибмиз, шунинг ўзи бахт!” — дер эдим, ҳамиша. Шунда у “тўғри”, дегандай, кулимсираб қўярди.
…Ойбек жуда келишган, кўркам, салобатли инсон эди. Юз ва кўзларининг ифодасидан руҳан бойлиги, ички дунёсининг кенглиги, ақл-заковати, гўзаллиги ва софлиги кўриниб турарди. Буни рассомлар ҳам, ҳайкалтарошлар ҳам тўла ифода эта олмадилар. Бу мукаммал чеҳра фақат менинг юрагимда колган…
Ойбекнинг қошлари асло чимирилмас эди. Жаҳли чиққанини фақат унинг кўзларидан билардик. У ишлаб ўтирганда, пешонасида мияга қараб кетган тик бир томири ўқлоғидек қабариб турарди. Шу пайтда у атрофда рўй бераётган ҳамма нарсани тамом унутарди; у фикрларини шундай теран ишлата биларди. Унинг ўзи ҳам ҳамиша: “Юрак коним билан ёзаман”, — дерди.
Ҳақиқатан, унинг юрак қонлари фикрини суғорар эди. Унинг ижод жараёни шундай нашъали ва ўзига хос эди.
…Навоийнинг 550 йиллиги нишонланган кунларда Ойбек бир неча кун ва тунни бедор ўтказиб, юбилей тадбирларининг тўла амалга ошиши учун сидқидилдан, чарчоқ нималигини билмай ишлаган. Юбилейга таклиф этилган меҳмонлар ўша пайтда Марказқўм меҳмонхонасида турганлар.
Бир куни Ойбек маскавлик ёзувчилар кийиниб олгунларига қадар меҳмонхонанинг шинамгина йўлагида икки-уч дақиқа кутиб қолибди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, улар ясаниб тушишса, Ойбек юмшоқ диванда ўтириб, пинакка кетган экан. Шунда меҳмонлар юбилей зиёфатига тезлик билан боришлари лозимлигига қарамай, Ойбекнинг уйғонишини кутибдилар, Константин Симонов:
— Тегманглар! Ойбек чарчаган. Бир зумгина дам олсин! — деган экан, шунда.
Назаримда, азиз бошига тушган минг хил азоблардан, тинимсиз ишдан ва ижоддан чарчаган Ойбек ҳозир ўлим тўшагида эмас, балки ўша юмшоқ диванда ҳордиқ олиб ётарди.
— Болаларим, тегманг адангизга! У ҳордиқ олиб ётибди! У ўлмаган ва асло ўлмайди!
Зарифа Саидносированинг
“Ойбегим менинг” асаридан
қисқартириб олинди.