Атоқли журналист,  “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари  Шароф Убайдуллаевни 83 ёшга тўлиши муносабати билан “Нуроний” жамғармаси Республика Бошқаруви ҳамда кенг жамоатчилик қизғин қутлади.  

Шароф Убайдуллаев Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланиб, унинг узоқ йиллик меҳнат фаолияти, кексаларни ардоқлаш, мамлакатимиз тараққиёти йўлида муносиб хизмат қилган давлат ва жамоат арбобларининг ҳаёти ва фаолиятини ёшларга кенг тарғиб этиш йўлидаги эзгу ишлари алоҳида эътироф этилди.

Шароф Убайдуллаев 1943 йил 17 январда Жиззах вилояти Жиззах туманида туғилган. Жиззах шаҳридаги 3-мактабни битириб, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетининг журналистика бўлимига ўқишга кирган. Университетни тугатгач,  “Сирдарё ҳақиқати” газетасида ўз фаолиятини бошлаган.

Узоқ йиллар давомида мамлакатимиздаги энг йирик босма оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Тошкент оқшоми” — “Вечерний Ташкент”, “Ўзбекистон овози”  каби етакчи газеталарда, ҳукумат идораларида, давлат ташкилотларида масъулиятли вазифаларда самарали фаолият юритган Шароф Убайдуллаев  давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов, Зиёд Есенбоев, Мақсуд Қориев, Аҳмаджон Мухторов, Нўъмон Насимов, Расул Раҳмон каби жамоат арбоблари ва миллий журналистикамиз дарғаларини  ўз устози деб билади.

Шунингдек, Шароф Убайдуллаевнинг сабоқларини олиб, соҳада тобланган кўплаб таниқли журналистлар бугун эл-юртимизга муносиб хизмат қилмоқдалар.

Унинг турли соҳаларда меҳнат қилиб, катта муваффақиятга эришган олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, меҳнат қаҳрамонлари, оддий ишчи ва хизматчилар, юрт тараққиётига ҳисса қўшган юртдошларимиз ҳақида ёзган очерк ва лавҳалари, таҳлилий мақолалари, юртнинг фидойи вакиллари билан суҳбатлари ёш журналистлар учун катта маҳорат мактаби бўлишга арзигуликдир.

М.Назарова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan