Ҳар улфатнинг ўз ҳангомаси бор, деганларидек, шоир, ёзувчилар йиғилиб қолса, баҳс-мунозара кўпинча Сўз устида кетади. Негаки, бизни бинокор деса, ғиштимиз, деҳқон деса, даламиз, ғаввос деса, уммонимиз, учувчи деса, осмонимиз — Сўз. Дунёда қанча ижодкор бўлса, шунча тафаккур тарзи, шаклланган кўзқараш бор. Айниқса, Сўздек рангин, мураккаб, серқирра мавзу устида гап кетганда, фикрларнинг бир жойдан чиқиши қийин. Ҳар кимда бир нуқтаи назар ва ҳар нуқтаи назарда бир ҳақиқат бўлади.
Яқинда шундай баҳслардан бири маҳкама сўзи ҳақида бўлди. Бир томон маҳкама ҳукм чиқариладиган жой, яъни суд, эски замонда қозихона шундай аталган, деса, иккинчи томон, ҳукм сўзидан ҳокимият келиб чиққани, ҳукумат идораси маҳкама бўлишини далиллаб, эътироз билдирди. Биринчи томоннинг маҳкамага бериш, маҳкамага тортиш каби далилларига ҳар ишнинг ўз маҳкамаси бор, деган ибора қарши қўйилиб, бу сўзнинг идора маъносига урғу берилди. Бу фикр кўпчиликка мақбул бўлди.
Ўша суҳбатда мен асрнинг муҳокама асри экани, баҳсу муҳокаманинг эса буюк ҳикмат эканини ўйлаб, яйраб ўтирдим. Аслиятга қайтишнинг кўламли жараёнида зангин ва рангин она тилимиз фаол иштирок этаётганидан қувондим. Барча даражадаги маҳкамаларнинг фақат ҳукм чиқарувчи даргоҳ эмас, балки муҳокама даргоҳига, тафаккур ва машварат масканига айланаётгани ҳақиқатдир. Зероки, ҳокиму ҳукму ҳакаму ҳукумат муҳокамага ўзакдош, ҳикмат дарахти ҳам шу илдиздан униб чиққан…
Ижодкорлар баҳси одатда қизғин, қизиқарли кечади. Турли ҳангомалар ўртага тушади. Сўзни телба-тескари ишлатганларнинг мазаммати, таржимадаги баъзи ажабтовурликлар ҳангомаси баҳсга енгил руҳ беради. Талашиб-тортишсак ҳам кулиб, яйраб қайтамиз. Лекин тилшунос олимлар билан тортишув жуда мушкул иш. Араб, форс тилларини сув қилиб ичиб юборган тадқиқотчилар сўзнинг энг чуқур илдизига етиб, аслиятни маҳкам тутиб оладилар. Дунё хатога тўлиб кетганидан жонфиғон бўладилар. Риштон эмас, Рошидон; Бувайда эмас, Биби Убайда; арава эмас, ароба деб ёзиш ва айтишни талаб қиладилар. Уламолар, фузалолар дейиш саводсизлик, инсон ҳуқуқлари эмас, ҳақлари дейиш керак, чунки уламо, фузало, ҳуқуқ олим, фозил, ҳақ сўзларининг кўплиги деб қизишадилар. Айниқса, ахборотлар сўзини эшитсалар борми, сочлари тик бўлади. Ҳақиқатан ҳам, хабарнинг жамъи — ахбор. Ахборотга айланиб яна бир кўплик қўшимчаси ортди. Ахборотлар десак энди хабар учта лардан лорсиллаган бўлади…
Биз илму ижод аҳли қанча талашиб-тортишмайлик, бир фикрда ҳаммамиз якдилмиз: тил ёлғиз мутахассисларнинг мулки, хусусий томорқаси эмас. Уни бойитиш, гўзал қилиш, хас-хашаклардан тозалаб бориш — умумхалқ ишидир. Мен ҳам шу буюк хазинанинг битта баҳраманди сифатида Сўз ҳақида кўнгил сўзларимни айтиб, сиз, азиз муштарийларни баҳсга чорламоқчи бўлдим.
Бир пас неча дақиқа?
Болаликдаги шеърий машқларимнинг бирида, шаббода, тўхта бир пас, деб ёзган эканман. Деворий газета муҳаррири, ўзбек адабий тилида бир пас деган сўз йўқ, бир нафас дейиш керак, деб ўзи қизил қалам билан тўғрилаб қўйган.
Кўп йиллар ўтиб Навоийнинг “Лайли ва Мажнун”ида шундай байтни кўрдим:
Бир пос чу тундин ўтди ул хайл,
Тушлуқ туши қилди уйқуға майл.
Луғатларга қарадим. Пос — туннинг саккиздан бири, деб шарҳланибди. Демак, тахминан бир соатга тенг тунги муддат — пос, бир соатлик тунги соқчи — посбон, русча часовой маъносидаги атама бўлиб чиқди.
Ажабки, ўз сўзимиз бўлган пос жаҳон кезиб, яна ўзимизга пост шаклида, қўриқланадиган жой, соқчининг ўрни ҳамда лавозим маъноларини олиб қайтибди.
Пос — ўзимизнинг сўз, деб хато айтмадим. Асли форсча ёки арабча ўзакка эга бўлган, асрлар давомида тилимиз таркибида яшаб бизга хизмат қилаётган сўзлар ҳам, албатта, ўз сўзларимиздир.
Худди шундай, рус, можар, араб, тожик ва бошқа тилларда хизмат қилаётган ўзбек сўзлари ҳам ҳозирги эгаларига буюрсин.
Биз бир пас деб ишлатадиган пос — жайдари сўзимизнинг жаҳон саҳнида топган юксак мартабаси кечаги чопқиллаб юрган бўз боланинг аскар бўлиб, ҳарбий кийимда виқор билан қайтганини эслатади.
Демак, ўзбекнинг бир паси бир соат бўлар экан. Гапимни бир пасда тугатаман, деган сўзнинг маъносини ўзингиз тушунаверинг.
Фуқаролар дейиш тўғрими?
Бамисоли уламо, фузало олиму фозилнинг кўплик шакли бўлганидек, фуқаро ҳам фақирлар, яъни камбағаллар, йўқсиллар демакдир. Қоидага кўра, фуқарога ҳам лар қўшиш хато бўлади.
Илмий, мантиқий нуқтаи назардан ҳам, шаклу мазмун жиҳатдан ҳам бу ҳуқуқий атама устида турли баҳслар юради.
Лекин замон кўзи билан қарасак, фуқаро ҳам меҳнаткаш атамаси билан қисматдош экан. Ҳар икки сўз мажруҳлик, тубанлик, бахтсизлик чоҳидан озод бўлиб, қадр-қиммат минбарига юксалибдилар.
Шундай камол топган сўзларга дуч келганимда, ўзбекнинг сўзи — ўзбекнинг ўзи, деган фикр кўнглимдан ўтади.
Қадим замонларда Миср султонлари асирликка олиб ўз мулкига айлантирган, яъни мамлук қилган аскарлар вақт келиб султонларни қулатгани, беш юз йил Мисрда ҳукм сургани тарихдан маълум. Аслида қул маъносини англатувчи мамлук Мамлуклар салтанати бўлиб, соҳиблик мақомини олган эди.
Келиб чиқиши фақир бўлган фуқаронинг бугунги соҳиблик мақоми, юрт эгаси даражасига кўтарилгани ана шу тарихни эслатади. Фарқ шуки, фуқаро ҳозирги мақомга қадамба-қадам кўтарилган. Фақирлик — тобеликка, тобелик даражама-даража юқорилаб, аввал хожанинг фуқароси, сўнг амиру султоннинг, бора-бора мамлакатнинг фуқароси қадар етиб келган.
XIX аср бошларида Қўқонда яшаб ижод этган ўз замонининг малик уш-шуароси бўлган Фазлийнинг: “Сенга арз этар фуқароларинг”, — деган сўзлари бор. Бу ғазалга шоир Вола боғлаган мухаммас “Бозургоний” куйига солиб ҳали-ҳамон айтилади. Демак, бундан икки аср аввал фуқаро амирликка тобе инсон маъносида ишлатилган ва фуқаролар шакли ҳам мавжуд бўлган.
Бугун энди фуқаро сўзи жулдур тўнини ечиб, замонавий либосда қад кўтарган. Бир қўли билан русча гражданин, иккинчи қўл билан инглизча ситизен сўзларини маҳкам ушлаб, дунё саҳнида мағрур турибди.
Зотан, гражданин ҳам, ситизен ҳам ўзларининг аввалги шаҳарлик деган маъноларини аллақачон тарк этганлар.
“Ziyouz.uz”дан олинди.