“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!”
Ёшларни Янги Ўзбекистонимизга муносиб фарзандлар этиб тарбиялашга масъулдирлар
Кексалик донишмандлик ҳамда тажриба булоғидан сув ичиб, улуғ ёшга етишдир. Одатда, ёшлардан эмас, балки бошидан қанча-қанча қовун пишиғини ўтказган нуроний кексалардан маслаҳат сўралади. Чунки улар фойда қаерда, зарар қаерда эканлигини яхши билишади. Манзилга қайси йўлдан осон бориш мумкинлигини ҳам улар айтадилар.
Тажриба, ҳаёт мактабида кўп йиллар таҳсил олган қариялар аксарият ҳолларда адашмайдилар. Айтадиларки, ёшлик ўзининг ғайрати ва шиддати билан, кексалик эса вазмин-босиқлиги, тажрибаси билан гўзалдир. Қадим Шарқнинг улуғ ва асрлар оша яшаб келаётган одатларидан бири шуки, қарияларга ҳамма даврларда иззат-икром кўрсатилган. Уларнинг айтганлари, ўринли фикр-мулоҳазалари доимо қадрланган.
Янги Ўзбекистонимизда кексаларни қадрлашга бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Буни биз кундалик ҳаётимизда кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Кексалар қалби ўзига бўлган эътибор, ғамхўрликни дарҳол ҳис этади, бу эса, ўз навбатида, уни янада бардам, умидвор яшаш сари рағбатлантиради. Мамлакатимизда кексаларга нисбатан эътиборнинг ошганлиги туфайли узоқ умр кўраётганлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Биргина бизнинг вилоятимизда 100 ва 100 ёшдан ошганлар 98 нафарни ташкил этади. Шулардан кўпи онахонлардир.
Бир нарсадан қаноат ҳосил қиламизки, теварак-атрофимизда саксондан сакраган, тўқсон билан тўқнашган, юз билан юзлашган қарияларимиз сафи тобора ортиб бормоқда. Бу эса ҳаёт тарзимизнинг тубдан яхшиланиб бораётганидан далолат, албатта. Бугун сурхондарёликларнинг томорқаларида ёши етмиш, саксондан ошиб кетган бўлса-да, ерга бемалол кетмон ураётган, зироат экаётган кўплаб кексаларни учратиш мумкин.
Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг “Йигитликда йиғ илмнинг махзанин, қарилиғ чоғи сарф қилғил ани”, деган сермаъно сатрлари бор. Бу ҳикматни таҳлил қилсангиз, маъноси гулдек очилиб келаверади. Аввало, умр — олий неъмат. Қисқа ва бетакрор. У қайтиб берилмайди…
Ҳаётнинг сирли, сўқмоқларидан юзи ёруғ бўлиб, шаънига гард туширмай ўтган ёши улуғ инсонлар — кексалар ва нуронийлар чинакам мураббийлардир. Шу сабабли халқимиз кексаларни эъзозлайди. Тўй, қурилиш ва бошқа улкан ишларни бошлаганда кексалардан дуо олиш энг гўзал қадриятларимиздан саналади.
Тарихга назар ташласак, Соҳибқирон Амир Темур ҳам мўғул босқинчиларини юртдан ҳайдаб, ўз мустақил салтанатини бунёд этгач, Саййид Амир кулол, Саид Барака, Зайниддин Абубакир Тойбодий каби даврнинг етук инсонларининг маслаҳатларига амал қилган. У тажрибали қариялар билан турли машваратлар ўтказиб, ҳар хил масалаларда уларнинг фикрини олгандан кейин ўз олдига қўйган мақсадини амалга оширишга киришган. Қайси юртда ўз ҳукмронлигини ўрнатса, биринчи навбатда, ўша юртнинг ёши улуғ ва халқ ҳурматини қозонган қариялари, олиму фузалолари ҳамда дин пешволарини тўплаб, халқ ва давлатнинг келажак тақдирини улар билан бамаслаҳат ҳал этган.
Бу каби ўлмас анъаналаримиз, айниқса, кейинги йилларда янгича маъно-мазмун билан бойиб, кекса авлод вакилларининг ҳам ёши, ҳам жамиятдаги мавқеи ўсиб бормоқда, десам, кўпчилик нуронийларимизнинг кўнглидаги гапни айтган бўламан. Чунки Президентимиз кексаларнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароитларни яратиш, кексалар ва нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бой ҳаётий тажриба ва билимларини фарзандларимиз тарбияси ва юртимиз истиқболи йўлида сафарбар қиладиган, таъбир жоиз бўлса, қаддимизни тоғдай кўтарган яхлит тизим яратди. Бу тизимнинг ҳуқуқий асослари давлат раҳбарининг “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 167-сонли Қарори ҳамда “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 92-сонли Қарорида мустаҳкамлаб қўйилган.
Бундай улкан ғамхўрликларнинг жонбахш самарасини сурхондарёлик 235 минг нафар нуроний ва кекса авлод вакиллари ўз ҳаётида чуқур ҳис қилиб умргузаронлик қилмоқдалар.
Кексалар ўз ички ва ташқи маънавияти, ҳаёт тажрибаси билан ёшлар тарбиясига масъулдир. Фахрийлар ёшларга тўғаноқ эмас — суянчиқ, рақиб эмас — устоз, бефарқ эмас — ҳамдард эканлиги бугунги кунда ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётган “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойилида яққол намоён бўлмоқда. Биз, кексалар ўз ҳаёт тажрибаларимиздан келиб чиқиб, ёшларни улардаги куч-ғайрат, жўшқинлик ва ташаббускорликни тўғри сарфлаш, огоҳ бўлиш, тинч-осойишта ҳаётимиз, миллий, умуминсоний қадриятларимизни асраб-авайлаш, умрнинг қадрига етишга ўргатишимиз лозим. Чунки қарияларимиз ахлоқ-одоб, тарбия, насиҳат билан камол топиб, ёшларга насиҳат бера оладиган, ибрат бўла оладиган донишманд, мураббий даражасига етганлар. Улар турли воқеликларга вазминлик, босиқлик, бағрикенглик, “етти ўлчаб, бир кес” қабилида эҳтиросларга берилмай, шукроналик билан қарайдиган мўйсафидлардир.
Кекса авлод вакиллари бугун маҳаллаларимиз, жамиятимизнинг энг фаол иштирокчисига айланган. Уларнинг ҳар бири кунда 1-2 соат вақтини маҳалладошлари, айниқса, ёшлар муаммоларини ҳал қилишга сарфласа ҳам, маҳаллада эътибор, меҳр-оқибат муҳити юксалади. Маҳалла ҳаёти ўзгаради.
Пенсия ёшидаги турли касб эгалари бўлган фахрийлар ёшларга чин маънода ўрнак бўлишмоқда. Масалан, термизлик тадбиркор Хайрулла Туропов 75 ёшни қарши олаяпти. Тиниб-тинчимас бу нуронийимиз яқинда “Шаршара” — туризм марказини ишга тушириб, 50 нафардан зиёд ёшни ишли қилди.
Киши баракали яшаб, мазмунли умр кўрар экан, бунда ўзи туғилиб ўсган жамият, юртнинг муносиб улуши бор. Таъбир жоиз бўлса, биз ана шундай оқибат ва ғамхўрликка чулғанган, чор тарафидан қут-барака ёғилиб турган юртда яшаяпмиз. Бунга Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг ҳаётбахш мевалари гувоҳлик бериб турибди.
Айни ислоҳот ва янгиланишлар даврида давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 2 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиб келмоқдамиз.
Ушбу тадбирлар доирасида ўтказилаётган “Уч авлод учрашуви”, “Фахрийлар — фахримиз”, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул”, “Яшил макон”, “Қўша қариш саодати”, “Юз билан юзлашганлар” каби ва яна қатор лойиҳаларимизда кекса, ўрта ва ёш авлод вакилларини фаол жалб қилиб, ёшларга мустақиллик ва унинг қадри, истиқлол шарофати билан мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, уларнинг ўзига хос самаралари, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик хусусида тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур учрашув ҳамда мулоқотларда фарзандларимизга аждодлар ибратидан ўрнак олиш, касб-ҳунар эгаллаб, она юртга муносиб хизмат қилиш лозимлиги уқтирилмоқда.
Юқоридагилардан хулоса қилиш жоизки, юртимиз нуронийлари бундан кейин ҳам астойдил енг шимариб, ўзаро аҳил ва якдил бўлиб, халқимизни янада фаровон, мамлакатимизни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқишдек хайрли вазифалар йўлида камарбаста бўладилар.