Ўтган асрнинг 80-йилларида юз берган воқеа
Куз. Салқин шабада эсиб турибди. Якшанба. Эркин ака зерикдилар, шекилли ёки уйдаги юмушлар билан тиним билмай ғимирлаб юрганимни кузатдилар, шекилли, онаси, кийининг, бир магазин айлантириб келаман, деб қолдилар.
Ҳайрон бўлмадим. Чунки бундай таклиф биринчи марта эмасди. Бундай пайтларда аёл киши чунонам чаққонлашиб кетадики, асти қўяверасиз! Ишларимни йиғиштириб зумда тайёр бўлиб чиқдим. Биз борадиган магазин Чилонзор томонда, анчагина тўкин магазинлардан ҳисобланарди. Магазин мудири келинг-келинглар деб Эркин акани қучоқ очиб кутиб олди.
— Ука, қиш келаяпти, бир сидра кийиниб олсак деган ниятда келгандик.
Мудир ҳушёр йигит экан, бир зумда костюм-шим, туфли, кўйлаклар, бошқа энгил-бошларни муҳайё қилди. Ўзимизга, ўғил-қизларга лойиқ ва мос кийим-кечаклар, оёқ кийимлари харид қилдик. Эркаклар ҳисоб-китоб қилишаётганди, бехосдан кўзим яна алланимага тушиб қолди. Шуни ҳам олайлик, адаси, демоққа оғиз жуфтлаган ҳам эдим, Эркин ака “Бўлар” деган маънода ишора қилдилар.
Харид қилинган буюмларни машинага жойлаб, бахтли эр-хотин бўлиб уйга йўл олдик. Ҳалиги кўзим тушган матоҳни олсак бўларди-да, деб сўз бошлабман-да! Эркин ака индамай машинани ҳайдаб келавердилар. Мен яна ўша зормандадан сўз очдим.
— Аёл зоти сира миннатдор бўлмас экан-да! Пушкиннинг “Олтин балиғи”даги кампирга ўхшаманг-да!
Аёл киши эмасманми, Эркин аканинг асабийлаша бошлаётганларига эътибор бермабман. Хаёлим бояги буюмда.
— Ноёб экан-да, адаси! Бошқа жойда топилмайди. Шунча нарса олганда, ўшани ҳам олақолсак…
Машина кескин тормоз олиб тўхтади.
— Тушинг машинадан!
Ҳайрон бўлиб қолдим. Эркин акадан мутлақо кутмагандим бундай “илтифот”ни. Мен ҳам ҳеч иккиланмадим, ҳовурдан тушиш ўрнига шартта машинадан тушдим.
— Боринг-да, ўзингиз олақолинг ўша нарсани!
Эркин ака шундай дедилару машинани ғизиллатиб ҳайдаб кетдилар.
Ана шундагина қандай воқеа юз берганини, бу кўнгилхираликка ўзим сабабчи бўлганимни англаб етдим. Шуурим шиддат билан ишлаб кетди. Ёнимдан ўтиб бораётган “Жигули”га қўл кўтардим. Сўрамай-нетмай унга ўтириб олдим.
— Ҳайданг, ука! — дедим шошилиб.
— Қаёққа? — сўради ҳайдовчи ҳайрон бўлиб.
— Анави машина орқасидан юринг, — дедим. Йўлни тушунтирдим. — Фақат ундан тезроқ ҳайданг, ўзиб кетинг, тез!
Ҳайдовчи ортиқ суриштирмади, бир нафасда айтган манзилимга етказиб келди.
Уйга кирган заҳотим кийимларимни алмаштириб, ҳовли-йўлакларга шалаббо қилиб сув сепдим. Газга чой қўйдим. Қовун бор экан, уни водопровод сувига чайиб, устидан сувни жилдиллатиб қўйдим. Дарвоза ланг очиқ. Бир маҳал дарвозахонада Эркин ака пайдо бўлдилар. У кишига пешвоз чиққан бўлмасам-да, сезиб турибман: бир йўлакка, ҳовлига, бир менга — уст-бошимга ҳайрон бўлиб қарадилар. Кўча томонда на бирортаси, на машина кўринади. Эркин акадай шоир одам ҳам сўз тополмай қолдилар.
— Яхши келдингизми, адаси? Янги олинган кийимларингизни кийиб чиқинг, мен ҳам кияман, бир байрам қилайлик!
…Айтмоқчиманки, дока рўмол ўз-ўзидан қуримайди. Бехосдан орадан қора мушук ўтдими, ҳалиям кеч эмас, буёғига уддабуронлик, топқирлик ва албатта ширин сўз нажоткор сифатида етиб келади, сиз эса ундан фойдалана билмоғингиз керак бўлади, холос.
Эркин Воҳидовнинг рафиқаси
Гулчеҳра Воҳидованинг
“Қалбим ардоғи” китобидан.