Умр ҳар кимга берилган олий ва бетакрор неъмат бўлиши билан бир қаторда, олтин имкон ҳамдир. Ундан оқилона фойдаланиш, эзгу ишларга сарфлаш ёхуд шамолга совуриш, барча-барчаси инсоннинг ўзига боғлиқ, албатта. Амаллар ниятларга қараб бўлганидек, кимки эзгу ният қилса, элу юрт ва оламга бирдек фойда келтиришни чин дилдан истаса, шу йўлида бардавом бўлса, саъй-ҳаракатдан тўхтамаса, Яратган уни ўз хоҳиш-истакларига етказар экан. Бунга нафақат тарихимиз, балки бугунимизнинг ўзидан ҳам яққол мисоллар жуда кўп.
Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи 106 ёшни қарши олган табаррук онахон, “Шуҳрат” медали соҳиби Меҳри ая Усмонова ҳам ана шундай юртдошларимиздан биридир.
Вилоятда 100 ёшдан ошган нуронийлар сони 38 нафарни ташкил этади. Улар орасида туманнинг фахрига айланган Меҳри аянинг узоқ ва ибратли умри, сабру тоқати ҳамда меҳнатсеварлиги бугунги авлодлар учун ҳақиқий маънода ҳаёт дарсхонасидир.
Онахон 1920 йилда оддий ишчи оиласида дунёга келган. Отаси Раҳмонқул Маҳамадусмонов ўша даврдаги колхоз ишларида меҳнат қилган. Онаси Рихси Маҳамадусмонова эса фарзанд тарбияси билан машғул бўлган. Кўп фарзандли оилада ўсган Меҳри ая болалигиданоқ ҳаёт қийинчиликларини кўриб улғайди. Оиладаги турмуш шароити оғир бўлганлиги сабабли ёшлигидан меҳнатга бел боғлаб, ҳалол ризқ топиш ва сабр билан яшашни ўрганди.
У ўз меҳнат фаолиятини 1940 йилда тумандаги “Коммуна” совхозида оддий ишчи сифатида бошлаган. Оғир йиллар, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши даври синовлари Меҳри аянинг сабр-тоқатини янада чархлади. Уруш йиллари ва ундан кейинги оғир даврларда ҳам Меҳри ая қарийб 40 йил давомида тумандаги колхозларда фидокорона меҳнат қилди. 1942 йилдан бошлаб, тумандаги жамоа хўжалиги ишчи батальонида ишлади. Фронт учун узум ва дон маҳсулотларини етиштириш, уларни йиғиб-териб олиш, канал қазиш ишларида минглаб заҳматкаш аёллар қатори Меҳри ая ҳам тиним билмай меҳнат қилган.
Онахон нафақат меҳнат майдонида зарбдорлардан бири, балки оилада ҳам ибратли она сифатида 4 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Бугун эса табаррук онахон 9 нафар невара, 27 нафар эвара ва 10 нафар чевара ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Катта ва аҳил оила Меҳри аянинг дуоси ҳамда тарбияси билан бирлашиб, маҳаллада ҳурмат-эътибор қозониб келмоқда.
Онахон ўз маҳалласининг ишончли маслаҳатгўйи. Қўни-қўшнилар аянинг ҳолидан мунтазам хабар олиб турадилар. Меҳри ая келган одамни ширин сўз, очиқ юз билан кутиб оладилар. Ҳаёт сабоқларини берадилар. Турмуш тажрибалари билан бўлишадилар.
Ая табаррук ёшда бўлишларига қарамай жуда фаол. Маҳаллада ўтадиган тадбирларда ёшларга миллий урф-одатлар ҳамда қадриятларимиз ҳақида сўзлаб берадилар. Тўй ва бошқа маросимларда исрофгарчиликка йўл қўймаслик, тадбирларни ихчам ва баракали ўтказиш ҳақида қимматли насиҳатларини бериб ўтадилар.
Ҳаётнинг оғир синовларини матонат билан енгиб ўтган, ўз меҳнати ва сабри билан ҳурмат қозонган, ҳақиқий ўзбек аёлининг асл тимсоли бўлган Меҳри ая каби онахонларимиз бор экан, юртнинг баракаси ҳам, файзи ҳам ортиб бораверади.
Нигора Ўролова,
Тошкент вилояти.