Тожи БЕРДИЕВ,
“Нуроний” жамғармаси
Термиз шаҳар бўлими раиси.
Юртбошимизнинг “Сурхонни ривожлантириш — Янги Ўзбекистоннинг жанубий таянч устунини мустаҳкамлаш демакдир” — деган фикрлари айни ҳақиқатдир. Негаки, Сурхондарё вилояти мамлакатимиз ҳаёти, унинг фаровонлиги ва тараққиётини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бугун вилоятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва лойиҳалар, уларнинг ўзига хос натижалари, чин маънода, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилмоқда. Бунга барчамиз шоҳид бўлиб, ҳозирда ўзимиз ҳам бевосита жадал ислоҳотлару янгиланишларнинг иштирокчисига айланганмиз.
Мамлакатимиз раҳбари воҳани комплекс ривожлантириш мақсадида ўтказилган йиғилишда вилоят фаоллари, ёшлар ва нуронийлар билан мулоқот қилдилар. Президентимиз Сурхон воҳасида амалга оширилган ишлардан шахсан мамнун эканликларини таъкидладилар. Ҳудудни ривожлантириш масаласида нафақат ижобий ўзгаришларга эътибор қаратилди, балки муайян соҳаларда мавжуд камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Масалан, вилоятимиздаги 49 минг гектар томорқанинг 35 минг гектаридан 3-4 марта ҳосил олинмоқда. Бу тажриба ҳозирча фақат Сурхондарёдагина учрайди.
Юртбошимиз аввалги ташрифлари доирасида аҳолини 300 километр узоқликдаги “Тўпаланг” сув омборидан экологик тоза сув билан таъминлаш топшириғини берган эдилар, зарур маблағ ҳам ажратилганди. Очиғини айтганда, сурхонликларнинг бир асрлик орзуси амалга ошди. Шаҳарда кўп қаватли уйлар қурилиб, уларнинг инфратузилмаси тўлиқ янгиланди. Илгари шаҳардаги 37 та маҳалланинг ҳар бирига 2 миллиард сўм ажратилиб, инфратузилмага йўналтирилган бўлса, шунинг ҳисобига асфальтлаш ва таъминот ишлари амалга оширилди. Тўққиз йил ичида болаларнинг боғчага қамрови 28 фоиздан 68 фоизга етди.
Йиғилишда камбағаллик, ишсизлик, ёшлар билан ишлаш каби жиддий ижтимоий масалаларга қатъият билан ёндашиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, маҳалла ҳаётини ҳар томонлама янгилаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, йўл-қурилиш ишларини жадаллаштириш кераклиги қўшимча қилинди.
Шунинг баробарида, Бойсундаги “Безактоп” конида сифати Эрон, Туркия, Италия билан рақобатлаша оладиган табиий тош захиралари ўрганилмаётганлиги, воҳада мавжуд бир қатор тарихий-маданий объектларнинг туристик салоҳиятини ривожлантириш эътибордан четда қолаётгани, Сурхондарёда ишга солинмаган катта имкониятлардан яна бири унинг яйловлари экани таъкидлаб ўтилди.
Маълумки, жануб гавҳари бўлмиш Сурхондарё полвонлар юртидир. Бу анъананинг авлодлар оша давом этишига эришиш мақсадида тоғли ҳудудларда кураш бўйича база ташкил этиш, ёшларнинг бобомерос курашчилик билан шуғулланишига шароит яратиш вазифаси белгиланди. Барча лойиҳалар учун тегишли миқдорда маблағ ажратилди. Мухтасар қилиб айтганда, жорий йилги ташрифдан сўнг Сурхондарёда 7,1 миллиард долларлик 44 та лойиҳа ишга тушди.
Биз, Сурхондарё халқи Президентимизнинг ташқи, ички сиёсатини кузатиб, халқчил ислоҳотларга ўз амалий саъй-ҳаракатларимиз билан муносиб ҳисса қўшишга доимо тайёрмиз.