Пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида нуронийлар ва ёшлар иштирокида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Унда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, жамғарма раисининг ўринбосари Шуҳрат Усмонов, ҳамкор вазирлик ва идораларнинг масъул вакиллари, пойтахтлик фаол нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этдилар.

Учрашувнинг Ислом цивилизацияси марказида ўтказилгани ҳам алоҳида рамзий маънога эга. Зеро, бу маскан халқимизнинг асрлар давомида шаклланган илмий, маърифий ва маънавий салоҳияти, буюк аждодларимиз қолдирган улкан мерос ҳақида ёш авлодга янада чуқур тасаввур беришга хизмат қилади.

Мулоқотда таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бундай имкониятлар, аввало, ёшларнинг ўз устида ишлаши, илм-маърифатга интилиши, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун муҳим замин бўлмоқда.

Шу маънода, нуронийлар ҳаёти ва уларнинг бой тажрибаси ёшлар учун ўзига хос ҳаёт мактабидир. Ёшларга китобдан ўқиб билиш мумкин бўлган кўплаб ҳақиқатларни кексалар ҳаёт тажрибаси асосида сўзлаб бериши янада таъсирчанроқ аҳамиятга эга. Чунки ҳар бир нуронийнинг ҳаётида бир оила, бир маҳалла, бир касб, бир давр тарихига дахлдор ибратли воқеалар мужассам.

Улар кўпни кўрган, турли синовларни бошидан кечирган, меҳнат ва сабрнинг қадрини яхши биладиган авлод вакилларидир. Шунинг учун ҳам кекса авлод вакиллари билан ёшлар ўртасидаги мулоқотларни мунтазам ташкил этиш бугунги маънавий-маърифий ишларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиши зарур.

Ислом цивилизацияси марказидаги учрашув яна бир муҳим ҳақиқатни эслатди: ёшлар келажакка дадил қадам қўйиши учун, энг аввло, аждодлар меросини яхши билиши керак. Юртимиз заминидан дунё илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Алишер Навоий каби буюк алломалар етишиб чиққан. Уларнинг илмий ва маънавий мероси нафақат тарихимизнинг фахри, балки бугунги авлод учун ҳам катта тарбия мактабидир.

Хоразмийнинг аниқлик ва тафаккурга асосланган илмий ёндашуви, Ибн Синонинг тиббиёт ва илмга садоқати, Берунийнинг изланувчанлиги, Улуғбекнинг илм-фанга эътибори, Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги буюк хизмати, Навоийнинг инсонпарварлик ва маърифат ғоялари ёш авлод учун улкан ибрат манбаидир.

Бугунги ёшлар замонавий технологияларни яхши ўзлаштириши, хорижий тилларни билиши, янги касбларни эгаллаши, рақамли дунёда рақобатбардош бўлиши муҳим. Аммо билим маънавият билан уйғунлашгандагина юксак натижа беради. Шу боис, ёшларга таълим бериш билан бирга, уларнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга садоқат, меҳр-оқибат, ҳалоллик, масъулият ва меҳнатсеварлик каби фазилатларни сингдириш долзарб вазифадир.

Учрашув давомида нуронийлар ўз ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларга ибратли фикр ва тавсияларини билдирдилар.

Айниқса, илм-маърифатга интилиш, Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, аждодлар меросини чуқур ўрганиш, ҳаётда ўз ўрнини топиш учун меҳнат қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ёшлар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга нуронийлардан атрофлича жавоб олдилар.

Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган ушбу самимий учрашув авлодлар ўртасидаги маънавий кўприкни мустаҳкамлаш, ёшларни илм-маърифат, Ватанга садоқат ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ҳамрохон Мусурмонова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan