Инсон дард чекаётган, ҳаёт-мамот оралиғида нажот кутаётган мураккаб онларда унга умид бағишлаш, қалбига яшаш иштиёқини қайтариш масъулиятини елкасига олган оқ халат соҳиблари ҳақида шу чоққача не-не таҳсинлар, эътирофлар айтилмади, дейсиз. Уларнинг тунларни бедор ўтказиб, ўзгалар дардига дармон бўлиши нафақат касбий бурч, балки фидокорликнинг амалий тасдиғидир.

Ярим асрдан зиёд вақт давомида саломатлик посбони бўлиб келаётган Соғлиқни сақлаш аълочиси, I даражали  “Меҳнат фахрийси” ва “Ибратли оила” кўкрак нишонлари соҳибаси Бибисора Рустамовани конимехликлар ана шундай эъзозлашади.

Бибисора опа 1950 йилнинг           20 ноябрида Тошкент вилоятининг Бўка туманида таваллуд топган. 1956 йилда оиласи Юқори Чирчиқ туманига кўчиб ўтади. Болалигидан билимга чанқоқ бўлган қизалоқ амакисига эргашиб мактабга қатнай бошлаганида, унинг ёши ва бўйи кичиклиги сабабли 1-синфга қабул қилишмайди.  “Каттароқ бўлганингда келасан”, деган рад жавоби кичик Бибисоранинг қалбига оғир ботади.

5-синфда ўқиётган пайтида Бибисора оғир хасталикдан азоб чеккан онасидан айрилиб қолади ва “Мен барибир шифокор бўламан, одамларни даволайман!” деган қатъий мақсадни ўз олдига қўяди.

Ўрта мактабни кумуш медаль билан тамомлагач, 1969 йилда Тошкентдаги Охунбобоев номли тиббиёт техникумига ўқишга киради. Уни 1971 йилда қизил диплом билан тугатиб, ўша йилнинг ўзидаёқ Тошкент давлат тиббиёт институтининг даволаш факультети талабасига айланади.

1975 йилда Бибисора опа Ўрта Осиё ирригация илмий-тадқиқот институти иқтисодчиси, бухоролик Назарбой ака Рўзиев билан оила қуради ва Жадира ҳамда Темур исмли фарзандларни дунёга келтиради. Сўнгги курсда ўқиш, бир йиллик интернатурани ўташ, ижара ташвишлари ва икки нафар ёш гўдак тарбияси — буларнинг барчасини бир вақтда енгиб ўтиш ёш аёлдан беқиёс ирода ва матонат талаб этарди. Бу мураккаб дамларда қариндошларнинг, хусусан, Назарбой аканинг опаси Зулайҳо ая ва унинг турмуш ўртоғи Мирсоат аканинг кўмаги ёш оилага катта суянчиқ бўлди.

1978 йилда Чирчиқ шаҳар касалхонасида интернатурани ўтаётган бир пайтда, Конимехда яшовчи қайнонаси оғир бетоб бўлиб қолади. Оилавий бурч сабабли Назарбой ака ва Бибисора опа Конимехга қайтишади.  Шу тариқа, Бибисора опанинг заҳматли ва шарафли меҳнат фаолияти Конимех тумани билан боғланди. У марказий шифохона лаборатория мудири, олти йил давомида ноқулай шароитларга қарамай овулдаги врачлик пункти мудири сифатида аҳолига хизмат кўрсатди. Кейинчалик марказий поликлиника мудири, туман шифохонаси бош шифокори ўринбосари ҳамда терапия бўлими мудири вазифаларида сидқидилдан меҳнат қилди.

2016 йилда пенсияга чиққан бўлса-да, туманда терапевтларга бўлган эҳтиёжни эътиборсиз қолдира олмади. У шу кунгача қабул бўлими терапевти сифатида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиб келмоқда.

— Мустақиллик ҳаётга, меҳнатга бўлган муносабатимни тубдан ўзгартирди, — дейди Бибисора Рустамова. — Демократик жамиятда яшовчи халқлар сингари қалбимга ҳурлик туйғусини индирди, тилимга эрк тушунчасини ҳадя этди, кўзларимга маъмурлик аталмиш олий неъмат мавжудлигини намоён қилди, адолат номли улуғ ва муқаддас тамойил ўлмагани, унинг боқийлигига ишонтирди. Собиқ шўролар сиёсати ҳукмрон пайтдаги тузум менга Яратган беминнат сийлаб қўйган сув, ҳаво, нур ва умрдан бошқа ҳеч нарса берган эмас. Аксинча, мен учун қадрдон бўлган онажоним тоби қочиб ётиб қолганида, айрим дориларнинг тақчиллиги сабабли 12 ёшимда она бағридан ажралиб қолишимизга сабабчи бўлди. Уч нафар вояга етмаган гўдак дадамнинг қўлида нима қиларимизни билмай бўзлаб қолдик. 60-йиллардаги “ғалла тақчиллиги” ясама сиёсати даврида “Сен комбайн билан ғаллани чала ўрдинг” деб бобомнинг бошига не қаро кунларни солмади. Турмуш ўртоғимни 80-йилларда бошланган “Ўзбеклар иши” қатағони даврида қурилиш идорасида ҳисобчи бўлиб ишласа-да, ҳеч қандай айбсиз, асоссиз 5 йилга (1985-1990 йиллар) қаматиб юборди. Болаларимни бағримга босганча унсиз йиғлаб қолдим. Агар бўғзимдан сас отилганида “Сен совет тузумининг одилона сиёсатидан норози бўляпсан”, деб менга ҳам бир нечта моддаларни тўқиб ташлашлари эҳтимолдан йироқ эмасди…

Бу йил 76 ёшни қаршилайдиган фахрий шифокорни йўқлаб Конимехга борганимизда, уни уйдан эмас, хизмат вақтида — касалхонадан топдик. Ярим соатли қисқа суҳбатимиз давомида унинг эгнидаги оппоқ халати, бошидаги оҳорли дурраси ва юзидаги самимий табассумидан фараҳли ҳисларни туйдик. Тўғриси, ушбу муборак ёшда ҳам халқ саломатлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган бу фидойи инсонга ҳавас қилдик.

Худойберди НАВРЎЗ,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan