Кексаликда одамнинг дунёга қараши ҳам ўзгаради. Илгари шошиб бажарилган ишларга энди хотиржамроқ, ҳафсала билан ёндашади. Дарахтнинг бугунги ҳосилидан кўра, унинг қачон экилганини, неча йил олдин илк куртак ёзганини эслайди.

Бир қарашда бу оддий томорқа. Аммо эгасининг кўзида у шунчаки ер эмас. Бу ернинг ҳар бир қаричи таниш: меваси ғарқ пишганидан шохлари ерга тегай-тегай деб турган дарахтни бир вақтлар ўзи эккан, йўл бўйидаги ниҳолларни эса невараси билан бирга ўтқазган. Қайсидир ток қурғоқчиликка бардош берган, қайсидир мевали дарахт йиллар ўтибгина ҳосилга кирган. Бугун боғнинг яхлит манзарасига қараб, кекса боғбон ўз умрининг бир қисмини кўраётгандек бўлади.

Айтганча, бундай боғларда мева фақат пишиб етилмайди — хотиралар ҳам қат-қат бўлиб йиғилади. Дарахтлар йилдан йилга кўкка бўй чўзаркан, уларни парвариш қилган инсоннинг қадамлари аксинча, тобора вазминлаша боради. Шунга қарамай, тонгда ҳовлига чиқиб, ернинг тафтини кафтида сезиш, дарахтларга бир қур меҳр билан назар ташлаш одатини бундай миришкорлар асло тарк этмайди.

Яхшимурод ота Чориев Бухоро вилояти Олот тумани “Кўл Човдур” маҳалласида яшайди. Бу ерда уларнинг боғи жуда машҳур.  Айтишларича, бугун узумлар ғарқ пишган ерлар бир вақтлар шўрхок, ҳосил унмайдиган бўлиб, беда экиб, кўкартириш ҳам амримаҳол бўлган. Аммо кекса боғбоннинг меҳнатлари натижасида токлар шиғил ҳосилга кирган. Дастлаб 20 сотих майдонда узумзор ташкил этилди, кейинчалик 60 сотихга етказилди. Айни кунларда “Тойипи”, “Ҳусайни”, “Беҳишти”, “Қора кишмиш”, “Кетмонсопи”, “Аватар” ва бошқа навлар минг тупга яқинлашиб қолган. Илк ҳосилнинг ўзиёқ 20 тоннадан ортиқ мева берди, бу боғбоннинг чўнтагига 100 миллион сўм даромад кирди, дегани.

Яхшимурод отанинг узумзори хонадонига барака олиб кириш билан бирга, ундан маҳалла аҳли ҳам баҳраманд бўлаётир. Отахоннинг ташаббуси атрофдаги боғбонларни ҳам қизиқтириб қўйди, натижада, 10 нафар ер эгасини бирлаштирган кооперация ташкил этилди. Бу бир қарашда муваффақият ҳикоясидек кўринади, аммо мўл ҳосил ва даромад ортида Яхшимурод отанинг қилган меҳнатлари, ерга берган меҳри, эртанги кунга бўлган ишончи турибди. Бу кекса нуроний мисолида ерга меҳр бериш, она табиатга ғамхўрлик кўрсатиш орқали қақроқ ерларни ҳам кўкаламзорлаштириш мумкинлигини яққол кўриш мумкин. Қувонарлиси, бир хонадоннинг “яшил ташаббуси” атрофдагиларни ҳам илҳомлантирмоқда, маҳалла аҳлини ҳам ҳаракатга бошлаётир.

Дарҳақиқат, бугун юртимиз нуронийларини, том маънода, ижтимоий ислоҳотларнинг нафақат фаол ижрочиси, балки шахсий намуна кўрсатиб, кенг жамоатчиликни орқасидан эргаштираётган катта куч сифатида эътироф этишимиз мумкин. Яхшимурод ота каби юзлаб миришкор юртдошларимиз ўз ташаббуслари билан бўш ерлардан унумли фойдаланиш, ҳудудлар салоҳиятини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида барқарорликка эришиш, ички бозорни таъминлаш ҳамда ташқи савдода Ўзбекистоннинг жозибадорлигини ошириш масалаларига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.

Аслини олганда, кекса ёшига қарамай, боғ барпо этиб, яшилликни кенгайтириш, сархил меваларни етиштириш йўлида меҳнат қилаётган заҳматкаш боғбонларни бухороликлар орасида кўплаб учратиш мумкин. Хусусан, Худойберди ота ва Саломат ая Шароповлар катта, кенг боғга ғамхўрлик қилиб, ҳар хил меваларни етиштирадилар. Қуриган дарахтлар ўрнига янги ниҳолларни қадаш, дарахтларнинг кераксиз шохларини буташдан тортиб, анвойи гулларни ўстиришгача — ҳаммасига бош-қош бўладилар. Шароповлар боғида гилос, зардоли, шафтоли, олча дарахтлари мевадан бўшаб, “тин олаётган” бўлса, навбат олмаларга етган. Узумнинг эса “Шивирғони”, “Ҳусайни” навлари ғарқ пишиб етилган. Онахон муаллимликдан, Худойберди ота эса муҳандисликдан нафақага чиққан, бугунги кунда улар ўзларининг мўъжазгина боғлари билан банд.

Қайси боғбоннинг меҳнатига разм солиб қараманг, уларнинг меҳнат-машаққати ортида ягона мақсад ётади: ўз меҳнати билан умумнинг манфаатига хизмат қилиш, бозорлар, хонадонларга барака улашиш, ердан халқ ризқини етиштириб олишдир. Бозорлардаги файз, эл дастурхонининг тўкин-сочин бўлишида миришкор деҳқон, заҳматкаш боғбонларнинг алоҳида ўрни борлиги айни ҳақиқат.

Суғдиёна СОБИРОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan