Марям она Незаева бугун 102 ёшга кирган бўлса-да, 85 йил аввалги воқеани сира унутмайди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, Бошқирдистоннинг Уфа шаҳридаги болалар уйининг 23 нафар тарбияланувчисини фронт орти манзилларига эвакуация қилишди. 16 ёшли Марямни шу тарзда икки дугонаси билан Самарқанд шаҳрида кутиб олдилар.

— Ўшанда… — оғир сўлиш олиб сўз бошлайди онахон, — бизни  кутиб олган киши билан 15 километр  пиёда юриб, Даҳбед деган қишлоққа келганмиз. У ерда икки ўғлидан ҳам қорахат олган  ёлғиз кампирга қиз бўлганман. Янги онам  болаларининг алами боис, бўлса керак, қаттиқ бемор бўлиб, руҳий касалликлар  шифохонасига ётқизилгач, мени Оқдарё туманидаги Каллар қишлоғига олиб келишган. У манзилда бир ойча Қўчқор Худойбердиев деган отанинг уйида яшадим. Кейин мени Қарқара қишлоғидаги Ортиқ ака Раҳматовнинг оиласига олиб келишди. Ўша оилага қиз бўлдим.

Донишмандлар не воқеа бўлса-да, “яхшиликка” дейишни мақбул кўришган. 16 ёшли Марямнинг мудҳиш уруш туфайли  Ўзбекистоннинг Самарқандига, Оқдарёсига келиб қолиши ҳам яхшиликка бўлган экан. У урушнинг фронт орти  оғир кунларини Ортиқ  Раҳматовнинг қизи  бўлиб, ўзбеклар билан бирга ўтказди. Эркакларнинг аксарияти фронтга кетиб,  колхознинг пахта, пилла, буғдой етиштириш  ишларининг  бари аёллар зиммасида бўлгани учун, хотин-қизлар уйда аёл, далада эркак бўлиб ишлашарди. Меҳнат оғир, қаҳатчилик, уруш мусибатларининг  кўплиги ундан ҳам оғир кунларда элнинг саботи ҳам, сабри ҳам, одамийлиги, инсонпарварлиги ҳам синовдан ўтарди.

Марям ҳам барча қишлоқдошлари қатори, тош келса кемириб, сув келса симириб,  нима меҳнат бўлса, эл билан бирга бажариб, ҳаёт синовларидан ўтди. 25 ёшга кирганида, урушда оғир яраланиб, ўпка қисмида осколька билан қайтган Зокир исмли татар йигитга турмушга чиқди. Зокир ҳам, Марям ҳам Ўзбекистоннинг фақат қуёши, тупроғи, сувигина эмас, одамлари ҳам меҳрли, муҳаббатли эканини ўз ҳаётларида  кўрдилар. Аниқроғи, юртимизда асл ўзбек бўлиб яшадилар. Тўй, азада  эл билан бирга бўлишди. Урфу одатларимизни маромида бажаришди. Уч ўғил, уч қиз кўриб, барига ўзбекча исм қўйишди. Болаларини  ўзбек мактабларида ўқитиб, ўзбекча тарбиялашди. Уч ўғлини  ўзбек қизларига уйлантириб, уч қизини ўзбек йигитларига  узатишди.

Зокир ака уруш жанггоҳларидан  бирга олиб келган ўпкаси ёнидаги осколька  кўп қийнади. У 1995 йили вафот этди. Марям  она болаларига энди ҳам ота,  ҳам она бўлиб яшай бошлади. Ўзбек маҳалласининг одатларига кўра, қўни-қўшнилар унинг суянчиғи бўлишди. У эса маҳалла аёлларининг бирига опа, бирига сингил бўлиб янаям ўзлашиб кетди.

— Бу ерда орттирган кўп  дўстларим ўтиб кетишди, — оҳиста гапиради Марям она. — Биздан икки эшик наридаги Роҳатхон 1933 йили туғилган,  Норхол эса 1936 йилда туғилган эди. Уларнинг бири  мендан тўққиз ёш, бири ўн икки ёш кичик бўлса-да, қадрдон бўп кетувдик. Ҳар баҳорда бирга сумалак  пиширардик. Бир-бировимизнинг тўй-тўйчиғимизда, турли маросимларда қатлама, патир пишириб, сават кўтариб кирардик. Учаламиз маҳалланинг энг ёши улуғи бўлиб, ҳар бир йиғинда тўрда ўтирардик. Бирга бўлардик. Ёшлигимизни бирга эслаб, суҳбатлашардик. Аттанг,  мени  ташлаб ўтиб кетишди. Жойлари жаннатдан бўлсин уларнинг… Мен уларга доим уруш туфайли бу манзилларга келиб қолганимга шукронам кўплигини айтардим. Рост-да, мен бу мамлакатда меҳрибонларим,  бахтимни топдим. Элга қўшилдим. Болаларимнинг тўйларида ўзбек қудаларимдан саруполар кийиб, тўрларда қўр тўкиб ўтирдим. Юз ёшга етганимда, Президентимиздан орден (“Шуҳрат” медали демоқчи) келди. Орденли бўлдим. Эрим кўп такрорлаган гап, яъни 41-йилги эвакуация мен учун хайрли бўлган экан…

Марям онанинг шукронаси бежиз эмас, ўша даврда Самарқанддан Даҳбедгача  пиёда, дарё кечиб келган бўлсалар, бугун онахон яшаётган маҳалланинг ҳар бир  хонадонида енгил автоуловлар бор. Янги равон йўллар, мустаҳкам кўприклар қурилди. Янги иморатлар қад кўтарди.

Юртбошимизнинг нуронийларни ардоқлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, соғликларини тиклаш,  тажрибаларидан фойдаланиш борасидаги  кўплаб қарорлари амалга ошириляпти.

Марям она Незаеванинг Тоиржон, Зоиржон, Зопиржон, Гулнорахон, Замирахон, Жамилахон деган ўзбекча исмли, чинакам ўзбек бўлиб кетган олти фарзандининг бари таълим-тарбияли, ҳунарли, билимли, меҳнати билан элда обрў топишди. Шу кунда ҳаммаси нуронийлар сафида. Олти фарзанди келинлару куёвлар билан ўн икки нафар бўлган. Невара,  эвара, чеваралар билан эса  юзга яқин бўлиб қолган. Марям она баракаси учади, деб ҳеч қачон уларнинг неча нафар эканлигини айтмайди.

Табаррук Марям онани невара-чевараларнинг қай бири  буви дейди, ким катта буви, яна кимлари момо дейишади. Онахонга  ҳар сафар совға билан келишади. Ким рўмол, ким  ипакли матодан кўкрак бурма кўйлак, ким махси-калиш келтиради. Совға келтирувчилар ёппа жамланса  борми, ҳовлига сиғмай кетишади.

Марям она бугун кенжа ўғли Зопиржон ва Зоиржон  билан бирга яшаяпти. Зоир аканинг аёли Туймагул  онанинг парвариши билан банд. Зокир отадан қолган  бу хонадон барча учун катта эшик деб аталади. Унда Зокир ота (Оллоҳ раҳмат қилсин) ва Марям онанинг ўз қўллари билан эккан ўн хилга яқин мевали дарахтлари, файзли томорқаси бор. Марям она ҳамиша  хонадонида сигир-бузоқ бўлишини истагани учун ҳозир чорва боқилади. Ахир келди-кетди кўп, меҳмон узилмайдиган уйда қаймоқ, сут, қатиқнинг бўлгани яхши-да…

Марям она яшайдиган “Амир Темур” маҳалласи аҳолиси   онахонни зиёрат қилиш  учун келиб туришади. 102 ёшли табаррук момо эса уларга  бугунги фаровон кунларнинг қадрига етиш, халқимизнинг қадим қадриятларини унутмаслик, яхши ўқиб, элга хизмат қилиш даркорлиги ҳақида гапиради. “Қариси бор уйнинг париси бор”, деб шунга айтсалар керак-да.

Замира РЎЗИЕВА,

 “Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan