Бугун, 86 ёшида Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги фаол нуронийлардан бири бўлиб, тадбирларда иштирок этиб келаётган Тоштемир ота Абдухолиқов биз билан суҳбатда шундай дедилар: “Менинг болалигим давр оловларида ёниб кетган, аммо кексалигим шукроналар билан ёшариб, яшнаб турибди”.

Дарҳақиқат, отанинг болаликдаги орзулари то 25 ёшга етгунича ҳам армонларга ўралиб, дил тубида қолган экан. Исмининг Тоштемир экани ҳам бежиз эмас. Олти фарзанди йўқлик, қахатчилик сабаб турли касалликлар билан уч ёшгача вафот этган ота-онанинг “Шу еттинчимизнинг жони тошдан, темирдан бўлсин” деган тилаги боис, Яратганнинг марҳамати билан отахон шу ёшга етган бўлсалар, не ажаб?!

Ростдан ҳам, исмига яраша Тоштемирнинг болалиги давр оловида ёниб кетган эди гўё. Уч ёшида отаси оммавий сафарбарликка кўра, фронт ортига ишлаш учун олиб кетилганда, онаси билан ёлғиз қолган. Эрини олис Россия шаҳарларидан биридаги урушга аслаҳа чиқарадиган заводга ишга кузатган Майсара она Тоштемиржони билан янги колхоз қурилиши учун сафарбарликка рўпара бўлиб, қишлоғидан олисга кўчибди. То янги бошпана топилгунча ҳамсафарлари билан катта бир бинонинг ертўласида яшашга кўнибди.

Тоштемирнинг болалиги машаққат оловида ёнди. Иккинчи жаҳон уруши тугаб, отаси юртга қайтганида эса онасининг касалликка чалиниб ётиб қолиши ёлғизгина Тоштемирнинг болалигини баттар ёндирди. Онасининг рангпар юзларига қараб ўн ёшга ҳам етди. Узоқ вақт отасиз яшаб қийналган Тоштемир энди онасидан бир умрга айрилди.

— Бу бош нималарни кўрмади, — дейди ота хотиралар уммонига ғарқ бўлганча. — Ука-сингилларим бўлишини орзу қилардим, аммо бу ҳам армонлигича қолди. Йигирма олти ёшимгача нима юмуш бўлса ишлаб, институтда ўқишни орзулаб юрдим. “Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёғду билан” деган гап бекорга айтилмаган. 26 ёшимда ҳозирги Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг география факультетига сиртқи бўлимга бўлса-да, ўқишга кирганим, ўша йили ўн етти ёшли Муборак онангизга уйланганим мен учун ёғдули кунларнинг бошланиши бўлганлиги рост. Шундан буён орадан 61 йил ўтибди. Бу орада икки ўғил, икки қиз кўриб, кунларим янада нурга, ёғдуга чўмди.

Таъбир жоиз бўлса, Муборак она келин бўлган кунларининг бошиданоқ ҳовлига ёғду сочиб кириб келди. Икковлон ўзаро ришталарни мустаҳкамлаб, бахт-саодатли оила бунёд этиш умидида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидан Олмалиққа яхшироқ иш излаб келдилару шу ерда муқим қолдилар. Тўрт фарзандли бўлганларида Муборак она ҳам турмуш ўртоғи ўқиган олий ўқув юртининг талабаси бўлди. Энди Тоштемир ота география фанидан сабоқ берар, Муборак она эса бошланғич таълим муаллимаси бўлиб ишлай бошладилар.

Оиладаги муҳаббат маърифат зиёси билан уйғунлашгани сари хонадонга файз, барака ҳам кела бошлади. Тоштемир отанинг тез-тез такрорлайдиган гапи бор: “Минг шукр, бир эдим — жуфт бўлдим. Кейин тўрт фарзанд топиб, олтига айландим. Келин-куёвларим билан ўнтага етдим”.

Бугунги кунда Тоштемир отанинг 11 нафар набира, тўрт нафар абираси бор. Қарангки, набираларнинг ўн нафари аллақачон олий маълумотли, биттаси ҳозирча талаба. Тоштемир отанинг орзу-армонлари рўёб топиб, шукронаси ортиб бормоқда.

— Катта оиламизда фарзанд кўпайгани сари қувонаверадилар, — дейди Муборак она. — Асли мактабда муаллимлик пайтларида ҳам ўқувчиларини яхши кўрардилар. Ёзги таътил келди, дегунча мактаб ўқувчиларининг амалиёт пайтида ишлаган пулларини ундириш ва уларга рағбат тарзида саёҳат йўлланмаларини олиш учун идораларга югурардилар. Йўлланмани қўлга киритиб, ёнларига бир-икки муаллимни олардилар-да, ўттиз ўқувчи билан сайёҳ бўлиб кетишарди. Бир гал Белоруссиянинг Хатинь қишлоғига бориб келишди. Ўқувчиларининг тафаккури тиниқлашди, шундан кейин уч марта Москвага, бир марта Тожикистоннинг Душанбе шаҳрига, сўлим Фарғонага, сир-асрорга тўла афсонавий Самарқандга ҳам саёҳатлар уюштиришди. Табиийки, энг аълочи ўқувчиларга насиб этадиган бундай сайёҳлик сафарларига бориш илинжида юқори синфларда аълочи, фаол ўқувчилар кўпая борди. Ўқувчиларга Ватан тушунчасини теранроқ англатиш, дунёқарашининг кенгайишига кўмаклашган ташаббускор Тоштемир Абдухолиқов “Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси” унвони билан тақдирланди. Хуллас, Тоштемир отанинг билгани билган…

Ўша ўқувчиларнинг кўпи бугун юқори лавозимларда ишлаб, эл хизматидаги обрў-эътиборли инсонлар ҳисобланишади. Устоздан эса тез-тез хабар олиб туришади. Тоштемир ота кўпинча ўзининг синовларда куйиб-ёнган болалигини эслаб, ўз ёшлик йилларини бугунги йигит-қизларнинг ҳаётига солиштирар экан, давлатимиз раҳбарига чин дилдан раҳматлар айтади, тинч ва осойишта, тўкин ҳаёт учун шукрона келтиради.

Отахон сира бўш ўтирмайди. Чоққина томорқасидаги сархил мева дарахтларига шакл беради, озуқа солади, қўрадаги қўйлар, катакдаги товуқ ҳамда куркаларга қараб, хурсанд бўлади.

“Нуроний” жамғармаси Олмалиқ шаҳар бўлими ташкиллаштирган учрашувларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тақиб борган чоғида ўзгача ҳурмат-эҳтиромдан дили яйрайди. Бу кунларга етиб келиш қанчалар машаққатли бўлганлигини айтиб, фаровон кунлар учун шукрона айтиш кераклигини ёш ва ўрта авлод вакилларига тушунтиради, ҳамиша Ватан ва халқ хизматида камарбаста бўлиш лозимлигини уқтиради.

Ҳақиқатан ҳам, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиган, йиллар синовларидан мардонавор ўтиб, оила аталмиш мустаҳкам қўрғон бунёд этган, баркамол фарзандлар, набира-ю абираларни вояга етказган Тоштемир ота каби нуронийларнинг ҳар бир сўзи, амали чинакам маънода, камолот мактабидир.

Замира РЎЗИЕВА,

“Нуроний ” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan