Ҳар бир ҳудуднинг кўпга ибрат бўлгулик таниқли одамлари бўлади. Таъбир жоиз бўлса, Иброҳим ота Жумамуродов Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманининг шундай ҳурматли нуронийларидан. Иброҳим ота асалари, товуқ, қўй, бузоқ, хуллас, одамзотга наф келтирувчи тилсиз жонзоту мевали дарахтларга ғамхўрлик қилиб, меҳрию меҳнатини берган тадбиркорлардан ҳисобланади.

—  Қорақалпоғистонни  кўпчилик шимолий ҳудуд, Орол денгизининг қумлари сочилган тупроқ, деб қийин минтақага йўяди, — дейди Иброҳим ота. — Аммо мен ундай ўйламайман,  инсон  ўзи яшаётган Ватанини севса, уни  жаннатмакон ҳудудга айлантира олади. Яқинда бизникига Фарғона водийсининг Қува туманидан келган дўстларим ҳам мевалари пишиб, кўзни қувонтириб турган боғимизни кўриб, фикримни маъқуллашди. Уларнинг айтишича, бу йил баҳордаги қорли совуқ туфайли айрим жойларда кўп ўрик дарахтлари мева қилмабди. Улар икки ярим гектарли минг тупга яқин мевали дарахтлари бор боғимиздаги  сара нав ўрикларимиздан шартнома билан бирданига уч тонна харид қилдилар.

Ҳа, Иброҳим отанинг икки ярим гектар жойни эгаллаган боғида етти-саккиз хил мевали дарахтлар бор. Йилига ўн тоннагача ҳосил берадиган бу боғни  яратиш осон бўлмаган. Аммо ота айтганидек, кишида меҳру меҳнат мужассам бўлса, ниятлар ижобат бўлаверади.

Иброҳим отанинг боғдорчиликдан ташқари, асалари боқиш бўйича ҳам тадбиркорлиги  бор. Табиатшунос бўлиб кетган, десак муболаға бўлмайди. Қайси гиёҳ қачон гуллайди, унинг шифобахшлиги қай даражада, асаларилар учун қайси давр “сайр”га маъқул, барини соҳага оид китоблардан мустақил ўқиб ўрганган.

Ҳазрат Навоийнинг “Ҳунарни асрабон нетгумдир охир, олиб туфроққаму кетгумдир охир” деган ҳикматига амал қилган “тоза асалчи отахон”нинг  Тахиатошдан 150 километр узоқдаги Қораўзак туманида, 100 километр олисдаги Қўнғирот туманида ҳам шогирдлари бор. Улар асалари боқиш бўйича донғи кетган Иброҳим ота ҳузурига бир неча бор келиб, бу соҳанинг ўзига хос сирларини ўрганиб олишган. Биринчи шогирди — синфдоши  Мурод Убайдуллаев  бўлган бўлса, ҳозиргача йигирма нафардан кўпроқ шогирдлари асалари боқиб, эл дастурхонини шифобахш асал билан таъминламоқда.

Иброҳим Жумамуродов “Қора шаҳзода” номли зотдор қора товуқ боқишни ҳам йўлга қўйган. Отахон дастлаб Андижондан  60 дона жўжа олиб келган. Ҳозирда улар ўзидан кўпайиб, қора товуқлар сони 100 тадан ортиб кетган. Иброҳим ота қишлоқдошларини сара шифобахш уй товуғи тухуми билан таъминлайди.

— Шогирдларнинг энг аввали фарзандларингиз бўлса керак, — сўраймиз отахондан.

— Албатта. Ўша 1000 туп дарахтдан иборат мевали боғимизга ҳозир кенжа ўғлим Шамсиддин  қараяпти. У соҳанинг анча миришкори бўлиб қолди. Меваларнинг яхши навларини экиб, парваришлашнинг ҳадисини олди. Шу кунда  “Сўх гўзали” деб номланган эртапишар олма навини экиб, ҳосилга киритди. Шамсиддин Тахиатошдаги нуронийлар санаторийсига ҳар йили  сара нав ўрик меваларини етказиб беради. Қишда эса ўрик қоқилари билан санаторийга келганларни сийлайди.

— “Нуроний” жамғармаси Тахиатош тумани бўлими раиси Аминжон Эрсайидов сизни “илми етук отахон, бизнинг фаолларимиздан”, деб гапирганди.

— Ислом илмига, тарихий китобларга, мумтоз шоирлар асарларига  ихлос қўйганман. Огаҳий ва Аваз Ўтарнинг шеърларини севиб ўқийман. Узоқ йиллар қишлоғимиздаги Муҳаммад Мурод масжидида хизмат қилдим. Ҳозирда нафақадаман. Боғ айланаман,  асалариларимдан хабар оламан. Қора товуқларимизнинг аҳволини назорат қиламан. “Кенагас” маҳалламизнинг фаоли сифатида  камбағаллик реестрига тушиб қолган бешта оилани оёққа туриб олиши учун оталиққа олганман. Улардан хабар олганимда, боғимиздаги мевалардан, шифобахш асалимиздан совғага олиб бораман. Бу неъматлар меҳнатимиз, ҳаракатимиз самараси эканини тушунтираман. Уларнинг томорқаларига экиш учун дарахт ниҳолларимиздан бериб, қандай парваришлаш йўлини ҳам ўргатиб келаман. Ахир бизнинг Худо ёрлақаган тупроғимиз бор. У билан тиллашган одам қашшоқ бўлмайди, деб уқтираман. Туман фаол нуронийси сифатида Самарқанддаги Имом Бухорий  мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этдим. Дунёга машҳур бу мажмуани зиёрат қиларканмиз,  ҳайратим ошди. Улуғвор мажмуанинг дунё миқёсида овоза бўлаётганлиги, муҳаддис бобомизнинг руҳи шодланаётганлигидан мамнунман… Ахир дунё аҳли  ҳайратланиб зиёрат қилаётган бу беқиёс мажмуада зиёратчилар  учун 65 минг ўринли меҳмонхоналар, зарур шароитлар яратилган. Яна бир ҳайратимни оширган обида — Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази бўлди. Бундай жасоратли ташаббус ижодкори бўлган Юртбошимиздан ҳамма миннатдор. Нуронийлар, ўрта ва ёш авлод вакиллари билан учрашувларда  ҳайрату таассуротларимни барчага сўзлаб беряпман. Аминжон (“Нуроний” жамғармаси Тахиатош тумани бўлими раиси Аминжон Эрсайидов) ташкиллаштирадиган учрашувларга жон деб бораман. Ахир тинч Ватанда,  таълим ислоҳотлари олиб борилаётган,  янгиликлари бисёр шароитларда яшаяпмиз. Ёшларимиз бу юксалишларнинг қадрига етиши, билим олиб, чинакам ватанпарвар бўлиб улғайиши зарурлигини  бир нуроний сифатида ёшларга уқтиришимиз керак. Кези келганда, ўзбекча, ўрни бўлса, қорақалпоқ тилида, зарур бўлганда, туркман тилида сўзлайман. Ўзим ўқиган китоблардаги ривоятлар, ҳадислардан мисоллар келтираман. “Ардоқли нуроний” медали билан тақдирланганим ҳам инсон қадрининг юксаклигидан, деб биламан. Беш фарзандимни аёлим Робияхон билан бирга тарбиялаб вояга етказдик. Бари ўқимишли, меҳнаткаш бўлишди. 9 нафар неварам, 2 нафар чеварам бор. Агар мен ҳақда ёзсангиз, “Шукронаси кўп отахон” деб ёзинг.

Дарҳақиқат, отахон ўзлари айтганларидек, у кишининг ҳар нафасда, ҳар қадамда шукрона билан яшаётганлигига гувоҳ бўлар эканмиз, мамлакатимизда Иброҳим ота Жумамуродовдек Ватани, халқини севадиган, унинг тақдирини ўз тақдири деб биладиган инсонлар, фидойи нуронийлар кўпаяверсин, деб қоламиз.

Замира РЎЗИЕВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan