— дейди 1200 нафар шогирднинг устози, таниқли муаллим Чори Бобоқулов
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи Чори ота Бобоқулов билан сўзлашсангиз, отахон камгапдек кўринадилар. аммо таълимдан, дунё бўйлаб юлдуздек сочилган шогирдларидан сўз очсангиз, чори ота бирдан жонланиб, уларни таърифлай бошлайдилар.
— Тошкентда ишлаётган Сарварбек Саъдуллаев зўр бола чиқди-да, — дейди Чори бобо. — Доришуносмисан, доришунос бўлиб кетди. Пойтахтда Азизбек Бўтаев деган яна бир жарроҳ йигитимиз каминадан кимё сабоқларини олиб, олий ўқув даргоҳига ўқишга кирган. Ҳар гал Яккабоққа келишса, иккалови ҳам бизни йўқлайди. Одамгарчиликларидан мамнун бўламиз… Қўшни Сурхондарёнинг Шерободидан бўлган жарроҳ Абдуллатиф Аҳадов ҳам улардан қолишмайди. Ютуқларидан яйрашимни билади. Шунинг учун байрамлару ҳайитларда келиб, изланишлари, фандаги янгиликлар ҳақида сўйлаб беради. Шунингдек, хориж мамлакатларида ҳам шогирдларим анчагина. Анголада ишлаётган жарроҳ шогирдим Боқижон Ўроқовдан ҳам тез-тез йўқлов олиб тураман. Америкада яхшигина ҳурмат топиб ишлаётган шогирд қизим Умида Эшқувватова 12 минг доллар маош оларкан. Бу хабардан ҳам хурсанд бўлдим. Яна бир иқтидорли шогирдим Дилмурод Эшмўминов эса Австрия мамлакатида жарроҳ. Ҳозирда долзарб мавзуда илмий-тадқиқот олиб бормоқда. Баридан розиман. Уларни дуо қиламан.
— Бари деганингиз неча нафар, ота? — сўраймиз қизиқиб.
— Дафтаримдаги рўйхат бўйича айтадиган бўлсам, 1200 нафар. Рўйхатга тушмаганлари ҳам бор. Ҳайрон бўляпсиз-а, мактабда ишлаган муаллимнинг ҳам шунча шогирди бўладими деб. Ҳаммасини 8-синфдан бошлаб, дарсдан кейин институтга ўзим тайёрлаганман. Кимёни қийин деб қизиқмаганлари ҳам бор эди. Бу фаннинг мўъжизавий сирларини ўрганганларидан кейин ўзимдан ҳам ўтиб кетишган. Шу 1200 нафари олий ўқув юртига биринчи уринишдаёқ ўқишга кирган.
Чори Бобоқуловнинг энг зўр муаллим экани ҳақидаги гаплар Яккабоғ ёки Қашқадарё вилоятидагина эмас, 1996-2010 йиллар мобайнида қўшни худудларга ҳам овоза бўлгани рост. Тиббиёт, доришунослик, қишлоқ хўжалиги соҳалари, кимё фани муаллимлигига қизиққанки болаларни ота- оналари илтимос билан шогирдликка олинг, деб етаклаб келаверганлар. Чори ота айтган дафтар ўшанда очилган.
Чори ота шу кунда 76 ёшда. Ҳозир ҳам таълим соҳасини жон дилидан яхши кўради. Ўқувчиларнинг яхши билим олишию мактаблардаги шароитларни ўрганиш учун “Нуроний” жамғармаси туман бўлимининг раиси Фарҳод Жумаев билан бирга тез-тез мактабларга чиқади. Учрашувлар ўтказиб, шогирдлари ҳақида болаларга сўзлаб беради. Илм уммон экани, тубидан дуру гавҳар териш ўзи ва элу юртининг юксалишига хизмат қилиши ҳақида сўйлайди.
— Аёлингиз Муҳтарамахоним ҳам ўқиганмилар?
— Муҳтарама онангиз олий маълумотли эмас, чевар — тикувчи бўлган. Аммо менинг илм йўлидаги ҳар бир ҳаракатимни қўллаб-қувватлаган. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” унвонига эга бўлганимдан буён фахру ифтихори янада ортган. Фарзандларимизга отангиздек илмли бўлишингиз, обрў топишингиз учун ҳозирдан ҳаракат қилинг деб уқтиргани-уқтирган.
Муҳтарама она турмуш ўртоғи таъкидлаганидек, саккиз фарзанд кўриб, икки нафарини қаро тупроқ бағрига топширган. Доғида куйиб, йиғлаб, олти фарзандни соғу омон ўстириш учун жонфидо қилган оналардан. Беш қизининг ҳам дадасидек кимёга меҳр қўйгани онахоннинг яна бир қувончи бўлган экан.
Ахир, шу кунда Дилноза, Лолахон, Хуршидахон, Маҳзунахон олий маълумотли шифокор. Матлубахон эса тиббиёт ҳамшираси бўлиб, элга хизмат кўрсатяпти. Кенжа фарзанд Умиджон иқтисодчи, келини Умидахон муаллима. Чори ота билан Муҳтарама онанинг беш куёвлару биргина келинидан ҳам омади келган. Бари ўқимишли. Ҳар ҳолда Бобоқуловлар оиласининг фарзанду набираларидан ҳозир саккиз нафари шифокорлик касбини улуғлаб, сидқидилдан меҳнат қилишяпти.
Чори ота ва Муҳтарама онахоннинг ўзаро аҳил, бир-бировига кўмакдошлиги туфайли хонадон ҳамиша обод. Томорқалари у қадар катта бўлмаса-да, тўрт-беш хил сара нав узумлар, тобора ноёблашиб бораётган оқ маржон тутлари, олма, ўрик, гилос, хуллас, жами мева дарахтлари баҳорда гуллаб, кузда ҳосил берган ҳолда кўзни қувонтиради. Дастурхонларини тўлдиради. Муҳтарамахон она эса келини ишга шошилиб, улгуролмай қолганда сигирини ўзи соғиб, қаймоқ олади. Келинимга ҳарна кўмак деб, уй юмушларида иштирок этади.
Туманда Чори отага сафдош Мухторжон Жўраев, Ғофуржон ота Муҳаммадиев, Жуманбой Тўхлиев, Хўжақул Ҳаитов каби фаол нуронийлар талайгина. Улар “Уч авлод учрашуви”, “Қўша қариш саодати” каби тадбирларда бирга иштирок этадилар. Республикамизнинг турли шаҳарларига уюштирилган саёҳатларда дам олиб, ўлкамизнинг обод манзилларини томоша қилиб қайтадилар. “Нуронийлар чойхонаси”ни ташкил қилиш ҳақидаги таклифни ҳам айнан фаолларнинг ўзлари берганлар. Туман нуронийлари сардори Фарҳод Жумановнинг айтишича, яккабоғлик фахрийлар учун ҳадемай бу гурунг маскани ҳам тайёр бўлади.
Замира Рўзиева,
“Нуроний” мухбири.