Халқимизга оид қайси манба, қайси қўлёзмага мурожаат этманг, она, аёл шу оиланинг муқаддаслигини таъминловчи, маънавий-ахлоқий муҳитини яратувчи мўътабар инсон сифатида таърифланади. Жумладан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ҳам онани улуғлаш лозимлиги ҳақида кўплаб ибратли кўрсатмалар бор. Зотан, ҳомилани юраги остида кўтариш, дунёга келтириш ва унга Яратган ато этган биринчи ризқни бериш — эмизиш, уни тарбиялаш, вояга етказиш, элга қўшиш оналар зиммасидаги шарафли ва хайрли вазифадир.

Ривоят қиладиларки, ўғил онани уч маротаба ҳажга опичлаб олиб бориб келган тақдирда ҳам, она фарзанд деб чеккан заҳматларнинг учқуничалик бўлмас экан. Дейдиларки, онанинг фарзандни ўстириб вояга етказиш йўлида чеккан риёзати ҳаққини адо этиш учун ҳар қандай саъй-ҳаракат ва хизмат камлик қилади.

Меҳр туйғуси гўдак бешиклигидаёқ қулоқлари остида янграган она алласининг оромбахш садолари орқали бола қалбига йўл топади. Она отага нисбатан болага меҳрибонроқ бўлади, уни ҳамма вақт кўз қорачиғидай асрайди, ювиб-тарайди. Унга ўзининг бутун вужуди, қалби, меҳри, вақти, эътибори, меҳнатини бағишлайди.

Инсонга хос шундай ноёб фазилатлар борки, уларнинг барчаси болага онадан ўтади. Чунки бола энг кўп вақт онанинг бағрида, ёнида бўлади, ундан ҳаёт сабоқларини олади. Олам ва одамларга нисбатан меҳрни ўрганади.

Яна шуни ҳам айтиш керакки, бола тарбиясидаги энг машаққатли ва масъулиятли давр — инсоннинг инсон бўлиб шаклланадиган вақти она бағрида кечади. Шунинг учун инсон эришган ҳамма нарсани она қўйнида берилган тарбиянинг озиғи деб билмоқ керак. Она ҳеч қачон фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. У боласининг посбони, ҳимоячиси, сирдош дўсти ва қиблагоҳидир.

Она ўғил болага нисбатан қизларга яқинроқ бўлади, деган гапда жон бор. Чунки у қизини тарбиялар экан, унинг тимсолида бўлажак онани кўради, шу боис, унда оналикка хос сифатларни қарор топтиради, уни турмушга, оилага тайёрлайди. Унинг бахтли бўлишига умид қилади.

Она қизини унаштирар экан, уни ёнига чақириб, шундай насиҳат қилади:  “Севимли қизим, тез кунлар ичида бизнинг қўлимиздан кетиб, бир инсонга ёр ва бир умрлик йўлдош бўласан. Сенга бахт-саодат тиловчи она томонидан берилган ушбу насиҳатларни тингла, шу насиҳатларга имконинг борича амал қил. Турмуш ўртоғинг ўзига йўлдош, шодлик ва қайғули кунларида бирга шодланувчи ва қайғурувчи ўртоқ бўлишингга умид қилиб, сени танлади. Зинҳор унинг умидини пучга чиқарма. У ҳар вақт: “Шукр, мақсадим ҳосил бўлди”, деб севиниб сўзлаб юрсин ва сендан рози бўлсин. Эрингнинг яқин кишиларини, хусусан, қайнота ва қайнонангни ҳурмат қил, уларни ўз отанг ва онанг қаторида кўр. Болаларни ака, ука, опа-сингилларининг ҳукмида ҳисоб қил.

Қайнотанг ва қайнонанг насиҳатларини яхшилаб тинглаб, уларга амал эт. Оила аъзоларининг хулқ ва табиатларини яхши ўрганиб, уларга мулойим муомалада бўл. Улар билан оранг бузилишидан сақлан. Чунки бунинг оғирлиги эринг устига тушади. Сени деса, уларнинг кўнгиллари қолади. Эринг икки ўт орасида қолиб, жуда қийналади, эрингни азоб ичига қўйма, унинг оила аъзолари билан тотувликда яша. Эрингдан ҳеч бир сирни яширма, эрингдан бошқа ҳеч кимга сир сўзлама.

Турмушнинг шод кунлари бўлгани каби, заҳарли, тиканли кунлари ҳам бўлади. Эринг билан орангга совуқчилик туширма, ўзингни оғир тут, совуққонлик билан сўзлаб, қизишма, юзингни буриштириб, бақириб-чақириб сўзлама. Яхши муомала қил. Сўзингда ҳақли бўлсанг, мулойим сўзлаб, ётиғи билан тушунтир, эринг бу гўзал муомалангни кўриб, дарров ғазабдан тушади, муҳаббати сенга яна ҳам зиёда бўлади. Болаларингни яхши тарбиялаб ўстир, яхши хулқларга одатлантир. Бу ҳамма айтган сўзларимни бажо келтириш ақлли ва тадбирли хотинлар учун оғир иш эмас. Куч-қувват билан қилиб бўлмайдиган ишларни яхши хотинлар ўз ақллари билан қила оладилар”.

Онанинг мураккаб вазифаларидан яна бири ўғлини бўлажак ота сифатида камол топтиришдан иборат. Қизларда оналик туйғуси туғма бўлади, ўғил болаларда эса оталик туйғуси туғилгандан кейин, оилада онанинг отага муносабати, муомаласи жараёнларида шаклланади. Она ўз ҳаёти тимсолида  фарзандларида аёл кишига қандай муомалада бўлиш, ўзаро ҳурмат, садоқат ва вафодорлик фазилатларини тарбиялайди.

Она тарбиясини олган ўғил ҳеч қачон ўз рафиқасига, опа-сингилларига бемеҳр бўлмайди, уларни ҳамиша ардоқлайди, эъзозлайди. Буюк ёзувчилар ўзларининг энг яхши асарларини волидаи муҳтарамалари хотирасига бағишлаб ёзганлари, донишмандлар эса ўзларидаги энг эзгу фазилатларни фақат оналаридан олганларини таъкидлашгани бежиз эмас.

Юқоридагилардан хулоса шуки, она — хонадон фариштаси. У бор уйда нур, файз ва барака бор. Ўқишдан, ишдан, хизматдан қайтган фарзанд борки, остона ҳатлаб уйга кириши билан онасини сўрайди. Ота ҳам, энг аввало, “онаси” деб мурожаат қилади. Зеро, она — оиланинг чароғбони, устуни, оиладаги ҳамма нарса у билан боғланган.

Ҳамро ҲАЙИТОВ, 

Бухоро шаҳридаги “А.Ғиждувоний” МФЙ “Кексалар маслаҳати”

гуруҳи раиси,

меҳнат фахрийси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan