18 май — Музейлар куни

Юртимиз тарихидан сўйловчи маскан — зомин ўлкашунослик музейидаги мавжуд экспонатларни кузатар эканмиз, юртимиз тарихи,  аждодларимиз турмуш тарзи кўз олдимизга келади. 

Зомин қадимда Самарқанд, Тошкент ва Фарғона каби йирик шаҳарларни бир-бири билан боғловчи савдо йўлида жойлашган, бу унинг обод ва фаровон манзил сифатида юксалишига имкон туғдирган. Туман ҳудудидан топилиб, ҳозирги вақтда Зомин тарихий ўлкашунослик музейида сақланаётган турли-туман экспонатлар ҳам шуни кўрсатиб турибди. Маданият маскани дастлаб Жиззах вилояти ўлкашунослик музейининг тарих бўлими сифатида ташкил этилган. 1996 йил 18 майда, яъни Халқаро музейлар кунида алоҳида даргоҳ сифатида ўз эшикларини очган. Музей биноси маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган, бинонинг ўзи ҳам тарихий аҳамиятга эга.

Дастлаб 500 та экспонат билан иш бошлаган музейда ҳозир 5000 дан ортиқ буюм сақланмоқда. Амалий санъат, археология, кандакорлик ва этнография бўлимлари бир-бирини мазмунан тўлдиради. Қадимий китоблар, кулоллик ва дурадгорлик маҳсулотлари, кўҳна Зомин кўприги ва Зомин қалъаси макетлари, куви, ўғир, омоч, дазмол, фонус, эгар, чарх ва шунга ўхшаш уй-рўзғор буюмлари томошабинни қизиқтириб қўяди. Археологик топилмалар сизни турли даврларга етаклайди.

Музей бир неча бўлимдан иборат: археология, нумизматика, этнография ва халқ амалий санъати, тасвирий санъат, табиат…

Уларнинг ҳар бирида ўлка тарихидан сўзловчи экспонатлар жой олган. Зомин воҳасининг ажойиб табиати, маданияти, ўзига хос урф-одатлари, кўп асрлик ўтмиши моддий ва ёзма манбаларда қайд этилган.

Зомин воҳаси қадимий ва буюк давлатлардан бири Уструшона таркибидаги энг катта масканлардан бири бўлиб, ушбу давлат IV-V асрларда пайдо бўлган. Уструшонада давлат тили сўғд тили бўлиб, аҳоли зардуштийлик динига сиғинган. Зомин қадимда Сарсанда, Сусанда, Сабза номлари билан аталган. Араб жуғрофий олимлари Ҳавқал ва Муқаддаснинг Х асрдаги маълумотларига кўра, Зомин араблар Туронни истило қилмасдан илгари ҳам бўлган ва ўз аҳамияти жиҳатидан Уструшонада энг йирик шаҳарлардан бири ҳисобланган. Аҳолиси қадимдан савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, кандакорлик, каштачилик, зардўзлик, тўқувчилик билан шуғулланган.

Экспозиция залидаги асосий қисм экспонатлари  Самарқанд археология институти археологи Алексей Грицин томонидан қазилма ишлари натижасида топилган. Булар V асрдан XII асргача бўлган даврларга оид сопол буюмлар — кўзалар, хумча, чорвадорлар сув идишлари, пиёла, мурғоби, сопол товоқ, шамдон кабилардир. Бу буюмларнинг ҳар бири уй-рўзғорда ўз ўрнига эга бўлган ва уларни аҳолининг, асосан, қуйи табақа вакиллари ишлатган. Қадимда сополдан ясалган сув қувурларини ер остига кўмиб, сувни бир жойдан иккинчи жойга тоза ва соф ўтказиш учун фойдаланилган.

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида бу замин, унинг кентлари, мулки ва табиати хусусида бир қатор маълумотлар келтириб ўтган. Абу Райҳон Беруний “Қонуни Масъудий” асарида Зоминни бешинчи иқлим шаҳарлари қаторида кўрсатган. Экспозиция залида Аржа қишлоғи ҳудудида жойлашган Тўрткўлтепа шаҳристони тасвири туширилган стендлар жой олган.

Нумизматика бўлимида воҳа ҳудудидан топилган тангалар қўйилган. Экспонатларнинг асосий қисми сомонийлар, қорахонийлар ҳамда темурийлар даврига оид тангалардир. Ушбу давр тангалари санъаткорона дид билан ишланган суратлари, ёзувларнинг моҳирона жойлаштирилгани билан ажралиб туради. Тангаларни кўздан кечириб, Уструшона усталарининг бадиий маҳоратига таҳсинлар ўқимай илож йўқ. Улар юмалоқ шаклда, қайси даврда, ким томонидан зарб этилгани араб ҳарфлари билан ёзилган. Этнография бўлимида қадимги аёллар кийимлари, зеб-зийнатлари, уй-рўзғор буюмлари жамланган. Рангба-ранг матога ишланган нақш намуналари Зомин аёлларига хос бўлган чуқур маданият ва маънавиятдан сўйлайди.

Экспонатларга бой кандакорлик бўлими ҳам музейга ташриф буюрувчиларнинг эътиборига сазовор бўлиб келмоқда. Бу бўлимда мисдан ясалган буюмлар, XVII асрга оид офтоба ва самовар, мис лаган, XV-XVII асрларга оид темир чойнак, пиёла, косалар бор. Мис ва бронзадан ясалган идишлар қадимда ўзига тўқ бой ва зодагон оилалар хонадонларида кўпроқ ишлатилган бўлиб, оддий халқ сополдан ясалган уй-рўзғор буюмларидан фойдаланган.

Деворларда мафтункор Зомин табиати, “Қизил китоб”га киритилган ноёб ўсимликлар, паррандалар, судралиб юрувчилар оиласига мансуб бўлган ҳайвонот олами акс этган суратлар осилган. Зомин воҳасида учрайдиган доривор гиёҳлар, гуллар, ўсимликлар дунёси томошабинларни табиатни севиш ва асраб-авайлашга чорлайди.

Музейдаги осориатиқалар билан танишар экансиз, кўнгилни бир ҳис тоғлар каби юксалтиради: бу бизнинг тарихимиз, ўтмишимиз, кечмишимиз. Боболар, момолар, аждодларимиз тарихи. Ҳа, биз ана шундай — томирлари тошларни ёриб, келажакка бўй кўрсатган, асрлар силсиласи енголмаган, йиқолмаган даражада кучли, қадим ва буюк халқмиз.

Асолат АҲМАДҚУЛОВА тайёрлади.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan