Юртимизда инсон қадрини улуғлаш амалий ҳаракатларнинг бош мезони бўлиб, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, ёшларнинг камолоти учун зарур имкониятларни яратиш, кекса авлод вакилларини эъзозлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар тарбиясида унумли фойдаланиш, кексаларнинг ибратли ҳаёт йўлини кенг жамоатчилик орасида оммалаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, кекса отахон ва онахонларни ҳурмат қилиш, уларнинг меҳнатини улуғлаш, уларга муносиб ғамхўрлик кўрсатиш шарқона қадриятларнинг асосларидандир. Ана шундай эъзозга сазовор инсонлардан бири, Кўкдала туманида яшаб, фаолият юритиб келаётган “Дўстлик” ордени соҳиби, меҳнат фахрийси Мўмин бобо Соатовдир. Нуроний яқинда муборак 1000 ойлик умр маррасига етиб келди.
Мўмин бобо ўз ҳаётини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлаган фидойи устозлардан ҳисобланади. У киши кўп йиллар давомида ўқитувчи сифатида самарали фаолият юритиб, минглаб шогирдларга сабоқ берди. Унинг меҳнати, сабр-тоқати ва билимга бўлган садоқати натижасида жамиятимизга муносиб инсонлар етишиб чиқди.
Мўмин бобо Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Сарсон қишлоғида 1943 йил 1 январда — халқ Иккинчи жаҳон урушидан азият чекаётган оғир даврда туғилган. Отахон ўзининг “Умримнинг гултожи” асарида ўша давр воқеаларини эслаб, хусусан, шундай ёзади:
“Отам Сафаров Соат бобо муаллим, колхозда ферма мудири, ҳосилот, бригадир, раис муовини бўлиб ишласа ҳам, қорни нонга тўйиб-тўймай яшаган. Лекин бошқаларга қараганда сал илғорроқ эди. Онам, Абруйқулова Нозин ўқимишсиз бўлса ҳам, ўта тадбиркор, сариштали, кўпгина халқ достонлари, эртак ва мақолларни биладиган, қишлоқ аҳли кўп ҳурмат қиладиган она эди.
Онамнинг отаси, Абруйқул сарсон бой ҳам “қулоқ”лар рўйхатидан жой олиб, бор мол-мулки тортиб олинган. Ўзи хўрланган, ҳатто уйидаги бир “шамтик” гиламчаси қизил империянинг қишлоғимиздаги, қўшни қишлоқдаги “олғир кучукчалари” томонидан тортиб олинган. Ака-укалари фронтга кетиб, бедарак йўқолган.
Ўтмишни, ўтганларни эслаб, урчуқ йигириб, марсия айтиб, йиғлаб “жўқлаганида”опам, мен ҳам синглим қўшилиб йиғлар эдик, кўп йиғлар эдик”…
Мўмин бобо бошланғич таълимни қишлоқда тугаллаб, 1961 йилда Самарқанд давлат университетининг филология факультетига ўқишга киради. Маориф соҳасида иш бошлаб, ўқитувчи, илмий бўлим мудири, мактаб директори лавозимида меҳнат қилиб, 1992 йилда нафақага чиққан. Аҳамиятлиси, Мўмин бобо бугунги кунда ҳам ёшлар тарбиясига бефарқ эмас. У киши ўзининг бой ҳаётий тажрибаси, насиҳатлари ва дуолари билан ёш авлодни тўғри йўлга бошлаб келмоқда. Шу маънода, у инсон бутун умрини халқимиз келажаги — ёшлар камолотига бағишлаган, десак муболаға бўлмайди.
Бундай нуронийларимиз миллатимиз фахри, маънавий таянчи ҳисобланади. Соатов Мўмин бобога мустаҳкам соғлик, узоқ умр, оиласи ва шогирдлари ардоғида бўлиб, яна кўп йиллар эл-юртга хизмат қилишини тилаб қоламиз.
Қурбонназар Жумаев,
“Нуроний” жамғармаси
Кўкдала тумани бўлими
раиси.