ёхуд “погонсиз генерал” ибратлари
Мамлакатимизда эл-юрт манфаатлари йўлида фидойилик кўрсатиб, инсонларга юксак ибрат намунаси бўлиб келаётган халқпарвар инсонлар кўпчиликни ташкил қилади.
Қосимжон Сўпиев — истиқлолга қадар ва истиқлолнинг илк йилларида радио ва телевидениеда энг ўткир, энг долзарб умуммиллий, ижтимоий, маънавий-маърифий муаммолар ва уларнинг ечимларини ёритиб, халқимиз ва кўпсонли томошабинларнинг эътиборини қозонган, радио-телевидениенинг отахон, фидойи журналистларидан бири.
Отахоннинг туришлари шаҳдам, юз-кўзларидан қатъият ёғилади. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган навбатдаги ташаббус, яъни “Ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ва улар оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун Сенатнинг ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, маъқулланганлигидан ғоят мамнун эканликларини билдирдилар. Ҳақиқатан ҳам, ушбу қонунга кўра, узоқ йиллар давомида ҳалол хизмат қилган ҳарбий хизматчилар ижтимоий рағбатлантирилади. Масалан, календарь ҳисобида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган шахслар учун пенсияни ҳисоблашнинг энг юқори миқдори 75 фоиздан 100 фоизгача оширилади. Муҳими, мазкур ижтимоий кафолатлар фақат келгусида пенсияга чиқадиган ҳарбий хизматчиларга эмас, балки бугунги кунда пенсия олаётган, календарь ҳисобида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбий хизматчилар, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади.
— Пенсиялар 100 фоизга ошгандан кейин ватанпарварлик ҳам ошиши керак-да. Ҳаммаси рисоладагидек бўлиши, юртда яшаётган кекса фахрийлар қалбан ватанпарвар, миллатпарвар бўлишлари лозим, — дейдилар яна фахрий журналистимиз.
Отахон давлатимиз раҳбариятининг ушбу эътибори ва эътирофидан руҳланиб, бундан кейинги тадбирларда ҳам тажрибали журналист, ҳам фаол нуроний сифатида тизимдаги ислоҳотларга астойдил ҳисса қўшиш, янги лойиҳаларини тақдим этишга тайёр эканликларини маълум қилдилар.
Устоз журналист ҳақида мақола тайёрлаш мақсадида якшанба куни у киши билан кўришдик. У инсондаги камтарлик, самимийлик дастлабки лаҳзалардаёқ эътиборимни тортди.
Қосимжон Сўпиев билан суҳбатимиз мени собиқ иттифоқ даври ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг илк йиллари сари бошлади.
Аслида мустақилликнинг осон қўлга киритилмаганлигини ўтмиш сабоқларидан яхши англаймиз. Бу ҳақда тажрибали журналист Қосимжон Сўпиевнинг ўз ҳикоялари бор. У киши собиқ иттифоқ армиясидаги миллатчилик, айирмачилик каби ҳолатлар кўплаб ўзбекистонлик йигитларнинг ҳаётларига зомин бўлганини, уларнинг мурдалари солинган тобутлар устида ота-она, яқинларининг бағри қон бўлганини афсус-надомат билан эслади. Ўша кезларда Қосимжон Сўпиев муаллифлигида тасвирга олиниб, эфирга узатилувчи “Ой бориб, омон қайтмаган болам” кўрсатуви ота-ю оналарнинг ана шундай аччиқ фарёдларидан ҳикоя қиларди. Қосимжон ака афғон уруши, ундан ногирон бўлиб қайтган юртдошлари, таъбир жоиз бўлса, қуролдошларига астойдил ёрдам қиларди. Аввало, бу унинг инсонийлик бурчи, иккинчидан, у ҳам афғон уруши қатнашчиси, байналмилал жангчи эди.
— Афғон тупроғида аскарлар бир бурда нон учун ҳалок бўлиб кетган пайтлар бўлган, — дея эслайди отахон. — “Мардлар қўриқлайди Ватанни”, “Ватанимга хизмат қиламан!”, “Ватанпарвар” каби кўрсатувлар ўз-ўзидан дунёга келмаган. Уларнинг ўз яралиш тарихи бор, албатта. Фаолиятим давомида раҳматли Рўзмат Мадатов, Сойибжон Раҳмонов каби устозларимиз билан ушбу кўрсатувларни йўлга қўйганимиз, халқимизнинг севимли, интиқиб кутадиган теле-лойиҳаларига айлантирганимиз ёдимда…
Отахон журналистнинг “Карвон” номли кўп қисмли, “Оққушлар” номли бадиий-публицистик фильмлари, “Ботма, қуёш” номли бадиий-ҳужжатли фильми, “Шўравий” номли ҳужжатли фильми Туркия, Россия, Малайзия, Беларусь, Украина каби давлатларда ўтказилган халқаро бадиий ҳужжатли кинофестивалларнинг совриндори бўлиб, ўзбек халқи, ўзбек ўғлонларининг чинакам ватанпарлик фазилатларини дунёга намойиш этган. Ушбу фильмлар ўзбек, рус, инглиз, араб, форс ва европа тилларига таржима қилиниб, қатор мамлакатларда намойиш қилинган.
Ўзбекистонлик аскарларнинг аянчли ҳолати мамлакатда турли эътирозларни келтириб чиқара бошлаган бир вақтда Қосимжон Сўпиев давлат топшириғига асосан, ҳолатни ўрганиш бўйича комиссия таркибида Москвага боради. Ҳарбий қисмларда ҳолат жуда аянчли эканига гувоҳ бўлиб, юртга қайтаётганида, айнан улар учиб келаётган самолётда уч нафар ўзбек аскарининг тобутга жойланган мурдаси ҳам борлигидан хабар топади. Самолёт Тошкентга қўнганда, кечиктирмай видеолавҳага киришади. Ҳодиса бўйича кўрсатув тайёрлайди, бироқ уни теле-эфирда узатишга рухсат беришмайди. Шундай бўлса-да, у радиодан ўзи каби фидойи бир журналист ҳамкори билан бирга радиоматериал тайёрлайди. Аммо уни эфирга узатиш учун ҳам ўша даврдаги “ТУРКВО”дан рухсат олиш сўралади. Рухсат олгани борганида, масъул майорнинг ҳам “афғончи” экани маълум бўлади. Собиқ “қуролдошлар” жангу жадалларни эслашади. Кейин ўша ҳарбий хизматчи Қосимжон Сўпиевга материални эълон қилиш мумкинлиги бўйича хулоса бериб, муҳр босади. Шундан кейин “Ошкоралик” номли икки соатли радиолавҳа эфирга узатилади. Мамлакатда кутилмаган шов-шув юзага келади. Кейин эса… радиоэшиттиришни тайёрлаган “қаҳрамон”лар ишдан бўшатилади.
Орадан уч кун ўтгач, мамлакат миқёсидаги пленум бўлиб ўтади. Унда Ошкоралик қўмитаси раиси, шоир ва адиб Эркин Воҳидов нутқ сўзлайди. “Биз мамлакатни мустақил қилибмизу армияни мустақил қилмабмиз. Шу нарса ёдимиздан кўтарилибди. Болаларини 17-18 йил боқиб, эл-юрт хизматига сафарбар қилган оналарнинг гуноҳи нима эди?!” — дейди у ўз нутқида.
— Шу воқеадан сўнг бизни қайтадан ишга чақириб, улкан ишонч билдирилди, энди полигонларда ишлайсанлар, дейишди, — дея эслайди Қосимжон Сўпиев. — Уч кундан кейин эса Ўзбекистон армияси мустақил бўлди. Менга ҳалигача хатлар келади. Чунки ўша вақтларда бедарак кетган аскарлар бор эди. Афсуски, уларнинг тақдирлари ҳалигача номаълум қолган.
Қосимжон ота тиниб-тинчимас одам. Беларусь мамлакатида катта бир майдонга Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Собиқ иттифоқ қаҳрамони Ғулом Ёқубов номи берилди. Отахон элчихоналар билан ҳамкорликда ишламайдими, дарров ўрганиш ишларига киришади. Қаҳрамон тарихига оид фильм яратади. Тафсилотлар эса ғаройиб. Қарангки, бир оилада набира буғдой рангда туғилибди. Буни кўрган эркак аёлини хиёнатда айблайди. Аёл эса бундай эмаслигини айтади. Кейин улар Германия давлатига бориб, текширувдан ўтадилар. Аниқланадики, аввалги аждоди Марказий Осиёлик бўлган. Бобо — юртдошимиз, қаҳрамон Ғулом Ёқубов бўлиб чиқади. Қайтанга улар, айниқса, набира бундан қувонади. “Мен қаҳрамоннинг набирасиман!” — дея фахрланади.
— Қарангки, қон тортган жойга жон ҳам тортаркан, — дейди Қосимжон ота Сўпиев. — Бугун Беларусь тупроқларида қанчалаб ўзбекистонлик жангчиларнинг муборак хоки ётибди. Буларнинг барчаси биздан хулоса чиқаришни талаб қилади.
Журналист отахоннинг энг улуғ ва энг азиз байрам ҳисобланган мустақиллик айёми тантаналарига оид бир-биридан қизиқарли ва мазмунли теле-материалларни тайёрлаб, халқимизга манзур қилганлиги таҳсинга сазовордир. Айниқса, Андижон вилоятининг “Навоий” боғидаги улкан Семурғ қуши ҳайкали фонида бўлиб ўтадиган мустақиллик байрами шодиёналарини бутун мамлакат бўйлаб намойиш этишда Қосимжон Сўпиевнинг улкан хизматлари бор.
Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, муҳаррир Қосимжон Сўпиев 1956 йил 30 апрелда Андижон вилоятининг Асака туманида туғилган. Отахон бу йил 70 ёшга тўлдилар.
— Нуроний дегани пенсияга чиқиб, Ҳажга бориб келиб, оппоқ соқолини кўксига тушириб, оқ яктакда тўрида ўтириши керак, дегани эмас фақат. Балки янада фидойилик кўрсатиши, ёш авлодни ўз ортидан эргаштириши керак, — дейди отахон куюнчаклик билан. — Мана, энди ижод, изланиш, эл-юрт корига яраш вақти келди. Кексайдим дейишга ҳаққимиз йўқ. Бугун нуронийлар жамиятимизнинг барча соҳаларида ўз фаоллигини кўрсатмоқда. Эл-юрт фаровонлиги учун қўлни қўлга бериб, жойларда оқсоқоллар кенгашлари, онахонлар, бувижонлар мактаблари ўзларининг инновацион лойиҳалари билан чиқиб, ёшларни илмли, зиёли ва саодатли этиб тарбиялаш йўлида камарбаста бўлишимиз керак.
Қосимжон Сўпиев ҳақида ҳикоя қилганларимиз дарёдан бир ирмоқ. Ҳали матнга айлантирилмаган аудиоёзувлар турибди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев Қосимжон Сўпиевнинг фидойилиги, журъати-ю жасорати, ҳақиқат ва адолат, маърифат йўлида амалга оширган ишларини баҳолар экан, “Сиз погонсиз генералсиз!” — деган экан.
Бир сўз билан айтиш мумкинки, Қосимжон Сўпиевдек фидойи, эл-юрт корига камарбаста инсонларнинг ибратли умр йўли, ҳаётий сабоқлари ёшлар учун маърифат маёғига айланади. Қосимжон Сўпиевдан ибрат сабоқларини олган шогирдлари ҳам бугун нафақат мамлакатимиз, балки жаҳоннинг турли давлатларида фаолият юритиб, ўзбекнинг донғини дунёга таратмоқдалар.
Баҳодир Валиев.