Оламда юз берадиган ҳодисалар, инсонлардаги фавқулодда истеъдод ва ғайритабиий куч, одатда, табиий қонуниятлар билан ўлчанади. Бироқ шуниси ҳам борки, баъзан ғайритабиий куч омиллари инсон онги илғай олмайдиган ҳолатлар билан ҳам изоҳланади ва буни “илоҳий куч” деб аташади. Инсонга берилган фикр юритиш неъмати уни ҳамиша тафаккур қилишга, янги билимлар сари интилишга чорлайди.
Аслида, инсоннинг Яратганга бўлган иймони, Унинг ҳикматига ишончи ва ҳаётини эзгулик асосида қуришга интилишида илоҳий кучга бўлган ишончи намоён бўлади. Бу куч инсонни ёмонликдан қайтаради, сабр-қаноат, адолат, меҳр-оқибатга чорлайди. Қуръони каримда инсонга ақл ва тафаккур қилиш неъмати берилгани ва инсонлар ҳамиша фикр юритиши, оламни англашга интилиши зарур эканлиги бир неча бор такрорланади. Тафаккур орқали инсон билим олади, ихтиро қилади, жамиятни ривожлантиради.
Инсоният тарихида ўтган буюк сиймолар ана шу икки мезонга таяниб иш кўришган. Улардан бири соҳибқирон Амир Темурнинг давлатчилик тажрибаси, илмга муносабати ва маънавий қадриятларга таяниши илоҳий куч ва инсон тафаккури уйғунлигини англаш учун муҳим тарихий мисолдир. Амир Темур ўз даврининг мусулмон ҳукмдори сифатида ҳар қандай муваффақиятни фақат инсон кучига эмас, балки Аллоҳнинг иродаси ва марҳаматига ҳам боғлиқ, деб билган. Тарихий манбаларда у ғалабалари учун шукр қилгани, хайр-саховат ишларини қўллаб-қувватлагани, масжид, мадраса ва мақбаралар қурилишига эътибор қаратгани қайд этилади. Амир Темурнинг буюклиги фақат саркардалигида эмас, балки стратегик тафаккурида ҳам намоён бўлган. Унинг қарорлари кўпинча аниқ ҳисоб-китоб, тажриба, кузатув ва узоқни кўра билиш қобилияти асосига қурилган.
Инсоният тарихидги яна бир қомусий олим ва рассом Леонардо да Винчи ҳаёти ва ижоди ҳам инсон тафаккури кенгликларини намойиш этишга мисолдир. У коинот тартиби, табиат қонунлари ва яратилиш сирларини англашга интилади. Бу нуқтаи назардан қаралганда, Леонардо да Винчи мероси илоҳий куч ва инсон тафаккури ўртасидаги муносабат ҳақида чуқур мулоҳаза қилиш имконини беради. Леонардо да Винчи учун илм ва санъат бир-биридан ажралмас эди. У инсон танасини ўрганди, қушларнинг парвозини кузатди, сув ҳаракатини таҳлил қилди, осмон жисмларига қизиқди. Бу изланишларнинг барчаси табиатдаги қонунларни англашга қаратилган эди. Леонардо да Винчи мисолида юксак тафаккур инсонни табиат ва коинот қонунларини англаш сари етаклаши мумкинлигини кўриш мумкин.
Маънавиятсиз илм инсонни мақсадсизликка олиб бориши мумкин бўлганидек, илмсиз эътиқод ҳам турли нотўғри талқинларга сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсон юксак маънавият, чуқур билим ва мустақил тафаккурни уйғун ривожлантириши зарур.
Кушодбек Усмонов.