Ургутлик нуронийлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирган саёҳат
Мамлакатимизда кекса авлод вакилларини эъзозлаш, уларнинг мазмунли дам олиши, ички туризм имкониятлари асосида саёҳат қилишлари учун муносиб шароит яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги “2025-2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан бир гуруҳ фаол нуронийлар иштирокида Тошкент шаҳрига икки кунлик маърифий саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат муқаддас Зангиота зиёратгоҳидан бошланди. Азиз-авлиёлар қадамжосида қилинган дуолар, адо этилган ибодатлар иштирокчилар қалбига ўзгача завқу шавқ бағишлади.
Шундан сўнг саёҳатчилар пойтахтнинг диққатга сазовор масканлари — “Ғалаба боғи” ёдгорлик комплекси ҳамда Оқсарой мажмуаси билан танишдилар. Мустақиллик йилларида Тошкентнинг мутлақо янгича қиёфа касб этгани иштирокчиларни бирдек ҳайратга солди.
Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишув асрларга татигулик таассуротлар туҳфа этди. Миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий архитектура уйғунлигида бунёд этилган муҳташам иншоот нафақат ўз салобати, балки мазмун-моҳияти билан ҳам барчани мафтун этди. Гидлар ҳамроҳлигида марказ экспозициялари билан танишган нуронийлар ноёб қўлёзмалар, қадимий осориатиқалар, ҳужжатли фильмлар ва фотокўргазмалар орқали халқимизнинг кўп минг йиллик маънавий ва маданий тараққиёти ҳақида янада бой тасаввурга эга бўлдилар.
Экспозицияларда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси ёрқин акс эттирилган. Бу манзаралар ҳар бир иштирокчи қалбида чексиз ифтихор ва ғурур туйғуларини уйғотиши табиий, албатта.
— Ислом цивилизацияси марказидан бир олам таассуротлар билан қайтдим, — дейди нуроний Хўжамқул ҳожи Зокиров. — Бу ердаги ҳар бир экспонат, ҳар бир қўлёзма, ҳар бир тарихий ҳужжат аждодларимизнинг нақадар юксак илм-маърифат соҳиблари бўлганини намоён этади. Бу бой меросни кўриш инсоннинг ўзлиги ва миллат тарихи ҳақидаги тасаввурини янада бойитади.
Меҳнат фахрийси, гуруҳ раҳбари Шуҳрат Аҳмедов ҳам саёҳатдан олган таассуротлари билан ўртоқлашдилар:
— Мен талабалик йилларимда Тошкентда ўқиганман. Бугунги пойтахтимизни кўриб, таниб бўлмайди. Замонавий бинолар, гўзал хиёбонлар, обод масканлар Янги Ўзбекистоннинг улкан бунёдкорлик салоҳиятини намоён этади. Айниқса, Ислом цивилизацияси маркази юртимизнинг маънавий юксалиш рамзи сифатида ҳар бир ватандошимиз фахрланадиган масканга айланган.
Совғон қишлоғилик собиқ тарих фани ўқитувчиси Мелиҳуррам бобо эса саёҳатдан олган руҳий кучини шундай ифода этади:
— Амир Темур, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек, Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Ал-Хоразмий ва Ал-Фарғоний каби буюк зотларимиз мероси билан яна бир бор юзма-юз келдик. Бугун мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдевори барпо этилмоқда. Ишонамизки, келажакда юртимиздан дунё илм-фани ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган алломалар етишиб чиқади.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани тиклаш ва маънавиятни юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу йўлда нуронийлар ҳаётий тажрибаси ва маънавий мероси ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб қолаверади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Ургут тумани ҳокимлиги ҳамда “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ташаббуси билан ташкил этилган ушбу саёҳат иштирокчилар қалбида унутилмас хотираларга айланди. Улар нафақат пойтахтимизнинг бугунги тараққиётини ўз кўзлари билан кўрдилар, балки халқимизнинг буюк тарихи, бой маданияти ва юксак маънавий мероси билан яна бир бор танишиб, фахрланиш бахтига муяссар бўлдилар.
Қуддус АСКАРОВ,
“Нуроний” жамғармаси
Ургут тумани бўлими раиси.
Матлаб ҲАСАНОВ,
фахрий журналист,
меҳнат фахрийси.