Юртимизда давлат ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган марҳум инсонлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш эзгу қадриятларимиздан бири саналади. Шу маънода, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланганлар сафида таниқли журналист, шоир ва таржимон марҳум Карим Баҳриевнинг ҳам борлиги юртимиз жамоатчилигини беҳад қувонтирди. Боиси, ушбу эътироф истеъдодли ижодкорнинг миллий матбуотимиз, адабиётимиз ва таржима санъати ривожига қўшган улкан ҳиссасига берилган муносиб баҳодир.
Маълумот ўрнида келтириш жоиз, Карим Баҳриев 1962 йил 15 июлда Самарқанд вилояти Ургут туманининг Ғўс қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университети ҳамда Москва давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Турфа қиррали ижодкор ва жамоат арбоби сифатида у 1990 йилдан 1995 йилгача Ўзбекистон Олий Кенгашининг XII чақириқ депутати бўлиб фаолият юритди. Кейинчалик Олий суднинг “Хўжалик ва ҳуқуқ” ҳамда “Миграция ва хавфсизлик” журналларининг бош муҳаррири, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармасининг “Мерос-ньюс” ахборот хизмати раҳбари, Журналистлар уюшмаси жамоатчилик кенгаши раиси лавозимларида самарали меҳнат қилди.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Маърифат” газеталарида, “Жаҳон адабиёти” ва бошқа етакчи босма нашрларда жонбозлик кўрсатди. Юртимизда демократик тамойилларни қарор топтиришда муҳим ўрин тутган “Ҳуррият” газетасининг ташкил этилиши ва шаклланишига унинг илк бош муҳаррири сифатида катта ҳисса қўшди. Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси бўлган Карим Баҳриев умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Медиа ҳуқуқи ва этикаси кафедраси ўқитувчиси сифатида ёш кадрларга устозлик қилди.
Ижодкордан бой ва рангба-ранг адабий ҳамда илмий мерос қолди. У “Сабр косасининг синиқлари”, “Томчидил”, “Тоқат” шеърий китоблари, шунингдек, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари”, “Журналистнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулияти”, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари”, “Ҳақиқат талабгоримиз” номли илмий-оммабоп асарлар муаллифидир. Унинг “ОАВ ва сайловлар” (“СМИ и выборы”) қўлланмаси ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” сиёсий-ижтимоий китоби, “Медиа ҳуқуқи” дарслиги ҳамда “ОАВ қонунчилигидан 100 саволга 100 жавоб” қўлланмаси соҳа мутахассислари учун муҳим манбага айланди. Муаллифнинг “Бетоқат” китобида иқтисодиёт, адабиёт, журналистика, жамият ва маданият мавзуларидаги ўткир мақолалари жамланган бўлиб, уларда миллий мафкура, умуминсоний қадриятлар, рақамли иқтисодиёт, коррупцияга қарши кураш, сўз эркинлиги ва тил сиёсати масалалари теран таҳлил этилган.
Карим Баҳриев ўзбек таржима мактабини юксак босқичга кўтарган йирик таржимон эди. У Сенека, Платон, Вольтер, Монтен, Паскаль, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюйер каби жаҳон файласуфларининг асарларини она тилимизга маҳорат билан ўгирди. Генри Форднинг “Менинг ҳаётим”, Жорж Оруэллнинг “1984” ва “Молхона”, Малкольм Гладвеллнинг “Зукколар ва ландовурлар”, Светлана Алексиевичнинг “Чернобиль таваллоси”, Абдураҳмон Авторхановнинг “Кремль қироллиги” асарларини, шунингдек, Чингиз Айтматов, Дино Буццати, Жованни Папини, Коррадо Альваро ва Марчелло Вентури ижодидан намуналарни ўзбек китобхонига туҳфа этди. Уйғур шоири Темур Давоматнинг, озарбайжонлик машҳур ижодкор Рамиз Равшаннинг шеър ва достонларини юксак дид билан таржима қилди.
Адибнинг уч жилдлик “Дунё шеърияти” антологиясида дунёнинг 144 мамлакатидан қарийб 500 нафар шоирнинг асарлари жамланган бўлиб, бу ўзбек маданияти тарихида мисли кўрилмаган воқеа бўлди. Унинг машаққатли таржима меҳнати маҳсуллари “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлигининг бешта жилдидан ҳамда “Рус адабиёти дурдоналари” 100 жилдлигининг учта жилдидан муносиб ўрин олди. Карим Баҳриевнинг ёрқин хотираси, у қолдирган улкан маънавий хазина ва миллий матбуотимиз ривожи йўлидаги хизматлари эл-юртимиз қалбида мангу яшайди.