жаҳонда ва Ўзбекистонда вазият қандай?

Иқлим ўзгариши, чўлланиш, яшил майдонларнинг қисқариши глобал муаммолардан бўлиб турибди. Бу одатдаги муаммоли вазиятлардан фарқли равишда умумжаҳон миқёсида чора-тадбирларни дарҳол амалга оширишни талаб қилмоқда.

Мазкур экологик муаммоларга мувофиқ ечим топиш мақсадида 17 июнь санаси дунё миқёсида Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни сифатида белгиланган. Бугунги кунда чўлланиш фақат саҳро ҳудудларининг кенгайиши эмас, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, сув таъминоти ва аҳоли саломатлигига таҳдид солаётган глобал муаммо сифатида қаралмоқда. Мутахассисларнинг қайд этишича, қурғоқчилик ва чўлланишнинг асосий сабаблари қаторига иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш, ўрмонларнинг қисқариши, ерларнинг ортиқча ишлатилиши ҳамда яйловлардан меъёридан ортиқ фойдаланиш киради.

Сўнгги йилларда дунёнинг кўплаб ҳудудларида қурғоқчилик кучайиб, миллионлаб инсонларнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. БМТ маълумотларига кўра, қуруқ ҳудудлар Ер юзасининг учдан бир қисмидан ортиғини эгаллайди. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили қарийб бир миллион квадрат километр унумдор ер деградацияга учрамоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги, сув захиралари ва биологик хилма-хилликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон учун ҳам мазкур масала долзарб ҳисобланади. Айниқса, Орол денгизи фожиасидан кейин юзага келган Оролқум ҳудуди Марказий Осиёдаги энг йирик экологик муаммолардан бирига айланди. Шамол орқали тарқалаётган туз ва чанг нафақат атроф-муҳитга, балки аҳоли саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, сўнгги йилларда  қуриган денгиз тубида саксовул ва бошқа чўл ўсимликларини экиш ишлари амалга оширилмоқда. Бундай яшил қоплама тупроқ эрозиясини камайтириш ва чанг кўчишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Мутахассислар Ўзбекистонда ҳароратнинг ошиши ва сув танқислиги хавфи кучайиб бораётганини таъкидламоқда. Айрим тадқиқотларда мамлакатда ўртача ҳарорат глобал кўрсаткичдан тезроқ суръатларда ортаётгани қайд этилган. Бу эса қурғоқчилик хавфини янада кучайтиради. Жаҳон тажрибасида қурғоқчиликка қарши курашнинг бир неча самарали усуллари мавжуд. Улардан бири “яшил шаҳарлар” концепциясидир. Масалан, айрим Европа шаҳарларида дарахтзорлар майдони кенгайтирилмоқда, том ва деворларда яшил қопламалар барпо этилмоқда, ёмғир сувларини йиғиш тизимлари жорий қилинмоқда. Натижада, шаҳарлардаги иссиқлик даражаси пасайиб, ҳавонинг сифати яхшиланмоқда. Иқлим ўзгаришининг таъсири айрим мамлакатларда кундалик ҳаёт тарзини ҳам ўзгартириб юбормоқда. Масалан, Австралиянинг машҳур Cообер Педй шаҳарчасида аҳоли жазирама иссиқдан сақланиш учун ерости турар жойларида истиқомат қилади. Ёз ойларида ҳаво ҳарорати 45-50 даражагача кўтарилиши мумкинлиги сабабли, ерости иншоотлари қулай яшаш муҳитини яратади. Бу ҳолат иқлим ўзгаришига мослашишнинг ноодатий намуналаридан бири сифатида кўрилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, қурғоқчилик ва чўлланишга қарши кураш фақат ҳукуматларнинг вазифаси эмас. Сувдан оқилона фойдаланиш, дарахт экиш, яшил ҳудудларни асраш ва экологик маданиятни ошириш ҳар бир фуқаронинг масъулиятидир. Чунки бугун табиатни асраш йўлида қилинган ҳар бир саъй-ҳаракат эртанги авлоднинг яшаш шароитига бевосита таъсир кўрсатади.

Умиджон Эшпўлатов.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan