Дўстларим бўлсинлар омон, бошига дард қўнмасин,
Шодлигидин шодумон ул кўнглига гард қўнмасин.
Яхшилар йўлдош бўлиб, етсин муродига тамом,
Нокасу номард сабаб кўксига ҳасрат қўнмасин.
Таъна-ю дошном сели оқизмасин кўз ёшларин,
Ақрабодин айрилиб, бағрига ғурбат қўнмасин.
Бошга келса ҳар балоким, нафсу тил бўлғай боис,
Суҳбати нодон бирла сўзига иллат қўнмасин.
Ақлу ҳушдан айрига келгай пушаймонлик тайин,
Сабрига айлаб ситам бошига миннат қўнмасин.
Тақдирида бор эрса гар йўқу бор келгай сўраб,
Алданиб ҳой-ҳавасга чашмига зулмат қўнмасин.
Дўсту ёр сидқи билан Суюндик кўнгли ободким,
Бу жаҳон айвонида унга надомат қўнмасин.
Суюндик Мустафо Нуратоий,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
“Дўстлик” ордени соҳиби.
Келмагунча
Қўл узатсанг ошга етмас,
Меҳнат қилиб топмагунча.
Дўст қадрини билмас нодон,
Душман жабрин тотмагунча.
Ҳаёт завқин билмас одам,
Мажнун мисол суймагунча.
Ёр нелигин сезмас юрак,
Ишқ ўтида куймагунча.
Гул қадрини булбул билмас,
То чаманга етмагунча.
Баъзи одам пушмон қилмас,
Чин оламга кетмагунча.
Қариндошнинг афзаллигин,
Билмас ёлғиз қолмагунча.
Дуоларнинг қувват-кучин,
Сезмас одам олмагунча…
Даврон Низом, ижод айла,
Токи девон тўлмагунча.
Байтларингда маржон сўзлар —
Юлдуз бўлиб кулмагунча.
Даврон Низом.