Олам — биз учун сир-синоат ва мўъжизаларга тўла ҳад-ҳудудсиз бир макондир. Инсон — мавжудотлар олийси, у онгу тафаккури билан бошқа жонзодлардан ажралиб туради. Шундай бўлса-да, одамзод, ўрни келганда, митти жонзотлардан ҳам ибрат олади. Ҳаёт маъносини уқади. Хулосалар чиқаради.
Ана шундай меҳнаткаш, инсониятга фойда келтирувчи жонзодлардан бири асаларидир. Унинг айрим ибратли хусусиятлари барчамизни ҳайратда қолдиради, албатта.
- Асалари фақат тоза ва покиза гуллардан озуқа олади. Яъни у ҳалол ва пок манбани танлайди.
- Асалари аввал гулни чанглатади, кейин ундан озуқа олади. Яъни “олишдан олдин бериш керак” қонунига амал қилади.
- Асалари гулга бутун вазнини ташламайди. У қанот қоққан ҳолда озуқа олади. Яъни бошқаларга юк бўлмайди, ўзи ҳаракат қилади.
- Асалари шериги озуқа олаётган гулга тегмайди. Яъни бировнинг ризқи ва меҳнатига аралашмайди.
- Асалари махсус рақс орқали янги озуқа манбасини бошқаларга хабар қилади. У бахиллик қилмайди, фойдали маълумотни бошқалар билан бўлишади.
- Бир қошиқ асал тайёр бўлиши учун юзлаб асаларилар тинмай меҳнат қилади. Аммо шунча меҳнат қилса-да, миннат қилмайди.
- Асалари озуқа излаб кун бўйи катта масофаларни босиб ўтади. У баҳона қилмайди, ризқи учун ҳаракат қилади.
- Асалари ўз уясини ҳимоя қилиш учун жонини ҳам фидо қилишга тайёр. Яъни у ўз жамоаси ва маконига содиқ.
- Бир уяда ўн минглаб асаларилар бирга яшайди. Улар жамоа бўлиб ишлайди, бир-бирини қўллаб-қувватлайди.