нималарга эътибор бериш керак?

Баҳор келиши билан инсонлар организмида ҳам моддалар алмашинуви тезлашади ва одамда витаминларга бўлган эҳтиёж ошади. Витаминлар моддалар алмашинувида, ҳужайра ва тўқималарнинг ўсиши ва қайта тикланишида, организмнинг касалликларга қарши курашишида фаол   иштирок этади.

Бу йилги баҳорнинг илк кунлари юртимизда Рамазон ойига тўғри келгани боис, тананинг тозаланиши жараёнида витаминларга бўлган эҳтиёж янада кучайишини эътиборга олиш зарур.

Баҳорда  шифокорлар ялпиз, исмалоқ, жағ-жағ ва бошқа кўкатлардан тайёрланган таомларни тавсия этишади. Кўкат ва сабзавотлар истеъмол қилиш танада моддалар алмашинуви, ошқозон-ичак тизими ишининг яхшиланиши ва яна бошқа аъзоларнинг иш фаолиятини тартибга солади.

Халқимиз қадимдан баҳорда сумалак ва ҳалим  тайёрлаб, дастурхонга тортади. Буғдой ва гўштдан тайёрланган бу таомлар витаминга ниҳоятда бой. Ҳалимнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у оқсилга жуда бой бўлиб, организмга тез сўрилади. Киши танасини озуқавий моддалар билан тўйинтиради.

Баҳор фаслида тўйиб истеъмол қилинган маҳсулотлар йил давомида бизга куч-қувват, дармон бағишлаб туради. Саҳарлик ва ифторлик дастурхонимизда баҳорги таомлар — сумалак, ҳалим, кўкатли таомлар бўлиши жуда муҳим.

Сумалак кўкламнинг шифобахш анъанавий таоми бўлиб, у қонни тозалайди, жисмни тетиклаштириб, куч-қувватни оширади. Немис олимлари буғдойда токоферол моддаси борлигини аниқлашган ва у женшень таркибида учрайдиган Е витаминининг ўзгинаси эканини исботлашган. Олимлар таъкидлашича, сумалак гипертония, гепатит, буйрак, меъда-ичак хасталикларига яхши даво бўлиб, кон таркибини яхшилаб, меъда-ичак фаолиятини меъёрга келтиради, асабни тинчлантиради, яхши ухлатади. Саҳарлик дастурхонида сумалак бўлиши кун давомида инсонни тўқ тутади ва керакли витаминлар билан тўйинтиради.

Ҳалим тайёрлашда буғдой, гўшт, ўсимлик мойи ишлатилгани сабабли бу таом оқсилга жуда бой. Оқсил эса инсон организмида “курилиш материали” вазифасини бажаради. У организмнинг касалликларга қарши курашиш қобилиятини оширади. Халқ табобатида ҳалим таркибидаги экстрактив моддалар меъда-ичак, марказий асаб тизими, мия, юрак фаолиятини яхшилашга ёрдам бериши исботланган. Бу таом ҳам, албатта, саҳарлик дастурхонига тавсия этилади. Ифторликда ҳалимни имкон қадар истеъмол қилмаслик лозим, сабаби, у секин ҳазм бўлади.

Баҳорий кўкатлар таркибида турли хил витаминлар, оқсил, эфир мойлари, кислоталар, темир, рух, фосфор, калий, кальций, магний каби элементлар ва бошқа биологик моддалар бор. Ялпиз, жағ-жағ, исмалоқ, отқулоқдан тайёрланган сомса, чучвара, мантининг саҳарлик таомномасида бўлиши қувватингизни оширади. Ифторлик дастурхонига эса шивит, кашнич, редиска, кўкпиёз солинган қатиқ тавсия этилади. Гулкарам, бодринг, помидор қўшилган салатлар ҳам фойдали.

Айниқса, иссиқ кўкатли сомсага етадигани йўқ. Тандир оташида пишадиган ушбу таом инсон организми учун қувватбахшдир. У дармон бағишловчи, қабзиятдан холи этувчи, кўзни равшанлантирувчи, кексаларга мадор, ёшларга қувват берувчидир.

Майсара Назарова тайёрлади.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan