Ўзбекистон жаннатмакон ўлка, тупроқлари зар, суви эса гавҳар. Бу юртда яшаб ўтган улуғ инсонлар дунёнинг тамаддун бешигини тебратган, десак, асло муболаға бўлмайди. Узоқ йиллар “Нуроний” жамғармасининг Фарғона вилояти бўлими раиси вазифасида меҳнат қилган фидойи инсон, устоз Топиболди Холдаров ҳам ўзбекнинг оддий, аммо қалби дунёлардан кенг, ҳиммати баланд фарзанди эди.

Топиболди Холдаров 2000-2009 йилларда  Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Фарғона тумани бўлинмаси раиси, 2009 йилдан 2021 йилнинг август ойи — умрининг охирига қадар Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Фарғона вилояти бўлими раиси лавозимида фаолият юритиб, халқимизнинг маънавияти ва маърифатини юксалтириш, нуронийларни қўллаб-қувватлаш, саломатлигини муҳофаза қилиш  йўлида фидойилик билан хизмат қилган. 2010 йилда Халқ депутатлари  Фарғона тумани Кенгаши, кейинчалик  Фарғона вилояти Кенгаши депутати, 2019-2021  йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида фаолият олиб борган.

Унинг, айниқса, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли билан учрашиб, уларнинг дарду ташвишини эшитган ҳолда, ёрдам беришга ошиқиши  ноёб фазилатларидан бири эди. Масалан, 2020 йил август ойида унинг ташаббуси билан “Янги йўл” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1920 йилда туғилган, 100 ёшга кирган якка-ёлғиз нуроний Жаннат она Ҳусанованинг 100 ёшли юбилей тўйи  ўтказиб берилди. “Тўйга қуш қанотини қоқади” деган нақл бежиз айтилмаган. Кутилмаганда туманда гастролда бўлган  Республикада хизмат кўрсатган санъаткорлар — Дилбар Раҳматова, раҳматли Фатхулла Маъсудов, Мадина Мухторова, Саида Раметовалар ташриф буюриб, тадбирни кўтаринки рухда ўтказишга ҳисса қўшишганди ўшанда.

Топиболди Холдаров, чинакам маънода, матонат ва жасорат соҳиби эди. У ўз эзгу мақсадига эришгунча ҳеч қандай тўсиқдан чўчимади, жуда кўп инсонлар билан танишди, уларнинг дардини эшитди, муаммоларини бартараф этишга харакат қилди, кишиларга яхшилик йўлида тўғри йўл кўрсатди.  Ёшларга одамийлик, инсонийлик сабоқларини ўргатди. Юзлаб шогирдларга устозлик қилди. Шогирдларига одамларни муаммолар гирдобида ташлаб қўймасликни, ҳар бир муаммони ҳамжиҳтликда бартараф этишни уқтирарди.

Топиболди Холдаров 1942 йилнинг 1 февралида Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларидан бири — Фарғона вилояти Фарғона туманининг тоғли Ёрдон қишлоғида ишчи-деҳқон оиласида таваллуд топган. Отаси Холдар Сотиболдиев 1896 йилда туғилган бўлиб, тумандаги “Ҳакимзода” номли деҳқон хўжалигида ишлаган. Онаси — Доринисо Сотиболдиева  уй бекаси эди. 1942 йил — Иккинчи жаҳон уруши даврида Холдар бува ишчи батальонга хизматга кетган ва 4 нафар фарзанд тарбияси Доринисо буви зиммасига тушган.

Топиболди ота фарзандлар ичида энг кичиги эди. Доринисо буви болаларини ёшлигидан меҳнатга ўргатди. Тоза-покиза, тартиб-интизомли бўлишни уқдирди. Уларнинг кичкинагина уйлари ҳамиша саранжом-саришта турар, фарзандлар онанинг ундови билан илм олишга интилишарди. Доринисо буви фарзандлари билан  биргаликда картошка, сабзавотлар етиштирар, чигит экишдан бошлаб, пахта йиғим-теримида ҳам  қатнашар, ўрик пишиғида боғларнинг меваларини териб қуритар, данагини ажратиб, чақиб, қишга сақлаб қўйишар, узоқ боғлардан олма, ёнғоқ териб келиб, қишга ғамлашар, шу тариқа очарчилик йилларининг қийинчиликларини енгишга ҳаракат қилишарди.

Отаси Холдар Сотиболдиев хизматдан қайтгач, “Ҳакимзода” колхозида ишини давом эттирди ва оила аъзолари яна жам бўлишди. Топиболди ота 7 ёшга кирганда, укаси Сирожиддин туғилди. Опалари ва акаси қатнаган 1-сонли умумий ўрта таълим мактабига ўқишга кирди. Зеҳни ўткир, илмга чанқоқ, тиришқоқ Топиболди барча фанларга қизиқиб, китоблар кам бўлса-да, уларни ўқиб, математика, она тили ва адабиёти, кейинчалик эса рус тили, тарих, география фанларини аъло даражада ўзлаштирди. Ана шундай пайтда оилада фожиа рўй берди, Сирожиддиндан кейин туғилган  Эркинжон ва Машҳурахон кетма-кет бетоб бўлиб, вафот этишди. Шундан сўнг Доринисо аянинг ҳам саломатлиги ёмонлашиб, 40 ёшида оламдан ўтди.

Уй юмушлари Топиболдининг опаси Қимматхон зиммасига тушди. Қимматхон 2 ёшли Сирожиддин ва 8 ёшли Топиболдига бор меҳрини бериб, парваришлай бошлади. Бироқ уни Ёзёвон туманига узатишгач, кичик Сирожиддинга қараш ҳали ўзи ёш бола бўлган  Топиболдининг зиммасига ўтди. Қимматхондан кейинги қиз — Бувихон колхозга дадасига ёрдамга чиқиб кетганди.  Топиболди ҳар куни укасини опичлаб, мактабга борар эди. Сирожиддин ёш бола бўлганлиги сабаб, бир жойда турмас, типирчилар, кўчага интилар, қайсарлик қиларди. Аммо ака сифатида у укасининг барча инжиқликларига чидар, авайлаб қарарди…

Холдар ака ҳар куни эрталабки нонушта учун Топиболдига Ёрдондаги дўкондан 6 та оқ қандга яраша пул берар, болакай укасига ширинчой  қилиб бериб, овутарди. Аммо кунлардан бир куни Топиболди дўконга борса, сотувчи текширувчи келиб қолганини, қанд беролмаслигини айтади ва уни дўкондан чиқиб кетишга мажбурлайди. Топиболди роса ялинади, илтимос, укам ширин чой ичмаса, мактабга бормайди, деб тушунтирса хам, сотувчи барибир унга оқ қанд бермайди. Ўшанда дўкондан йиғлаб чиқиб кетаётган Топиболдининг кўнглидан шундай кечинма ўтган эди: “Ҳали катта бўлсам, ўқиб, сендан ҳам каттароқ ишда ишлаб, ёнингга салом бергани келаман!”.

Кейинчалик Холдар ака фарзандларининг қийналганини кўриб, бошқа аёлга уйланди. Бироқ у аёл болаларга меҳр кўрсатмайди. Бир куни ишдан қайтган Холдар ака аёли фарзандларини қаттиқ уриб-сўкаётганини кўриб,  уни уйига олиб бориб қўяди.

Қийинчилик ва очарчиликка қарамай, Топиболдининг қалбида меҳрибон онасининг сути билан сингиган, она алласидан бошлаб шаклланган  ватанпарварлик туйғуси, Ватанига бўлган муҳаббати бутун ҳаёти давомида кучайиб борди. У 8-синфга кўчганида Самарқанд шаҳрида жойлашган  кооператив билим юртига ўқишга киришга аҳд қилди. Бир йил давомида тоғлардан ўтин тўплаб, уни эшак аравада Шоҳимардонга олиб бориб сотиб, ўрикзорларда тўкилган ўрикларни териб-қуритиб, сотиб, ўзига йўлкира учун пул тўплади ва 1961 йилда 8-синфни битириб, Самарқанд шаҳрига йўл олади. Пиёда, эшак аравада, юк ташийдиган катта “Зил” машинаси ва автобусда шаҳарга етиб борди. Шу тариқа Самарқанд кооператив билим юртининг кундузги бўлимига ўқишга қабул қилинади. Топиболдига ётоқхонадан жой берилади. У ғайрат билан билим олишга киришади. Мактаб даврида ўрганолмаган фанларини чуқур ўзлаштиради, дунёқараши кенгаяди, мактаб даврида рус тилини яхши ўзлаштиргани қўл келади. Устозлар, курсдошлар орасида тиришқоқ, киришимли, тартибли ва чиройли хулқли Топиболди нафақат ўқишда, балки пахта теримида ҳам илғор теримчилардан бўлиб танилади.

Топиболди Холдаров Самарқанд кооператив билим юртини тамомлаб, диплом олгач,   Фарғонага қайтади ва Фарғона тумани матлубот жамиятида иқтисодчи, ҳисобчи бўлиб ишлайди. 1966 йилда  Тошкент кооператив билим юртини битириб келган турмуш ўртоғи Холдарова Зояхон билан турмуш қуради. Гўзал, серғайрат, жонкуяр, меҳрибон ва иродали Зояхон билан ўз меҳнати, шижоати билан  Топиболдининг чинакам маслакдошига айланади.

1973 йилда Топиболди ота Самарқанд кооператив институтига ўқишга киради. Кўп ўтмай, Фарғона вилоятига ишга ўтади. Фарғона  вилоятида матлубот жамияти бош иқтисодчиси, раис ўринбосари, бўлим бошлиғи лавозимларида ишлайди.

1974 йилда  Холдаровлар оиласига Фарғона тумани Водил қишлоғидан ер участкаси берилади. Ана шу 8 сотихли ҳовлида Топиболди ота ва Зояхон ая  4 нафар фарзанд —  уч қиз ва бир  ўғилни чиройли тарбиялаб, вояга етказдилар. Ҳовлига чинор кўчатлари, мева-сабзавот, баҳорий, эртанги экинлар етиштирадилар.  Томорқани бегона ўтлардан тозалаб, помидор, булғор қалампири, қалампир, бақлажон ва бошқа сабзавотлар экишда ота-она ўзлари бош бўлишар, болалар ҳам уларга ёрдамлашишарди. Ҳовлини райҳону жамбил, кашничу турфа кўкатлар ифори тутиб кетарди. Топиболди ота фарзандларига: “Дунёни гўзал қилиш учун дунёни эмас, ўзингиз яшаётган жойни, ўзингизни ва қалбингизни ўзгартиринг”, дерди.  Қизларига кичкиналигидан Наврўз, Ҳайит байрамларида атлас кийимлар олиб бериб, бошларига дўппилар кийдириб қўярди. Ўзининг бошидан ҳам дўппи тушмас эди.

Топиболди Холдаров умри мобайнида миллат келажаги — бугунги авлод бахт-саодати, юрт фаровонлиги учун ёниб,  юракдан меҳнат қилди. Ўзи ва бошқаларга олтин қоидаларга амал қилишини, ғийбат қилмаслик, араз-гина сақламасликка даъват қилар,  болаликдан оилаларда маърифий суҳбатлар олиб боришни, бошқаларни ҳурмат қилиш, ташаккур билдиришни, ҳаром ризқ ва бировнинг ҳақини оилага киргизмасликни фарзандларга ёшлигидан ўргатишни уқдирарди.

Топиболди ота  2021 йилнинг 22 августида оламдан ўтдилар. Ҳозирда оилани унга умри мобайнида елкадош, иссиқ-совуқ кунларида сафдош бўлган, янги ютуқ ва зафарларини қўллаб-қувватлаган оқила, мехрибон, самимий ва меҳнаткаш инсон — Зояхон ая бошқармоқдалар.

Албатта, фидойи меҳнат ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди. Юксак эътироф билан юртдошларимиз меҳрига сазовор бўлган, халқимиз маънавияти ва маърифати йўлида самарали хизмат қилган   Холдаров Топиболди ҳожи ота 2016 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Ёрбек Тиллабоев,

“Нуроний” жамғармаси

Фарғона вилояти бўлими

бош мутахассиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan