Бу воқеага анча йиллар бўлди. Туман рўзномаси таҳририятида меҳнат қилаётган пайтларим Хатлар билан ҳам ишлардим. Бир куни қирқ ёшларга бориб қолган одам рухсат сўраб, хонамга кирди. Уни ўтиришга таклиф қилиб, ҳол-аҳвол сўрадим.
— Газетангизда эълон бермоқчи эдим, — деди у қимтиниб.
— Велосипедда кетаётиб, йўлдан елим халта топиб олдим. Унинг ичида катта миқдорда пул бор экан. Кимдир тушириб қўйган бўлса керак…
Унга назар ташлаб, яхши тарбия олган, ҳалол инсон эканлигини ҳис қилдим.
— Раҳмат сизга, қани эди, ҳамма ҳам сиздек бўлса, энди сиз пулнинг миқдорини ҳеч кимга айтманг, ҳатто менгаям, — дея маслаҳат бердим. Уй манзилини сўраб олдим.
— Эълонни қачон чиқарасиз? Уйда саксон ёшли дадам бор. У жуда безовта бўляпти. Пулини йўқотган одам жуда қийналаётгандир, тезроқ эгасини топиш чорасини кўр, болам, деяпти. Ҳатто газетага эълон беришниям у киши тайинлади, — деди безовталик билан.
— Бундай эълонларни навбатсиз берамиз, кейинги сонда, албатта, чиқарамиз. Эгаси топилганда, сизни ҳам, уни ҳам тахририятга чақирамиз, савол-жавобларингизни эшитиб, биргаликда хулоса чиқарамиз…
Орадан кўп ўтмай, хонамга тушкун кайфиятдаги эллик-эллик беш ёшлар атрофидаги бир киши кириб келди:
— Пул йўқотгандим, эълонингизни ўқидим, балки ўша пуллар меникидир, — деди умид тўла кўзлари жавдираб.
— Эрталаб учрашайлик, мен пул топган йигитни чақириб қўяман,— дедим унга жавобан.
Ўша куни хонамга таҳририят ходимлариниям бир зумга таклиф қилдим.
— Ўғлимни уйлантирмоқчи эдим, бозорда ҳўкиз сотиб, пулларни елим халтага жойлаб, велосипеднинг орқа қисқичига қўйиб келаётган эдим. Уйга етгач, қарасам, халтача йўқ, ортимга қайтиб бориб, пулни топа олмадим, —деди пул йўқотган киши.
— Қанча боғлам, қанча пул эди? — сўради пул топиб олган киши.
— Ўн боғлам, жами 300 минг сўм эди, — жавоб берди йўқотувчи.
— Пуллар нима билан боғланган эди? — сўради яна пул топган одам.
— Қора ип билан, – жавоб берди у.
Пул топиб олган одам сумкани столнинг устига ағдарди. Манзара ва ҳолат пул йўқотган одамнинг кўрсатмалари билан бир хил эди.
Ҳаммамиз қувондик!
Пулидан айрилган кишининг кўзлари қувончдан порлаб кетганди.
У кела солиб, нажоткорини бағрига босиб кўришаркан, тинмай раҳмат айтар, кўзларида эса беихтиёр ёш милтилларди.
Эркин Эрматов,
Ўзбекистон Журналистлар ва
Ёзувчилар уюшмалари аъзоси.